Камбағалликни қисқартириш ўз қўлимизда

 

Бугун дунёда юзага келган вазият инсоният олдига иккита муаммони қўйди. Уларнинг ечимини излаш бўйича тезкор чоралар кўриш зарурлигини замоннинг ўзи тақозо қилмоқда. Бу аввало, инсон саломатлиги билан боғлиқ бўлса, иккинчиси бевосита оила даромади, рўзғорни тебратиш билан боғлиқдир.

Ҳозирги пандемия шароитида айрим оилалар даромад манбаини йўқотди. Карантин чекловлари ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг бирламчи эҳтиёжларини қондириш масаласини кўндаланг қилиб қўйди. Иш ўринларининг вақтинчалик қисқартирилиши бошқа бир қатор давлатларда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам бирмунча қийналиб яшаб келаётган ижтимоий кўмакка муҳтож аҳолининг турмуш даражасига ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Маълумотларга кўра, дастлабки ҳисоб-китоблар мамлакатимизда пандемия 450 мингга яқин оилалар даромадига таъсир қилиши мумкин.

Шунинг учун ҳам куни кеча Президент раҳбарлигида ўтказилган селекторда камбағалликни қисқартириш, ижтимоий кўмакка муҳтож қатламни ижтимоий муҳофаза қилиш ҳамда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Бу борадаги сусткашликлар қаттиқ танқид қилиниб, устувор вазифалар белгилаб берилди.

Хусусан, аҳолимиз катта умид билан кутиб турган Истеъмол саватчаси ва яшаш минимуми тўғрисидаги қонунни октябр ойига қадар қабул қилиш бўйича режалаштирилган ишларни тезлаштириш бўйича топшириқ берилди. Партиямиз Сайловолди дастурида белгиланган ушбу масаланинг ҳал этилиши кам таъминланганлик мезонини аниқ белгилаш, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Албатта, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш давлат сиёсатининг устувор йўналишлари сифатида қўйилгани ҳозирги оғир вазиятда аҳолининг мустаҳкам ижтимоий ҳимоясини таъминлашга йўл очмоқда.

Аксарият камбағал оилаларда меҳнатга лаёқатли инсонларимиз бор. Улар ишга жойлаштирилса, бу ўз-ўзидан оилалар даромади ошишига хизмат қилади. Шу тариқа оила камбағалчиликдан чиқади, аҳолининг турмуш даражаси ошади.

Давлатимиз раҳбари ҳар бир фуқаронинг муаммоси билан алоҳида шуғулланиш, бу синовли даврда рақамлар ортидан қувиш эмас, балки халқни рози қилиш учун чин кўнгилдан ишлаш кераклигини таъкидлади.

Ҳар бир раҳбар, мутасадди ўз ҳудудида масъулиятни ҳис қилиб, одамларнинг дардини, оилалар аҳволини кўриб, тушуниб фаолият юритиши керак. Жойларда аҳоли даромадларини ошириш ва камбағалликни қисқартириш имкониятлари кўп. Бундай имкониятларни “Ҳар бир оила — тадбиркор” давлат дастури мисолида, қишлоқ хўжалиги мисолида ҳам кўплаб келтириш мумкин.

Эндиликда оилавий тадбиркорлик учун кредитлар бериш механизми соддалаштирилади. Шу ўринда Ҳар бир оила – тадбиркор дастури орқали расмийлаштирилган кредитлар тўғрисида айрим кузатувларимга тўхталмоқчиман. Аслида ушбу дастурдан мақсад ҳам инсонларни боқимандалик кайфиятидан чиқариш орқали яшаш шароитларини яхшилашдан иборат. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, мақсад аҳолига балиқ етказиб бериш эмас қалмоқ бериб, балиқ тутишни ўргатишдир.

Хўш, бу борадаги муаммолар нималардан иборат? Айрим ижтимоий кўмакка мухтож фуқаролар кредитни қайтара олмаймиз, дея ўзлари бош тортишади. Иккинчидан, уларга эркин бозор нархида қўй-мол ёки парррандаларни сотиб олишларига шартнома тузишга тўсқинлик яратилди. Яъни юридик тадбиркорларимиз етказиб берган нархдаги молни боқиб, бозорга олиб чиқса, бозор нархидан анча қиммат. Учинчидан, айрим фуқароларимиз сектордан кафил бўлиш керак экан, ҳужжатларни расмийлаштириш керак, дея ҳуқуқий кўмакка муҳтож бўлгани сабабли ўз вақтида кредит расмийлаштиришда қийинчиликка учраб, хафсаласи пир бўлади...

Ўтган йилдаги амалга оширган ишлармизни танқидий таҳлил этиб, ҳар бир давлат дастурларининг эгасига манзилли етиб бориши учун аҳоли билан бевосита иш ташкил этадиган мутасадди раҳбарлардан давлат сиёсатини тўғри англаган ҳолда фаолият юритишга чақирардим.

Зеро, ҳар биримиз ўз вазифамизга виждонан ёндашиб, қийналаётган инсон ёки оилага эътибор бериб, давлатимиз томонидан яратилаётган шароитдан фойдаланиши учун ёрдамни аямаслигимиз керак. Биз уларга амалий кўмак берсак, ҳар бир ижтимоий кўмакка муҳтож инсонларнинг ҳаёти яхшиланишига, фаровон бўлишига эришиш мумкин.


Шоҳиста Турғунова,

Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш