Бухоро вилоятининг Ғиждувон туман марказидаги “Бахт” тўйхонасида 28 нафар боланинг суннат тўйлари ўтказиб берилди.
Ҳайрия суннат тўйлари Ўзбекистон ХДП Бухоро вилоят ва Ғиждувон туман кенгаши ҳамда ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ўтказилди.
Тадбир ташкилотчиси ― Ўзбекистон ХДП Бухоро вилоят кенгаши раиси Зулфия Тўйева сўзга чиқиб, инсон манфаатлари амалда қадр топган мамлакатимизда савобли ва ҳайрли ишлар кенг кўламда олиб борилаётганлигини алоҳида қайд қилиб ўтди. Шунингдек, Ўзбекистон ХДП томонидан ҳам бу борада хайрли тадбирлар доимий равишда олиб борилаётганлиги таъкидланди.
Иштирокчилар ушбу хурсандчиликнинг сабабчилари бўлган болаларнинг келгусида Ватан корига ярайдиган, камарбаста инсонлар бўлиб улғайишини тилади. Болажонларга партия ва ҳомий ташкилотларнинг совғалари топширилди. Таниқли санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар даврага байрамона файз бағишлади.
– Катта бўлсам юртга керакли яхши инсон бўламан. Бу тантана учун барчага раҳмат, – дейди тўйболалар миннатдорчилик билан, кўзларидаги хурсандчилигини яширмасдан.
Келгусида ҳам бундай меҳр-саховат тўйларини мунтазам равишда ўтказиб, мамлакатимизнинг бугунги куни ва келажакда муҳим ўрин эгалловчи ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳаракатларини олиб бориш ният қилинди.
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши
Ахборот хизмати.