Чекка ҳудудларда ахборот технологияларидан фойдаланиш учун қатор муаммолар бор...

 

Илм, фан ва техника соҳасини ривожлантириш бугунги куннинг энг асосий талабидир. Ҳозир замон талаби шундай. Дунёнинг тараққий топган мамлакатлари рақамли тизим имкониятларидан кенг фойдаланмоқда, соҳалар ривожи шу тариқа янада жадаллашиб бормоқда. Мамлакатимизда ҳам бунга алоҳида эътибор қаратилиб, илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, соҳага малакали, етук кадрларни кенг жалб этиш масаласи кун тартибида турибди.

Шу йил 28 апрелда давлатимиз раҳбарининг “Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. Қарорда белгиланган вазифаларни сифатли амалга ошириш ва координация қилиш учун Бош вазир маслаҳатчиси лавозими жорий этилди, аниқ вазифалар белгилаб берилди. Шундан келиб чиқиб, ахборот технологиялари ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар бўйича Президентимиз ҳузурида тақдимот ҳам ўтказилди.

Бу борадаги мақсадларга замонавий дастурчилар тайёрлашни жадаллаштириш орқали эришиш мумкинлиги инобатга олиниб, амалга оширилган ишлар бўйича ҳисобот берилди. “Бир миллион дастурчи” лойиҳасининг дастлабки босқичида 62 мингдан зиёд ўқувчи қамраб олиниб, уларнинг 5 минг 400 нафарига малака сертификати берилди.

Жорий йил якунига қадар 100 мингта ва 2021 йилнинг биринчи ярмида яна 150 мингта ўқувчини ўқитиш, талабаларнинг дастурий таъминот бўйича малакасини ошириш вазифаси белгиланди. 5-синфдан ўқитиб келинаётган “Информатика” фанини замонавий технологиялардан келиб чиқиб такомиллаштириш, ушбу фанга “Бир миллион дастурчи” лойиҳасига доир йўналишларни киритиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Ўтган даврни сарҳисоб қилиб, фаолиятни танқидий таҳлил этган ҳолда келажакка режалар тузилса, албатта, керакли натижага эришилади.

2004-2009 йилларда умуммиллий дастур орқали барча мактабларни бешта йўналиш бўйича моддий-техника базаси мустаҳкамланди. Улардан бири мактабларга информатика ўқув хоналари учун компютер синфлар жиҳозланди. Хўш, булар ўз самарасини бердими?

Аввало, таъкидлаш керакки, умумий ўрта таълим мактабларининг аксариятига 15 нафар ўқувчига мўлжаллланган комьпютер ўқув хоналари жиҳозлаб берилди холос. Бу эса барча фанлар бўйича электрон дарсларни ташкил этиш имкониятини бермади.

Шунингдек, электр энергиясидаги узилишлар чекка туманлардаги мактабларда ахборот технологияларидан фойдаланишга тўсиқ бўлди. Ноябрь - апрель ойларида ёшларга замонавий ахборот технологиялари имкониятларидан фойдаланиш орқали таълим бериш ишларида қатор муаммоларга дуч келинди.

Электр энергиясидаги носозликлар комьпютерларнинг тезда яроқсиз бўлиб қолишига ҳам сабаб бўлди. Мактабнинг харажатлар сметасида эса уларни таъмирлашга етарлича маблағ назарда тутилмагани учун ўқитувчилар ўқувчига сифатли таълим бериш учун эмас, сон саноғи йўқ текширувчилар учун комьпютерларни асраш билан оввора бўлишди.

Яна бир масала. Интернет тармоғига уланиш бўйича муаммолар ҳам оз эмас. Ҳозир ҳам аксарият мактабларда оптик толали интернет линиясига уланиш бўйича муаммолар етарли.

Ҳудудларда рақамли тизим имкониятларидан фойдаланиш бўйича муаммолар кўп бўлса, биз қандай қилиб ушбу соҳани ривожлантирамиз? Ахборот технологияларисиз ҳаётни, кундалик турмушни тасаввур қилиб бўлмайдиган ҳозирги шароитда бу масалага кўз юмишга ҳаққимиз йўқ, деб ўйлайман.

Бугун рақамли иқтисодиёт, “электрон ҳукумат” хизматларига талаб кундан-кунга ошиб бормоқда. Лекин ҳозир 780 турдаги давлат хизматидан бор-йўғи 185 тасидан “электрон портал” орқали фойдаланиш имкони мавжуд. Аксарият ташкилотларда иш жараёнини рақамлаштириш фақат ҳужжат алмашинувини электронлаштириш билан чекланиб қолиняпти.

Шу боис “Электрон ўқитиш дастури” орқали ўқиб, диплом олган дастурчиларни давлат ва хўжалик муассасаларига IT мутахассис сифатида ишга олиш зарурлиги таъкидланди. Улар ташкилотларнинг барча фаолиятини анъанавий электрон форматдан рақамли кўринишга ўтказишга масъул бўлади.

Мисол учун, бугунги кунда камбағал оилаларга кредит ва субсидиялар бериш масаласини махсус электрон дастур аниқ мезонлар асосида автоматик равишда белгилаши керак. Ёки реконструкция қилинадиган таълим муассасасининг автоматик тарзда аниқланиши, инсон факторининг аралашувини олдини олиш тизимда тўпланиб қолган муаммоларни ечимига замин яратади.

Умуман олганда, IT инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг бу борадаги саводхонлигини ошириш давр талабидир. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига барча ҳудудларда рақамли технологиялар бўйича камида 100 та ўқув маркази очиш вазифаси қўйилди. Бу даргоҳларда дастурлаш асослари, электрон савдо ва графикли дизайн каби йўналишлар бўйича қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилади.

Мамлакатда маданий хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш, ёшларнинг мафкуравий иммунитетини ошириш, ижодий-интелектуал салохиятини ошириш, уларни компютер технологиялари, дастурлаш асослари ва робототехника, компютер ўйинлари ва компьютер спортига (киберспортга) жалб қилишга кенга кўламли ишлар амалга оширилаётгани албатта, соҳа ривожини таъминлашга катта ҳисса қўшади.

 

Шоҳиста Турғунова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати ,

Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш