Беқиёс хизмат муносиб тақдирланади

 

Коронавирус падемияси тарқалган карантин шароитида яшаб, кўп нарсаларни анлаб етдик, англаганларимиз оддий, у ўша соғлик деб аталмиш улуғ неъматимизнинг қанчалар бебаҳолиги, яна уни йўқотиш ҳам, асраш ҳам оддийлигини, ҳеч қандай харажат талаб қилмаслигини, фақат озгина эътибор зарурлигини англаб етдик.

Халқимиз покиза рўзғорларни фариштали, баракали рўзғорлар, дея эъзозлайди. Бундай хонадонларда соғ-саломатлик, поклик аталмиш қалқон ҳимоясидадир.

Мамлакатимизда иккита янги қонун имзоланди. Биринчиси “Саломатлик” орденини таъсис этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунидир. Қонун билан “Саломатлик” ордени таъсис этилди ҳамда орден тўғрисидаги низом тасдиқланди. Унга кўра, “Саломатлик” ордени билан Ўзбекистон фуқаролари мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, аҳоли саломатлигини яхшилаш ҳамда ушбу соҳада халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги алоҳида хизматлари учун мукофотланади.

Орден билан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам мукофотланиши мумкин. “Саломатлик” ордени икки даражадан иборат бўлади.

Мукофотлаш, қоида тариқасида, қуйидаги тартибда: аввал II даражали орден, орадан камида 3 йил ўтганидан кейин I даражали орден билан тақдирлаш тарзида амалга оширилади.

I даражали “Саломатлик” ордени билан мукофотланган шахслар БҲМнинг 30 баравари миқдорида, II даражали “Саломатлик” ордени билан мукофотланган шахслар БҲМнинг 25 баравари миқдоридаги бир марталик пул мукофоти олади.

I ва II даражали “Саломатлик” ордени билан мукофотланган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланадиган имтиёзлардан фойдаланади.

Иккинчи қонун “Соғлом турмуш” медалини таъсис этиш тўғрисида”ги қонун ҳам имзоланди. Қонун билан “Соғлом турмуш” медали таъсис этилди ва медал тўғрисидаги низом тасдиқланди. “Соғлом турмуш” медали билан аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини шакллантиришга қўшган ҳиссаси учун соғлиқни сақлаш муассасалари шифокорлари, ОАВ вакиллари, блогерлар, фуқаролар, намунали оилалар, спортчилар ва бошқа шахслар мукофотланади.

Медал билан мукофотланган шахслар БҲМнинг 10 баравари миқдоридаги бир марталик пул мукофоти олади ва қонун ҳужжатларида белгиланадиган имтиёзлардан фойдаланади.

Зеро, дунё бўйлаб тарқалган коронавирус инсон соғлигининг баҳосини яна бир бор англатди. Шу билан биргаликда саломатлик посбонлари бўлган соғлиқни сақлаш ходимларининг фидокорона хизматларини бутун халқимиз эътироф этиб турибди.

Эндиликда саломатликни муҳофаза қилишдек эзгу мақсадлар йўлидаги фидокорона хизматлар муносиб тақдирланиши ҳаммамизни қувонтиради.

 

Мавжуда Ҳасанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш