Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги маҳсулотларининг сифат ва хавфсизлик кўрсаткичлари яхшиланади

 

Ўзбекистон табиий иқлими, қулай географик жойлашуви ҳамда ўзига хос меҳнаткаш инсонлари билан қишлоқ хўжалиги соҳаси учун қулай бўлган давлатлардан биридир. Шу боис, ўлкамизда етиштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари жаҳон бозорида доим харидоргир бўлиб келган.

Бироқ жаҳонда озиқ-овқатга бўлган талаб ортиши баробарида унинг сифатига ҳам ёндашувнинг ўзгаргани соҳага бугунги кун назари билан эътибор қаритиш заруриятини юзага келтиради.

Айниқса, иқлим ўзгариши, ерларнинг чўлланиши, турли юқумли касалликларнинг авж олиши дунё аҳолисининг сифатли озиқ-овқатга бўлган талабининг кучайишига сабаб бўлмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сифат ва хавфсизлик кўрсаткичлари халқаро стандартларга мувофиқлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ўз вақтида қабул қилингани билан аҳамиятлидир.

Фармон билан юртимизда “Global G.A.P.” ва “Organic” халқаро стандартлари талабларига мувофиқ маҳсулот ишлаб чиқариш, тартибга солиш ва мувофиқлаштиришнинг миллий тизимига асос солинади.

Шу билан бирга, қишлоқ ва ўрмон хўжалиги маҳсулотларининг сифат ва хавфсизлик кўрсаткичларини яхшилаш, экспорт географиясини кенгайтириш, қолаверса, мамлакатимизнинг органик маҳсулот ишлаб чиқариш салоҳиятидан янада самарали фойдаланишга эришилади.

Органик маҳсулот турли кимёвий воситалар, пестицидларни қўлламасдан етиштирилишини инобатга олсак, юртимиз қишлоқ хўжалигида том маънода туб бурилиш ясалиши ойдинлашади.

Аммо бу унинг ягона ижобий томони эмас. 

Бинобарин, органик маҳсулот етиштиришга бўлган эътиборнинг кучайтирилиши натижасида, аввало атмосферага зарарли моддаларнинг чиқарилиши камаяди. Соҳада ихтисослашган фермер, деҳқон хўжаликлари, тадбиркорлар ва кооперациялар, кластерлар фаолияти йўлга қўйилади.

Бу эса, кўплаб янги иш ўринлари демакдир. Қолаверса, экспорт ҳажми ортиб, валюта тушуми кўпайишига замин яратилади.

Зеро, кузатишлар жаҳон органик маҳсулотлари бозорида ўсиш суръати сўнгги 5 йилда ўртача 15 фойизга тенглигини кўрсатмоқда.

Энг муҳими, соҳада 2022 йилга бориб, дунё бўйича йиллик айланма 212 млрд. АҚШ долларига тенг бўлиши прогноз қилинган. Бу эса, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши умумий ҳажмининг 20 фоизи демакдир.

Эътиборлиси, органик қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари институти (FiBL) ва Органик қишлоқ хўжалик ҳаракати бўйича Халқаро Федерацияси (IFOAM)нинг Жаҳон органик қишлоқ хўжалиги статистикаси бўйича 2019 йилдаги нашрида Ўзбекистон мева етиштириш бўйича қулай шароитга эга бўлган дунёдаги 10 та давлат қаторига киритилган.

Шундай экан, мазкур Фармон давлатимиз салоҳиятини юзага чиқаришда муҳим тарихий ҳужжат бўлади.

Фармон билан Ўзбекистон Республикасида органик озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ривожлантириш концепцияси, уни амалга ошириш бўйича “Йўл ҳаритаси” ҳамда тегишли йўналишларга доир чора-тадбирлар тасдиқлангани унинг ижроси ҳам самарали ва тизимли бўлишини таъминлайди.

 

Зулайҳо АКРОМОВА,

Олий Мажлис Қонунчлик палатаси депутати.

www.parliament.gov.uz

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш