Болалар қўғирчоқ театри учун бепул жой ажратилди

 

Наманган вилоятида 80 та маданият маркази бўлиб, уларнинг 38 тасида таъмирлаш ишлари олиб борилди. Ушбу маданият марказларида 273 та тўгарак (180 таси пуллик, 93 таси бепул) ва 37 та ҳаваскорлик жамоалари фаолият кўрсатмоқда.

Президентимизнинг шу йил 26 май куни “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг эълон қилиниши соҳа ривожини янги поғонага кўтариши шубҳасиздир.

Фармон билан таниша туриб, 2019 йилда партиямиз депутатлик гуруҳи томонидан вилоятимизнинг Поп туманидаги 7-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабидаги олиб борган ўрганишларимиз эсимга тушди. Ўшанда мусиқа мактабида меҳнат қилаётган ўқитувчилар ойлик маошлари пастлиги, ўқув қуролларининг етарли эмаслиги ҳамда махсус адабиётларнинг етишмаслиги каби муаммолар бор эди. Ачинарлиси, мазкур муаммоларни ҳал қилиш учун эса бир қанча тўсиқлар мавжуд эди. Ишонаманки, эндиликда ушбу Фармон билан мана шундай муаммолар ўз ечимини топади.

Шу билан бирга, республикамиздан танлаб олинган ҳудудлари сингари Наманганда ҳам қўғирчоқ театрларини ташкил этиш, қўғирчоқ театрлари биноларини қуриш, мавжуд биноларни реконструкция қилиш ҳамда замонавий жиҳоз ва ускуналар билан таъминлаш бўйича вазифаларни белгиланиши қувончли бўлди. Президентимизнинг вилоятимизга кейинги ташрифларидаги учрашувлар жараёнида аҳоли вакиллари томонидан билдирилган талаб асосида Чуст туманида қўғирчоқ театри ташкил этилгани бу масаладаги халқ талаби ва эҳтиёжининг моҳиятини яққол кўрсатиб берганди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳам мазкур йўналишдаги ўзгаришларни, соҳа ривожи учун қилинаётган амалий ишларни қўллаб-қувватлаган ҳолда, доимо ўз ҳиссасини қўшишга интилиб келади. Хусусан, вилоятимиз аҳлида қўғирчоқ театри томошаларига бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, ногиронлиги бўлган болажонларнинг “Ҳаёт арт” қўғирчоқ театри студияси учун партиянинг вилоят кенгаши биносидан бепул жой ажратиб берилди.

Мазкур фармон партиямиз электорати бўлган эҳтиёжманд оилалар фарзандларини истеъдодини рўёбга чиқаришда катта туртки бўлиши ишониб қоламиз.


Илҳомжон АТАБАЕВ,

Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят кенгаши раиси.

← Рўйхатга қайтиш