Мураккаб шароитдаги муҳим вазифа

 

Ҳозирги пандемия билан боғлиқ мураккаб вазият тарозисининг бир палласида аҳоли саломатлиги, иккинчи палласида иқтисодиёт масаласи турибди. Ҳали коронавирус чекингани йўқ. Касалликни юқтириб олаётганлар қайд этилмоқда.

Вазият мураккаб. Буни билган билаяпти. Президентимиз бошчилигида аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш бўйича самарали тизим муваффақиятли иш олиб бормоқда. Пандемия бутун дунё халқларининг нафақат саломатлигини, балки иқтисодий аҳволини ҳам қийинлаштириб қўйди. Хусусан, мамлакатимизда ҳам ишсизлар сони кўпайишига олиб келди. Дастлабки ҳисоб-китоблар пандемия 450 мингга яқин оилалар даромадига салбий таъсир қилиши мумкинлигини кўрсатмоқда.

Президентимиз кеча бўлиб ўтган камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида бу масалаларга алоҳида эътибор қаратди. Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг кўплаб имкониятларини белгилаб берди. Бу борадаги сусткашликлар қаттиқ танқид қилинди. Устувор вазифалар белгилаб берилди.

Президентимиз томонидан аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш давлат сиёсатининг устувор йўналишлар сифатида қўйилганлиги, бу борада йил бошидан вазифалар белгилаб берилганлиги айни муддао бўлиб, ҳозирги оғир вазиятда сезиларли равишда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини таъминламоқда. Жумладан, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида рўйхати шакллантирилган муҳтож оилаларнинг 540 мингтасига 307 миллиард сўмлик кўмак берилди.

Албатта, камбағал оиланинг ҳеч бўлмаса битта аъзоси иш билан таъминланса, бундай оиланинг мушкули анча осон бўлади. Давлатимиз раҳбари ҳар бир фуқаронинг муаммоси билан алоҳида шуғулланиш, бу синовли даврда рақамлар ортидан қувиш эмас, балки халқни рози қилиш учун чин кўнгилдан ишлаш керак эканлигини таъкидлади. Шу мақсадда 1 октябргача тирикчилик учун зарур энг кам миқдор ва минимал истеъмол саватчасининг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Ҳар бир раҳбар, мутасадди ўз ҳудудида масъулиятни, одамларнинг дардини, оилалар аҳволини чуқур ҳис қилиб фаолият юритса, аҳоли даромадларини ошириш ва камбағалликни қисқартириш имкониятлари кўп. Масалан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимида 300 минг аҳолини жамоат ишларига жалб қилиш, 265 нафарини ишга жойлаштириш, жумладан вазирлик жамғармаси ҳисобидан шахсий томорқаларга 36 миллиард сўм субсидия ажратиш орқали, 18 минг камбағал аҳоли бандлигини таъминлаш имконияти мавжуд.

Бундай имкониятларни “Ҳар бир оила — тадбиркор” давлат дастури мисолида, қишлоқ хўжалиги мисолида ҳам кўплаб келтириш мумкин. Мисол учун, жорий йилда оилавий тадбиркорлик дастурларига 4 триллион сўм маблағ йўналтирилмоқда. Шунингдек, қишлоқ хўжалигида йил якунига қадар 51 минг гектар ерларни ўзлаштириш эвазига 45 минг одам бандлигини таъминлаш режалаштирилган. Худди шу каби ғалладан бўшайдиган 120 минг гектар майдон такрорий экин учун ажратилиб, 300 мингга яқин оилага даромад манбаи яратилиши мўлжалланган.

Ҳар биримиз ўз вазифа ва масъулиятимизга виждонан ёндашиб, теварак-атрофга эътибор билан қараб, қийналаётган инсон ёки оиланинг аҳволини дилдан ҳис қилиб, давлатимиз томонидан яратилаётган шароитларни уларнинг ҳаётига олиб киришимиз зарур, деб ўйлайман. Давлат раҳбари қўйган ҳар бир вазифа қуйида сифатли бажарилиши биз, депутатларга ҳам бевосита боғлиқлигини унутмай, режа ва масъулият билан ёндашишимиз зарур.


Мавжуда Ҳасанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш