Болаларга беринг дунёни!

 

1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни


Бола бу дунё, бола бу ҳаёт мазмуни, у билан оиламиз гўзал, қалбимизнинг ажралмас қисми. Боланинг битта табассуми орқали инсонлар қалбида ҳаётга, яшашга бўлган қизиқишни уйғотадилар. Кўзларида эзгулик ва меҳр қалқиб турган болажон мусаффо осмонда эркин парвоз этаётган қалдирғоч мисоли. Фарзанд камолоти, унинг таълим олиши, комил инсон бўлиб вояга етиши мамлакат келажаги, унинг тараққиёти билан бевосита боғлиқ. Юртимизда ёш авлодга хатто, туғилгандан бошлаб эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Аслида ўсиб келаётган ёш авлодни ҳимоя қилиш замирида ҳаётни, унинг давомийлигини асраб-авайлаш моҳияти ётади. Улар тўғрисидаги ҳар қандай ғамхўрлик эса юрт равнақи учун қўйилаётган мустаҳкам пойдевор демакдир.

Халқимизга хос маънавий қадриятлардан бири ҳам болажонликдир. Ҳаммамиз, фарзандимизни кўз қорачиғидек авайлаб-асраб камолга етказамиз, болам деб яшайдиган халқимиз. Дуога қўл очганимизда ҳам фарзандларимизни камолини кўриб юришимизни яратгандан сўраймиз. Ахир, ота-она учун фарзанд камолини кўришдек бахт бўлмаса керак.

Мамлакатимизда аҳолисининг 40 фоизини болалар ташкил этади. Уларнинг жисмоний, интеллектуал ва маънавий ривожланиши учун қулай ва энг яхши шароит яратиш, шунингдек, кўп болали оилаларни, етим болаларни ва оила муҳитидан маҳрум бўлган болаларни ҳар томонлама қўл­лаб-қувватлаб келинмоқда.

Болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашнинг ҳуқуқий асоси ҳам яратилган. Жумладан, Асосий Қонунимизнинг 64- моддасида ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбур эканлиги белгиланган. Давлат эса етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитиш ишларини ўз зиммасига олган. Бундай конституциявий нормалар мамлакатимизда ҳеч бир бола эътибор, меҳру муҳаббатдан четда қолмаганининг ёрқин намоёнидир. Соҳага доир қатор халқаро ҳужжатлар қабул қилиниши, тегишли қонунчилик ҳужжатларининг кучга кириши асосида мазкур ҳуқуқий тамойиллар янада такомиллаштирилди. Шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси талабларига риоя этилишини таъминлашда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда юртимизда болаларни ижтимоий, иқтисодий ва маънавий жиҳатдан ҳимоя қилиш каби ҳуқуқларига оид юздан ортиқ қо­нунлар қабул қилинди, қирққа яқин халқаро ҳужжатнинг иштирокчисидир. Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан кейин ратификация қилган энг биринчи халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлардан бири БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияси бўлди. Оналик ва болаликни қўллаб-қувватлаш, болаларнинг маънавий ва жисмоний ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш, Конвенция талабларига риоя этилишини таъминлаш соҳасида ҳам мамлакатимизда кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш  мақсадида Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2019 йил 11 февралда «Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ва 22 апрелда «Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарорлари қабул қилинди. Мазкур ҳужжатлар юртимизда яшаётган ҳар бир инсоннинг қалбида меҳр-оқибат ва инсонийлик туйғусини янада кучайтиради. Уларда болаларнинг рўйхатда туриш жойи ва фуқаролигидан қатъи назар, уларга барча ижтимоий хизматлар кўрсатилиши, уларнинг давлат органларига бевосита мурожаатларини тўлиқ кўриб чиқиш кафолатланиши ва бола тўлиқ муомала лаёқатига эга эмаслиги важлари билан бу турдаги мурожаатларни кўрмасдан қолдиришга йўл қўйилмаслиги белгиланган.

Таъкидлаш жоизки, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг ўринбосари-Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими жорий этилиб, фақат болалар ҳуқуқларини таъминлашга кўмаклашувчи сектор тузилиши болаларнинг ҳуқуқлари ҳимояси кучайишига кенг имконият яратади. Ушбу вакил асосий вазифаси бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини давлат томонидан ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш, ҳимоя қилиш механизмини такомиллаштириш, болалар ва уларнинг қонуний вакиллари орасида тушунтириш ишларини олиб бориш, давлат ҳокимияти органлари, маҳаллий ҳокимият органлари, жамоатчилик ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятига кўмаклашади.

Юртимизда амалга оширилаётган «Соғлом она — соғлом бола» Миллий дастурининг ижросини таъминлаш мақсадида ҳудудларда замонавий тиббиёт муассасалари тармоғи, шу жумладан, республика ихтисослаштирилган педиатрия, акушерлик ва гинекология илмий-амалий марказлари, перинатал ва скрининг марказлари, туғруқхона мажмуалари, кўп тармоқли ҳудудий болалар тиббиёт марказлари ташкил этилди. Биргина мисол, яқиндаги Пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги Болалар миллий тиббиёт маркази барпо этилиши, болаларнинг саломатлиги учун муҳим аҳамиятга эга.

Муҳтарам Юртбошимиз марказга ташрифи чоғида, унинг миллий бойлигимиз эъканлигини эътироф этиб, бу ерда болаларни малакали даволаш билан бирга замонавий телемедицина технологиялари асосида мамлакатимиз ҳудудларида ҳам юқори сифатли тиббий хизматларни ташкиллаштириш кераклигини таъкидлади. Очиғини айтиш керак, бундан бир неча йиллар аввал болалар медицинаси йўналишида инновацион тиббиёт марказлари барпо этилиши тасаввур ҳам қилиш қийин эди.

Эртамиз эгаларига кўрсатилаётган бундай эътибор келажакда уларнинг Ватанига садоқатли, жисмонан ва маънан баркамол бўлиб етишишида муҳим омил ҳисобланади. Зеро, фарзандлари билимли ва интелектуал салоҳияти юқори бўлган давлат қудрати, юксалиб бораверади.


Қизилгул ҚОСИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш