Камбағалликни камайтириш жуда муҳим, бунинг учун нима қилиш керак?

 

Камбағаллик бу ҳаёт учун муҳим бўлган, энг зарур минимал эҳтиёжларни қондира олмайдиган, ишга лаёқатли бўлиб, ўзи хоҳлаган ишларни давом эттириши мумкин бўлмаган шахс ёки ижтимоий гуруҳни иқтисодий ҳолатининг ўзига хос хусусиятидир.

Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш бўйича Жаҳон банки ва БМТ Тараққиёт дастури билан биргаликда дастур ишлаб чиқишни режалаштирмоқда. Уни амалга ошириш учун 700 миллион доллар маблағ йўналтирилади.

Президентнинг 2020 йил 26 мартдаги қарори асосида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги тўғрисида низом қабул қилинди. Бу низомда умумий қоидалар, вазирликнинг тузилиши, вазирлик ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг асосий вазифалари келтирилган.

Биргина Жиззах вилоятида камбағалликни қисқартириш ва иқтисодиётни ривожлантириш учун тадбиркорлик яхши ривожланган, аҳоли зич жойлашган ҳудудлар атрофида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган, бўш турган ер майдонларида кичик саноат зоналари ташкил этилади. Зарур инфратузилма яратиш учун кичик саноат зоналарини бошқариш дирекцияларига бюджетдан 100 миллиард сўм ажратилади. Улардаги ер участкалари тадбиркорларга бозор қийматида эгалик ҳуқуқи билан сотилади. Ушбу лойиҳа ўзини оқласа, иккинчи ярим йилликда яна қўшимча 150 миллиард сўм ажратилиши режалаштирилди ва махсус ишчи гуруҳи тузилди.

Ишчи гуруҳ томонидан бу йўналишда, айниқса, қишлоқ хўжалиги соҳасида ибратли ишлар амалга оширилаётгани эътироф этилди. Вилоят бўйича 18 та кооперацияга жами 667 гектар ер майдони ажратилиб берилган, шундан 1137 нафар фуқаро аъзо этилиб, уларга 30-50 сотихдан ер майдонлари ажратилиб берилган. Бандлик жамғармасидан жами 1 млрд. 745 млн. сўм субсидия ажратилган, шундан 215 гектар боғ, 200 гектар токзор ҳамда 252 гектар сабзовотчилик ташкил этилган.

Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, бугун вилоятда мавжуд 295 та маҳаллаларда истеъқомат қилувчи ҳар бир хонадон ва оилаларнинг турмуш шароити ва ижтимоий аҳволи оғир бўлган қатламининг рўйхати жойлардаги ҳокимликлар ва мутасадди ташкилотлар томонидан “Камбағаллик” тушунчаси аниқ белгиланмаганлиги, унинг хуқуқий мақоми бугунги кунда мавжуд эмаслиги натижасида ҳаққоний тўлиқ рўйхатлари шакллантирилмай келинмоқда.

Камбағалликни қисқартириш ва иқтисодиётни ривожлантириш учун қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам катта ишлар амалга оширилмоқда. Бунинг исботи сифатида соя ўсимлигини пахта орасида етиштириш ва пахта ҳосилидан олдин унинг ҳосилини йиғиштириб олиш ва зафарон ўсимлигини етиштиришни таъкидлашимиз мумкин.

Aйни вақтда Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси "Бранд Инвестмент Гроуп" масъулияти чекланган жамияти билан ҳамкорликда заъфарон плантацияларини ташкил этишни бошлаган. Бу ўсимликнинг биологияси ва етиштириш агротехникасини яхши ўрганиб, фермерларни жалб етсак, даромадли соҳага асос солинади. Зеро, бир гектар плантациядан биринчи йил ўртача 4 килограмм, иккинчи йили 7-8, кейинги йилларда 15-16 килограмм ҳосил олинади. Жаҳон бозорида 1 килограмм хомашёнинг нархи 400 доллардан 1000 долларгача баҳоланар экан. 1 килограм гули 2500 дан 5000 долларгача сотилади.

Бугунги кунда аҳолини камбағалликдан чиқариш бўйича олиб борилаётган ишлар, яъни қишлоқ хўжалик ишларига жалб этилаётган иш ўринлари мавсумий, бир марталик характерга эга экани ачинарли. Бу хулосаларга кўра, аҳолини камбағалликдан чиқариш самарали натижа бериши қийин.

Бунинг учун нима қилишимиз зарур?

Биринчидан, кооперация тўғрисидаги қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш лозим. Иккинчидан, камбағалликни қисқартириш бўйича тегишли вазирликлар томонидан ажратилаётган субсидияларни марказлаштириш, ҳар бир ҳудудда мазкур субсидиялар ҳисобидан аҳолини муқим иш жойи бўлган ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этиш масаласини Республика бўйича кўриб чиқиш. Учинчидан, туман, шаҳар ҳокимлари қарори билан камбағалликни камайтириш бўйича ташкил этилаётган кооперацияларга ажратилиши режалаштирилган субсидияларни ўз вақтида ҳал этиш. Тўртинчидан, турмуш шароити ва ижтимоий аҳволи оғир бўлган катламни бевосита касбга ўқитиш ва тадбиркорликка ўргатиш марказларини ҳар бир ҳудудларда меҳнат бозоридаги талаб ва таклиф асосида ташкил этиш муҳим. Бешинчидан, ҳудудларда норасмий секторда ишловчиларнинг ҳисобини юритиш бўйича дастур ишлаб чиқиш каби масалаларни ҳал этиш лозим.

Aҳолининг камбағал қатламларини қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар Халқ демократик партияси дастурий мақсадлари, электорат манфаатларига ҳам айнан мосдир. Улар, айниқса, коронавирус пандемияси туфайли ўрнатилган чекловлар шароитида аҳоли даромадлари кескин камайиб кетишининг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга.


Ўрол Ўразбоев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш