Маданият ва санъат соҳасининг қадри ошиши муҳим

 

“Маданият тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясида назарда тутилган эди. Мазкур қонун лойиҳаси ҳозирги кунда парламент қуйи палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан иккинчи ўқишга киритиш арафасида бўлган бир вақтда Президентимиз 26 май куни “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни қабул қилди. Бу ҳужжатлар узоқ йиллар давомида санъатсевар халқимиз ҳамда ушбу соҳада узоқ йиллар давомида меҳнат қилиб келаётган ходимларни орзиқиб кутилган эди, десак муболаға бўлмайди.

Аҳоли, айниқса, олис ҳудудларда истиқомат қилаётган юртдошларимизга маданий дам олиш хизматлари кўрсатиш даражасини ошириш, бунинг учун республиканинг барча ҳудудларида театр, музей, кўчма цирк ва ҳайвонот боғлари фаолиятини доимий равишда йўлга қўйиш долзарб вазифадир.

Президент фармони билан 2020-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида маданият ва санъатни янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар дастури тасдиқланиши миллий маданиятимизни янада ривожлантириш, янги Ўзбекистоннинг янги тарихини яратиш, моддий ва номоддий маданий мерос дурдоналарини сақлаш ва тарғиб этиш, халқ оғзаки ижодиёти ва ҳаваскорлик санъатини янада оммалаштириш, юртимизнинг жаҳон маданий маконига интеграциялашуви тезлашишида муҳим аҳамият касб этади.

Қонун лойиҳасини муҳокама қилаётганимизда депутатларни энг кўп ўйлантирган савол маданият ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш билан боғлиқ бўлаётган эди.

Президент қабул қилган ҳужжатда бу масаланинг ечими кўрсатиб берилди. Унга кўра, меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тизими жорий этилгунга қадар Маданият вазирлиги, ҳудудий маданият бошқармалари, туман ва шаҳар маданият бўлимлари ходимлари учун Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасига ажратиладиган маблағлар ҳисобидан моддий рағбатлантириш жорий қилинди.

Ходимлар фаолиятининг натижадорлигига кўра иш берувчининг алоҳида буйруғи билан ўрнатиладиган, лавозим маошидан 100 фоизгача бўлган миқдорда ҳар ойлик шахсий устама, озиқ-овқат учун харажатларни қоплаш бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдоридаги тўловлар белгиланиши мумкинлиги маданият соҳаси ходимлари учун вақтида чиқарилган қарор бўлди.

Бу янгиликлардан кейин қонун лойиҳасини ҳар томонлама мукаммал кўринишда тайёрлаш, соҳа ривожига мустаҳкам ҳуқуқий асос яратиш масъулияти янада ошади, деб ўйлайман.

 

Муқаддас Ўразалиева,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фроакцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш