ЎзХДП фракцияси хусусий бандлик агентликлари ҳақидаги қонун лойиҳаси бўйича қандай фикрда?

 

“Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги қонун 2018 йилда қабул қилинган эди. Қонун қабул қилинганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. Лекин хусусий бандлик агентликлари фаолияти, уларнинг хизматидан фойдалаётган фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига риоя қилиниши масаласида қатор муаммолар юзага келган.

Хусусий бандлик агентлиги иш қидираётган шахсларга иш танлаш ва ишга жойлашиш бўйича, иш берувчилар учун эса кадрлар танлаш бўйича хизматлар кўрсатувчи, шунингдек, ишга жойлаштириш соҳасида ахборот ва маслаҳат хизматлари кўрсатувчи тижорат ташкилоти ҳисобланади. Лекин айрим хусусий бандлик агентликлари томонидан хорижда иш қидираётган шахсларни алдаш ва уларнинг ишончини суиистеъмол қилиш ҳолатлари учраб турибди. Маълум бўлишича, 10 та хусусий бандлик агентликларининг раҳбар ва ходимларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, улар томонидан 7123 нафар фуқарога 72,3 млрд. 888 млн. сўм миқдорида моддий зарар етказилган. Яъни, иш қидириб ёрдам сўраган юртдошларимизнинг шунча пули алдаб олиб қўйилган.

Ана шундай қонунбузарлик ҳолатларининг олдини олиш мақсадида ишлаб чиқилган “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ЎзХДП фракцияси йиғилишида атрофлича муҳокама этилди. Депутатлар қонун лойиҳасидан кўзланаётган мақсадни тўлиқ қўллаб-қувватлашди.

Шу билан бирга, фракция аъзолари хусусий бандлик агентликларининг мижозлар олдидаги мулкий жавобгарлигини оширишга қаратилган меъёрларни чуқур таҳлиллар билан асослаш кераклигини таъкидлашди.

Хусусий бандлик агентликлари томонидан фуқароларга етказилган моддий зарар миқдорининг катталиги ва уни хусусий бандлик агентликлари захира қилиб қўядиган эллик минг АҚШ доллари ҳисобидан қоплаб бўлмаслигини ҳисобга олган ҳолда, лойиҳада ушбу маблағлар миқдорини тўрт баравар ошириш таклиф этилмоқда.

Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари ушбу миқдордаги маблағни белгилашда айнан нималар асос қилиб олингани, бу ҳалол ишлайдиган агентликлар фаолиятига тўсиқ бўлиб қолмаслиги кераклиги бўйича қатъий саволларни ўртага ташлашди.

 

Фирдавс Шарипов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

– Шу ҳақдаги саволимизга Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Муҳитдинов жавоб берди. Унга кўра, вазирлик томонидан хусусий бандлик агентликлари фаолияти, уларнинг фуқароларни ишга жойлаштириши, пул айланмалари, тушумлари миқдори ўрганилган. Шундан келиб чиқиб, шунча миқдор белгилангани айтилди. Тўғри, таҳлиллар бор, деб айтилди, лекин фракцияга ўртача таҳлиллар ҳам тақдим этилмади. Қонунга киритилаётган ҳар бир ўзгартириш, айниқса, маблағ билан боғлиқ ўзгартириш ҳар томонлама асослантирилиши зарур, деб ҳисоблаймиз.

Шу ва бошқа бир қанча киритилаётган ўзгартиришлар келгусида фуқароларнинг яна алданишини олдини олиши қийин, деб ўйлаймиз. Яна бир масала бор. Хусусий бандлик агентликлари захира қилиб қўядиган 50 минг АҚШ долларининг тўрт баравари миқдорида оширилиши аҳоли бандлигини таъминлашга тўсиқ бўлиши мумкин. Чунки хусусий бандлик агентликларининг ҳаммаси ҳам ушбу маблағга эга эмас. Қайсидир ташкилотнинг ёки кимнингдир хизмат вазифасини суиистеъмол қилиши оқибатида бошқа ташкилотлар ҳам бунга жавоб бериши ижтимоий адолатга тўғри келмайди.

Яна бир томони, бу фуқароларни мамлакатимиз корхоналарида ҳамда чет элда иш билан таъминлаш имкониятларини кенгайтириш ўрнига, жараёнга акс таъсир кўрсатиши мумкин.

Фракция аъзолари ана шу жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда, қонун лойиҳасини ҳамкорликда такомиллаштириш, турли нуқтаи назарларни ҳисобга олиш муҳимлигини таъкидлашди. Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан маъқулланиб, кейинчалик изчил иш олиб боришга келишиб олинди.

 

www.parliament.gov.uz

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш