Муаммонинг илдизига етмай, натижани ўзгартириб бўлмайди

 

Сиёсий партия парламент сайловлари арафасида илгари сурган янги ташаббус ва ғояларни амалга оширишнинг энг самарали йўлларидан бири қонун қабул қилиш ёки амалдаги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишдир. Шунинг учун парламент Қонунчилик палатасидаги Халқ демократик партияси фракцияси қонун ижодкорлиги билан боғлиқ фаолиятини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Партия Сайловолди дастурида бир қатор муҳим йўналишларда қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ташаббуси илгари сурилган. Мазкур ташаббусларни рўёбга чиқариш учун фракция аъзолари тизимли иш олиб бориши, қонун ижодкорлигига алоқадор барча жараёнлардан тўлиқ хабардор бўлиши зарур.

Бугун партия Марказий Кенгашида фракция аъзолари иштирокида мана шу масалага бағишланган семинар ўтказилди. Тадбирда қонун лойиҳаларини тайёрлаш ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиш тартиби ҳақида атрофлича сўз юритилди. Булар бўйича қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисидаги қонунда ҳамма масала батафсил белгилаб қўйилган. Ҳар бир депутат, қонун ижодкорлигида иштирок этадиган ходимлар шуларни батафсил ўқиб-ўрганиб олиши зарур.

Фракциянинг қонун ижодкорлиги йўналишидаги фаолиятини кучайтириш бир неча омилларга боғлиқ. Уларни чуқур таҳлил қилмай, сусткашликларга сабаб бўлаётган муаммоларнинг илдизига етмай, натижаларни ўзгартириш, янги, маъноли, асосли ташаббуслар билан чиқишни имкони йўқ.

Тадбирда партия Сайловолди дастурида назарда тутилган қонун лойиҳаларини сифатли тайёрлаш ишларини тизимли ташкил этиш, жараёнга билимли, тажрибали, етук мутахассисларни жалб этиш, мутасадди идоралар, фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Таклиф-тавсиялар асосида керакли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши муҳим аҳамиятга эга.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати.

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш