Саховатпеша инсонлар ҳам кўкрак нишон билан тақдирланади

Бугунги кунда, коронавирус пандемияси бутун дунё бўйлаб тарқалишда ҳамон давом этмоқда. Ҳар куни дунёда ва мамлакатимизда коронавирус касаллигининг тарқалиши ҳамда унинг олдини олишга қаратилган кескин чоралар кўрилмоқда. Халқини, келажагини ўйлаган давлатлар қанчалик қийин бўлмасин, карантин қоидаларини жорий қилиб, жиловни қўлга олмоқда. Мамлакатимизда қарийб икки ойдирки, Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуси билан жуда катта куч сарфарбар қилиниб, қанчалик оғир бўлмасин, нима шароит яратиш зарур бўлса, барчасини қилинмоқда. Бу пандамияга агар эътиборсизлик қилинса, қанчалик хавф туғришини шифокор сифатида яхши биламан. Шу боисдан коронавирус пандемиясига қарши курашини бир лаҳза ҳам тўхтатмаслигимиз керак. Бу одамларимиз, аҳолимизнинг соғлиғи, ҳаёти билан боғлиқ ўта муҳим масала.

Бутун халқимиз бирлашиб, Уйда қолинг шиорига қаттиқ амал қилди. Бу билан нафақат ўзини балки бутун жамият барқарорлигини таъминлашга хисса қўшди. Ҳа,бу йил оғир келди. Йил бошида бошланган коронавирус, ундан кейин Бухоро, Навоий вилоятларида кучли табиий офат рўйберди. Энди, ҳудудлар инфратузилмасини яхшилаш учун чоралар кўрилаётган бир пайтда, Сардоба сув омбори фожеаси қаршисидан чиқдик. Халқимиз ирода мустаҳҳкам. Бу синовларни мардонавор енгиб ўтишига шубҳа йўқ.

Қанчадан-қанча одамлар уйсиз, жойсиз қолган эди. Қишлоқ хўжалиги экинларини айтмайсизми? Эҳ-ҳе, талофатдан етган зарарлар миллиардлардан ошиб кетса керак. Сув омборини қуриш жараёнлари ҳам осон кечмаган эди. Ўйлаб кўринг, уч хонали уй солиш учун қанча маблағингиз,вақтингиз ва умрингиз кетади. Бу омборни қуришдан мақсадимиз катта эди. Қўшни ҳудудларда пахта, буғдой ва бошқа экинларга сув айнан шу омбордан етказилаётган эди.

Сардоба бир кунда хонавайрон бўлди. Сариқ чақасиз қолган аҳолини ҳеч ким эътибордан қолдирмади. Ҳозиргача саховатпеша инсонлар қалб амри билан сардобалик қийналиб қолган оилаларга меҳр улашмоқда. Асрлар давомида шаклланган меҳр-мурувват, саховат кўрсатиш, кўнгли ўксик инсонларни холидан хабар олишда тадбиркорлар бош-қош бўлишди.

Коронавирус пандемиясининг келтираётган зарарини айтмайсизми? Аҳолининг ишлай деса, корхона ва заводлар, цехлар, хизмат кўрсатиш обеъктлари тўхтатилган. Бундай шароитда биринчи навбатда ижтимоий ҳимояга муҳтож, ишсиз қатлам кўпроқ жабр кўради. Тасавввур қилинг, бир миллоиндан ортиқ фуқаролар бир марталик ишлар билан банд эди. Мавсумий ишларда ҳам икки миллионга яқин аҳоли меҳнат қилаётган эди. Уларга жуда қийин бўлди, оғир аҳволда қолди.

Шундай вазиятда муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан аҳолимизнинг ёрдам ва кўмакка муҳтож қатламларини аниқ, манзилли асосда қўллаб-қувватлаш мақсадида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ҳақидаги ташаббусни халқимиз, жамоатчилигимиз кўтаринки руҳда, қизғин кутиб олди. Очиғи саховатпеша инсонлар кўп экан. Кимдир озиқ-овқат, кимдир дори-дармон, ҳатто, озгина имкони борлар ҳам савоб йўлида уйидаги чорвасигача сотиб, қийналган инсонларга ёрдам бермоқда. Сайловчиларимни муаммолари билан қизиқиб,округимда бўлганимда бунга амин бўлдим. Ёши 60 ёшлар атрофида отахонни йўлда учратдик. Оиласи ўртахол, зиёли оилалардан экан. Маҳалла раисларидан бири, шу отахон ўғлини тўйига боқаётган наввосини сотиб, маҳалламиздаги қийналиб қолган оилаларни озиқ-овқат билан таъминлаганини айтди. Аслида, саховат кўрсатиш ҳар кимнинг ҳам дилига солмайди. Ориятли, қалби пок, қоибатли, имони бут инсонлар амалидир. Мана шундай инсонлар халқимизни чинакам мурувватли эканлигини исботлайди. Бундай самимий, меҳр-мурувватли инсонлар минглаб эҳтиёжмандларни руҳини кўтармоқда, уларнинг бошига иш тушган қийин дамларда елкадош бўлмоқда. Бир-бирига эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш каби энг олижаноб фазилатлар халқимизнинг юрагида, қалбида азалдан мужассам. Фақат бугун ушбу интилишлар янада кучлироқ жўш уриб, юзага чиқмоқда. Шу маънода, улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоий бобомизнинг “Саховатли инсоннинг бошига жаннат дарахтлари соя солади” деган сўзлари халқимизга ибрат кўрсатишга ундамоқда.

Муҳратам Юртбошимизнинг “Меҳр ва саховат” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисидаги фармонида саховатпеша инсонлар қадрланадиган бўлди, улар эл-юртимиз бошига тушган синовли кунларда меҳр-оқибат, саховат, ҳиммат кўрсатгани учун муносиб тақдирланади. Эътиборли жиҳати, ушбу фармонда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни умумхалқ ҳаракати даражасига кўтаришга катта ҳисса қўшгани учун тақдирлаш назрда тутилмоқда. Мана шундай инсонлар,ўзларининг юксак хислатлари, олижаноблик фазилатлари билан қариндош-уруғи, маҳалласи, атрофдаларига ўрнак бўлади. Фармонда, коронавирус пандемияси даврида, шунингдек, турли табиий офатлар, фавқулодда ҳолатлар туфайли эл-юртимиз бошига тушган синовли кунларда мавжуд хавф-хатарларга қарши курашда, уларнинг оқибатларини бартараф этишда мардлик ва жасорат намунасини кўрсатган инсонларни тақдирлаш белгиланди. Бундан ташқари, миллий қадрият ва анъаналаримизни муносиб давом эттириб, меҳр-оқибат, саховат, ҳиммат ва олижаноблик фазилатларини улуғлаб келаётган, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларга беминнат кўмак бериш борасидаги ишларни умумхалқ ҳаракати даражасига кўтаришга катта ҳисса қўшган инсонлар ҳам тақдирланади. Айниқса, жамиятимизда тинчлик-осойишталик, бирлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашда фаол иштирок этиб, беғараз ҳомийлик ёрдами ҳамда эзгу ишлари билан кўпчиликка алоҳида ўрнак бўлаётган юртдошларимиз тақдирлаш кўзда тутилаётгани муҳим аҳамиятга эга.

Кечани кеча, кундузни кундуз демасдан, ҳақиқий қаҳрамонлик кўрсатиб, ушбу касалликка қарши курашаётган шифокорлар, тинчлик-осойишшталикни таъминлаётган ҳуқуқ тартибот идоралари ҳамда саховатпеша инсонларни, бугунги кун қаҳрамонлари десак муболаға бўлмайди. Айниқса, бугунги мураккаб ва оғир шароитда жамиятда тинчлик-осойишталик, бирлик ва ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш энг устувор вазифа. Ушбу вазифани сидқидилдан бажарётган ҳуқуқ-тартибот идоралари, умуман ҳамжиҳатликни таъминлаётган инсонлар ҳам тақдирланадиган бўлди.

 Албатта, эҳтиёжманд, кам таъминланган инсонлар ва оилаларга меҳр ва ҳурмат билан ёрдам қўлини чўзадиган барча инсонларга бу қилган яхшиликлари бир неча бор зиёда бўлиб қайтади. Яхши кунларида қилинган яхшиликдан кўра, энг оғир дамларда берилган ёрдам инсон ҳаёти мобайнида унутилмайди. Шу боисан уларни юксак мукофот ва эътирофга лойиқ инсон сифатида кўриб, қадрлаш жуда муҳим.

Осойишта кунлар ҳам келади. Бу дамлар ўткинчи. Яна аввалгидек ҳаётимиз изга тушади. Бирлашсак, мурувватимизни ўзгалардан қизғанмасак, карантин қоидаларига амал қилсак, эл-юртимиз ушбу офатлардан тез кунларда халос бўлади.

 

Қизилгул ҚОСИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси аъзоси.

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш