Мақсад – халқ розилиги...

 

Айни вақтдаги карантин ва чеклов тадбирлари даврида кўпчилик қаторида халқ сайлаган депутатлар янада фаол бўлиши талаб этилади. Чунки, одамларнининг турмуш шароитини яхшилайдиган, ҳал этилиши лозим бўлган муаммолар кутиб турмайди. Депутатлар эса ушбу муаммоларни ўз вақтида аниқлаши, уларни ҳал қилиш чораларини кўриши, бир сўз билан айтганда, ўз ишига, вазифасига кўпроқ масъулият билан ёндашиши керак.

Бугунги пандемия шароитида Андижон вилоятидаги партия фаоллари ва депутатларимиз электорат манфаатларини ҳимя қилиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ишларига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Хусусан, “Саховат ва кўмак” умуммиллий ҳаракати доирасида ҳудудлардаги кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларни аниқлаш ва манзилли ўрганиш ҳамда зарурий ёрдамни кўрсатиш ишлари кенг миқёсида олиб борилмоқда.

Олтинкўл туманидаги “Далварзин” МФЙ ҳудудидаги Андижон шаҳридан кўчиб ўтган аҳоли вакиллари ўзлари қурган янги уйларда яшаётган янги маҳалла қайси ҳудудга қарашли эканлиги аниқлаш бўйича амалий ёрдам зарур эканлигини билдиришган эди.

Аниқланишича, Андижон шаҳрида жойлашган “Девонавой” жомеъ масжидини кенгайтириш жараёнларида масжид атрофидаги эски, шаҳарнинг бугунги қиёфасига мос келмайдиган уйлар бузилиб, уларнинг эгаларига Олтинкўл тумани, “Далварзин” МФЙ ҳудудидан уй қуриш учун ер майдонлари ажратилган. Бугунги кунда бу жойда уйлар қурилиб, 500 дан ортиқ оила, 2500 нафардан зиёд аҳоли кўчиб келиб яшамоқда. Лекин маҳалла аҳли, зарурат бўлганида ўз муаммолари билан Андижон шаҳар ҳокимлигига боришса Олтинкўл туманига, Олтинкўл тумани ҳокимлиги эса Андижон шаҳрига йўналтириб келаётган эди.

Мазкур масалани вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП депутатлик гуруҳи аъзолари жойига бориб ўрганишди. “Далварзин” МФЙ раиси Т.Солиевнинг маълум қилишича, “Далварзин” МФЙ ҳудудида бугунги кунда 10 минг нафарга яқин фуқаро яшайди. Янги маҳаллани “Далварзин” ҳудудига қўшиш, фуқароларни маҳалла рўйхатига киритиш бўйича ҳокимликдан ҳеч қандай расмий ҳужжат берилмаган. Барча маълумотлар билан танишгач, депутатлар вилоят ҳокимнинг ўринбосари, вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи М.Юнусова ҳамда вилоят ҳокимининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Ў.Шукуров номига депутат сўрови юборишди.

Унда, ҳали расмий номи ҳам бўлмаган ушбу янги маҳалланинг Андижон шаҳри ёки Олтинкўл туманига тегишли эканлигига аниқлик киритиш, қонун талабларига мувофиқ расмийлаштириш, маҳаллага ва маҳалла ҳудудидаги ўндан ортиқ кўчаларга қонунлар ва замон талабларига мос равишда ном бериш масалалари юзасидан чоралар кўриш, мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар бериш бўйича амалий ёрдам сўралди.

Айни вақтда ушбу масаланинг ижобий ечим топиши партия депутатлари назоратида турибди. Ишонамизки, аҳолини қийнаб келаётган мазкур муаммолар тез орада ўз ечимини топади.

Лекин, очиғини айтиш керак, ҳамма депутатларимиз ҳам фаол эмас. Ўзига билдирилган ишончга бепарво, бефарқ юрганлар ҳам бор. Аҳолини ўйлантириб келаётган муаммоларни топиш, уларга ечим топишда ташаббускорлик ва фаолликни янада ошириш керак, деб ўйлайман. Халқ ишончини оқлаш, эл ташвиши билан ҳамнафас бўлиш олдимизда турган энг муҳим ва асосий вазифадир. Бунинг учун барча ваколат ва имкониятга эгамиз, фақат талабчанликни янада кучайтиришимиз зарур!

 

Абдулҳамид Нурматов,

Халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгаши депутати,

ЎзХДП депутатлик гуруҳи раҳбари.

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш