Ногиронлиги бўлган инсонларга тенг имконият яратиш – жамият бурчи

 

Инсон жамиятдан ташқарида яшаши жуда мушкул. Жамият эса саломатлиги, руҳияти, ёши, моддий таъминоти турлича бўлган инсонлардан таркиб топган. Жамият ҳаётини мувозанатда сақлаш учун шароити ҳар хил бўлган инсонларнинг барчасини қониқтирадиган қонунлар зарур.

Биз билан бир ҳаводан нафас олаётган, ёнма-ён яшаётган жисмоний имконияти чекланган, ногиронлиги бор шахслар ҳам ватанимизнинг тўлақонли фуқароларидир. Демак, бу мамлакатда улар учун ҳам биз билан теппа-тенг имкониятлар яратилиши адолатдан бўлишига шубҳа йўқ.

Нима учундир соғлом инсонлар жамият қонунларини яратиш ҳуқуқини тўлалигича ўзлаштириб олганлар. Ахир танасининг бирор қисмида нуқсони бор дегани унинг ақлий заифлигини белгиламайди-ку?! Ривожланиши учун лозим имкониятлар яратилгани сабабли ногиронлиги бор шахслар бутун дунё тан олган буюк инсонларга айланганлиги фикримиз далилидир. Муҳим илмий кашфиётлари учун Нобель мукофотига сазовор бўлган Стивен Вильям Хокинг, буюк бастакор Людвиг ван Бетховен, Америка Қўшма Штатларининг 32-президенти Франклин Делано Рузвельт.

Жамиятнинг жисмоний нуқсони бор инсонларга муносабати унинг қай даражада тараққий этганини белгиловчи муҳим мезондир.

Афсуски, амалдаги қонунларимиз ҳар доим ҳам бундай инсонларга тўлиқ мос келавермайди. Мисол учун, қурилаётган кўп қаватли уйларни олайлик. Аравачада ҳаракатланадиган қўшнимиз ўз хонаданига кириб-чиқиши учун уй лойиҳасида қулайлик назарда тутилганми? Оддий дорихона эшигидан аравачада киришга имкончи? Кутубхона, кино, театрлар ҳақида гапирмасак ҳам бўлади.

Шу кунгача ногиронлиги бор шахслар ижтимоий, тиббий ёрдам объекти бўлиб ҳисобланади. Ваҳоланки, улар биз билан баравар ҳуқуқ эгаси деб қаралиши керак. Яъни, соғлом инсонлар барча қоида, меъёр ва қонунларни фақат соғломларга мўлжаллаб эмас, балки имкони чекланган фуқароларнинг ҳам талабларини инобатга олган ҳолда қабул қилишлари шарт.

БМТнинг маълумотларига кўра, ер юзи аҳолисининг 15 фоизга яқини, бошқача айтганда, деярли 1 миллиард инсонда ногиронлик аниқланган. Бу катта рақам, демак, жамиятлар ўзининг ана шу қисми учун тўлақонли ҳаёт шароитларини яратишга бурчли.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган барча соҳадаги ислоҳотлар мазмун-моҳияти аввало инсонни улуғлашга, унинг шаъни, қадр-қимматини оширишга, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилётганлиги билан қимматли. Конституциямизда келтирилган “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширади”, деб қатъий белгилаб қўйилган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Ногиронлиги бор шахслар ҳуқуқлари ҳақида”ги қонун лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда. Тўғрисини айтиш керак, унинг муҳокамаси катта баҳс ва мунозараларга сабаб бўлмоқда. Чунки, ногиронлиги бор шахс учун соғлом инсон билан тенг имконият яратиш, албатта, катта маблағни талаб қилади, лекин энг асосийси, ҳар биримизнинг онгимизда бундай инсонларнинг ҳуқуқлари бизники билан тенг, деган фикр мустаҳкам ўрин олиши керак.


Мақсуда Ворисова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш