“Менинг қирғиз қўшним меҳрибон, ажойиб инсон...”

 

Фарғона вилоятининг Сўх туманидаги Чашма қишлоғи ва Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой туманидаги қишлоқ аҳолиси ўртасида юзага келган можаро барчани ташвишга солди. «Чашма» булоғи Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси аҳолисини ичимлик ва суғориш суви билан таъминлайди. Сув эса табиатнинг инсонларга берган туҳфаси. Мана шу сув билан етиштирилган маҳсулотлар Ўзбекистон ҳамда Қирғизистон аҳолиси дастурхонини безайди.

Кўнгилсиз воқеа содир бўлган куниёқ икки давлат ҳукуматлари тезкор музокаралар ўтказиб, вазиятни жойида ўрганди, Ўзбекистон Бош вазири сўхликлар билан юзма-юз мулоқотда бўлиб, мурожаат ва таклифларни эшитди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентларининг телефон орқали мулоқотида “Чашма” чегараолди ҳудудида рўй берган ҳодиса билан боғлиқ масалаларни батафсил кўриб чиқиб, бундай вазият бошқа такрорланмаслиги учун мукаммал чоралар қабул қилиш муҳим экани таъкидланди. Ҳукумат делегациялари ўтказган музокараларнинг самарали натижалари мамнуният билан қайд этилди. Шундай қилиб, қардош халқлар раҳбарлари қалин дўстлик ва ҳамкорликда иш тутаётганига амин бўлдик.

Бугун Ўзбекистонда 300 мингга яқин қирғиз миллатига мансуб юртдошларимиз истиқомат қилади. Уларнинг ўз маданияти, тили, анъана ва урф-одатларини ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратилган. 6 та қирғиз миллий маданий маркази фаолият кўрсатмоқда, 56 мактабда таълим қирғиз тилида олиб борилади.

Ўзбекистонда нафақат қирғиз миллатига мансуб аҳоли, балки бошқа миллат вакиллари хам аҳил-иноқ, ўзаро ҳурмат руҳида яшаб келишмоқда. Шу ўринда Фарғона шаҳрида яшовчи қирғиз миллатига мансуб, ҳозирги кунда қариндошдай бўлиб кетган бир маҳалладошим ҳақида айтиб ўтишни жоиз, деб билдим. Мен уларнинг оиласини болалигимдан яхши биламан. Барчага топган-тутганини илинадиган, маҳалладошларини ёғли сут-қатиқлар билан сийлайдиган ажойиб, меҳрибон инсонлар. Барча маҳалладошлар уларнинг оиласини жуда ҳурмат қилади. Қачон қараманг, меҳнат билан банд, томорқасига одамнинг ҳаваси келади, шириндан-шакар помидор дейсизми, бақлажон дейсизми, хаммасини топасиз.

Маълумки, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари қардош халқларимиз фаровонлигига ҳам ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Азал-азалдан икки қўшни халқ ўртасида қариндош-уруғлик ришталари ҳам боғланиб кетганлиги хеч кимга сир эмас.

Ўзбекистон ўз ташқи сиёсатида, аввало, қўшни давлатлар билан муносабатларни ривожлантиришга устувор аҳамият қаратмоқда. Кейинги пайтда Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги шериклик алоқалари фаоллашаётгани бунинг ёрқин далилидир. Жумладан, Қирғизистон Республикаси билан ҳамкорлик янги мазмун билан бойиб бормоқда. Парламентлар, турли вазирлик ва идоралар, ҳудудлар ўртасида алоқалар тобора кенгаймоқда.

Шундай экан, кўп асрлар давомида ўзаро шаклланган дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини юксак қадрлаймиз.

 

Дилбар Мамаджонова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш