Янги ўқув йилингиз муборак бўлсин!

4 сентябрь куни мамлакатимиздаги барча умумтаълим мактабларида янги ўқув йили бошланиши муносабати билан Билимлар куни тадбирлари бўлиб ўтди.

Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 142-умумтаълим мактаби ҳовлиси ҳам байрамона безатилган. Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси янгради. Ҳамманинг юз-кўзида табассум. Айниқса, муқаддас даргоҳга илк қадамини ташлаётган ўғил-қизларнинг ҳаяжони чексиз.

Байрам иштирокчиларини дастлаб Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Феруза Эшметова, ЎзХДП Мирзо Улуғбек туман кенгаши раиси Шахзода Қурбонова Билимлар куни билан табриклади. Юртимизда ёш авлод таълим-тарбияси йўлида қилинаётган ишлар тўғрисида тўхталди.

Ниҳоят, ўғил-қизлар орзиқиб кутган биринчи қўнғироқ чалинди. Ўқитувчилар етакчилигида ўқувчилар ўз синфларига ошиқишди. Дастлаб “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида самимий руҳда мустақиллик дарси бўлиб ўтди.

Қарийб уч ой давомида ўқувчиларини кутган мактаб қучоғи яна ўғил-қизлар билан тўлди. «Президент совғаси»ни олган биринчи синфлар ўқувчиларининг қувончи ва ҳайрати, бир-бирини соғинган синфдошларнинг шодликлари кишини ҳаяжонга солади, ғурурлантиради. Хаёлга эса беихтиёр бир тилак келади: Янги ўқув йилингиз муборак бўлсин, доимо аъло баҳоларга ўқиб, ота-она ва устозлар ишончини оқланг азиз болажонлар!

 

Маҳлиё АЛИҚУЛОВА

← Рўйхатга қайтиш