Инклюзив таълимдаги муаммолар: ижтимоий тўсиқни қандай ва нима учун енгиб ўтишимиз керак?

 

Инклюзив таълим нима дегани? Бу мактабгача, ўрта ва олий таълимни ўзгартириш жараёни бўлиб, барча ногиронлиги бўлган фарзандларимиз ундан фойдаланиши, ушбу таълимни уларнинг турли эҳтиёжларига мослаштириш мумкинлигини кўзда тутади.

Инклюзив таълим ногиронлиги бўлган болаларга нисбатан ҳар қандай камситишни истисно этадиган, барча учун тенг муомалани таъминлайдиган, лекин махсус таълим эҳтиёжига эга болалар учун зарур шароит яратадиган мафкурага асосланади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида барча учун таълим олиш ҳуқуқи кафолатланган. Миллий қонунчилигимизда ҳам ногиронлиги бўлган шахслар учун салоҳиятларини юзага чиқаришда тенг ҳуқуқлар белгиланган. Мактабга қатнай олмайдиган имконияти чекланган болаларнинг уй шароитида ўқитилишига давлатимиз томонидан алоҳида аҳамият берилаётган бўлса-да, жойлардаги мутасаддиларнинг эътиборсизлиги оқибатида бу шаклда билим бериш жараёни сифатли ташкил этилмаяпти.


Нималарга эътибор қаратиш лозим?

Хўш, ногиронлиги ва ривожланишда нуқсонлари бўлган болалар сифатли таълим олишлари ва кейинчалик муносиб иш топишлари учун уларга ҳақиқий инклюзив шароитларни қандай яратиш мумкин?

Энг аввало, болалар боғчалари ва мактабларни ногиронлик аравачасидаги, яхши кўра олмайдиган ёки эшита олмайдиган болалар учун қулай қилиб режалаштирилиши, пандуслар қуриш, лифтлар, огоҳлантирувчи белгилар ўрнатиш каби архитектура-қурилиш ишлари белгиланган нормативлар асосида бажарилиши керак. Кейинги навбатда, эса инклюзив таълимга мослаштирилган таълим масканлари тарбиячи, ўқитувчилари ва тьюторларига зарур шарт-шароитлар яратиш, уларнинг устама ҳақларини ошириш масаласига эътибор қаратилиши лозим. Яна бир муҳим вазифа, бу жамиятни ижтимоийлаштириш, яъни, ногиронлиги бўлган болалар ва умуман ногиронлиги бўлга шахсларга нисбатан жамият муносабатини тўғри шакллантиришдир. Бунда, ногиронлиги бўлган инсонларнинг кундалик турмуши, жамиятга қай тарзда ва даражада интеграциялашаётгани, уларнинг ижтимоийлашуви қандай кечаётгани, билим олиш, меҳнат фаолияти, мажбурий ёлғизликни қандай енгиши, оиласи, бўш вақтларини қандай ўтказиши ҳақида мақолалар, кўрсатувлар, театр, кинолар яратилиши ва ОАВларида кенг ёритилиши яхши таъсир кучига эга бўлади.


Ижродаги вазифалар

Ногиронлиги бўлган шахсларни жамият ҳаётига интеграциясини яхшилаш, инклюзив таълимни жорий этиш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш масалалари Ўзбекистон ХДПнинг Сайловолди дастурида белгиланган устувор вазифалардан бўлиб, бугунги кунда сайловолди дастуридаги вазифаларни амалга ошириш бўйича зарур ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон ХДП фракцияси ташаббуси билан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасининг “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасида мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш, кексалар,пенсионерлар, ногиронлиги бўлган болалар ва катталарга тиббий-ижтимоий ёрдамнинг барқарор тизимини яратиш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини муҳофазалаш соҳасида замонавий услублар, ҳалқаро стандартларни жорий этиш масалалари киритилган.

Мавзу бўйича яна бир қонун лойиҳаси, бу 2020 йил 28 апрель куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилган, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “Ногиронлиги бўлган болаларга таълим-тарбия бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони лойиҳаси ва 2030 йилгача Ўзбекистонда инклюзив (интеграциялашган) таълимни ривожлантириш концепцияларидир.

Ушбу қонун, фармон ва концепцияларни ишлаб чиқилиши ва тез орада қабул қилиниши ногиронлиги бўлган шахсларнинг муаммоларини ҳал қилинишида муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.


Малика Рашидова,

ЎзХДП Марказий Кенгаши сектор мудири.

← Рўйхатга қайтиш