Халқимиз ва давлатнинг дунёдаги обрўси ошиши муҳим

 

Мамлакатнинг ривожланиш даражасини кўрсатувчи муҳим омиллардан бири халқаро рейтинг ва индекслардир. Ўз қобиғига ўралиб қолган давлат халқаро рейтингларда кўрсаткичларини яхшилай олмайди. Бу эса халқаро ҳамжамиятдаги обрў ва нуфузга салбий таъсир ўтказади. Президент Шавкат Мирзиёев қабул қилган Ўзбекистон Республикасининг Халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида улар билан тизимли ишлашнинг янги механизмини жорий қилиш тўғрисидаги фармон шу жиҳатдан катта аҳамиятга эгадир.

Фармонда қайд этилганидек, инсон ҳуқуқлари ҳимоясини кафолатлаш, аҳоли турмуш даражасини ошириш, иқтисодий фаолиятда эркинликни таъминлаш, суд-ҳуқуқ соҳасини такомиллаштириш йўналишларидаги ислоҳотлар мамлакатимизнинг халқаро рейтинг ва индекслардаги кўрсаткичлари ошишига асос бўляпти. Масалан, кейинги тўрт йил мобайнида мамлакатимиз Мерос жамғармасининг “Иқтисодий эркинлик” индексида 52 поғонага, Жаҳон банкининг “Логистика самарадорлиги” индексида 19 поғонага, “Бизнес юритиш” индексида 18 поғонага кўтарилган.

Аммо айрим раҳбарлар рейтинглар билан ишлашга етарлича эътибор қаратмаётгани, халқаро ташкилотлар ўтказаётган сўровларда аксарият ислоҳотлар ўз аксини топмаётгани устувор халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикаси қуйи поғоналарда қолишига сабаб бўляпти.

Бу борадаги камчиликларни чуқур таҳлил қилиш, амалий ишларни жонлантириш мақсадида Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгаши ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси учун устувор бўлган халқаро рейтинг ва индексларда мамлакатнинг ўрнини яхшилаш бўйича давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимини такомиллаштириш, жамиятни демократлаштириш, илғор халқаро тажрибага асосланган давлат ва жамият қурилиши соҳасидаги ислоҳотларни амалга ошириш бўйича ташаббусларни илгари суриш кенгашнинг асосий вазифаларидан бири сифатида белгиланди.

Албатта, битта кенгаш тузиш билан муаммоларни самарали ҳал этиш қийин. Шунинг учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Адлия вазирлиги Кенгашнинг ишчи органлари этиб белгиланди. Мазкур вазирликларнинг халқаро рейтинг ва индексларда мамлакатнинг ўрнини яхшилаш билан боғлиқ фаолиятини Кенгаш назорат қиладиган бўлди.

Устувор бўлган халқаро рейтинг ва индексларда мамлакатнинг ўрнини яхшилаш масъул давлат органлари биринчи раҳбарларининг фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг бош мезонларидан бири этиб белгилангани Фармон аҳамияти, характерини янада равшан кўрсатиб турибди.

Адлия вазирлигида 6 та штат бирлигидан иборат Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бошқармаси ташкил этилгани бу борадаги ишларни тизимлаштириш муҳим аҳамиятга эга бўлади, деб ўйлайман.

Дунёдаги ҳеч қайси давлат ёлғиз ўзи муваффақиятларга эришиб, халқи ҳаётини фаровон қилолмайди. Бунинг учун албатта турли давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлаш керак бўлади. Бу ришталар қанчалик ишончли бўлиши, халқаро ҳамжамият бизга қанчалик ишониши кўп жиҳатдан рейтинглардаги ҳолатимизга боғлиқ. Демак, мазкур йўналишдаги ишлар ҳар томонлама сифатли ва ҳаққоний йўлга қўйилиши халқимизнинг дунёдаги ҳурмати ошишига хизмат қилади.


Шерзод Раҳмонов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш