Истеъмол саватчаси кам таъминланган оилаларнинг ижтимоий ҳимояси учун зарур

Шу йилнинг 3 июнь куни Президентимиз раислигида камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида 2020 йил 1 октябргача тирикчилик учун зарур энг кам миқдор ҳамда минимал “истеъмол саватчаси”нинг ҳуқуқий асослари ишлаб чиқилиши бўйича вазифа қўйилди.

Камбағалликни қисқартириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар бошланди. Бу эса ўз-ўзидан бўладиган жараён эмас. Аҳолининг турмуш даражасини ошириш, камбағалликни қисқартириш бир қатор омилларга боғлиқ. Бунинг учун аввало, камбағалликни белгиловчи мезонларни аниқлаштириб олишдир. Тирикчилик учун зарур энг кам миқдорни белгилаш ана шу мезонни очиқлашга хизмат қилади.

Конституциямизнинг 39-моддасида пенсиялар, нафақалар, ижтимоий ёрдам бошқа турларининг миқдори расман белгилаб қўйилган тирикчилик учун зарур энг кам миқдордан оз бўлиши мумкин эмаслиги назарда тутилган. Очиғини айтиш керак, йиллар давомида ушбу меъёр ишламади. Тирикчилик учун зарур энг кам миқдорни белгилаш мезонлари шу вақтга қадар аниқланмади. Ижтимоий ҳимоя тизимидаги кўплаб муаммоларнинг асосий сабаби пенсия ва нафақалар миқдорини белгилашда муҳим омил бўлган истеъмол саватчаси ва яшаш минимуми меъёрларининг жорий қилинмагани билан ҳам боғлиқ.

“Истеъмол саватчаси” тушунчасини оддий тилда изоҳлайдиган бўлсак, инсон эҳтиёжлари ва мукаммаллиги саватчасидир. Ҳар бир оиланинг тўлақонли яшаши, фарзандларига таълим-тарбия бериши, саломатлиги ва моддий-маънавий таъминоти мезонини англатади. Демак, бу тизим амалиётга жорий этилса, оилаларнинг турмуш фаровонлиги янада яхшиланади.

Истеъмол саватига киритилган товар ва хизматлар тўплами ҳар бир мамлакатда бир-биридан фарқ қилади. Масалан, АҚШда “истеъмол саватчаси”га 300 номдаги, Германияда 475 номдаги, Англияда 350 номдаги, Россияда 156 номдаги товар ва хизматлар турлари киради.

 Айтиш керакки, “истеъмол саватчаси”ни белгилашда минимал озиқ-овқат қисми муҳим ўрин тутади. Истеъмол саватининг таркиби давлат даражасида белгиланади ҳамда бир қатор табиий-иқлим шароити, аҳолининг асосий ижтимоий-демографик гуруҳлари, ноозиқ-овқат товарлар ва хизматлар истеъмол қилинишидаги миллий анъаналар, маҳаллий хусусиятлар каби омилларга боғлиқ бўлади. У инсоннинг нормал ҳаёт кечириши учун зарур бўлган озиқ-овқат, ноозиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда хизматларни ўз ичига олади. Яъни, одамнинг даромади яшаш учун зарур бўлган энг муҳим эҳтиёжларини қаноатлантиришга етиши керак.

Кўп давлатларда ижтимоий нафақалар шунга қараб белгиланади. Мамлакатимизда истеъмол саватчасига оид тушунчалар ҳуқуқий тартибга солиниши аҳоли даромадлари «яшаш минимуми» ва «истеъмол саватчаси»га мос бўлишига асос яратади.

Аҳолининг муносиб ҳаёт даражасини таъминлаш учун зарур бўладиган яшаш минимумини белгилаш ва истеъмол саватчаси тушунчасини қонун билан мустаҳкамлаш ҳамда ҳаётга татбиқ этиш партиямиз Сайловолди дастуридаги энг муҳим йўналишлардан ҳисобланади. Шунинг учун Халқ демократик партияси фракцияси ушбу муҳим вазифани бажаришга киришган. Депутатлар, партия фаоллари ва экспертлардан иборат ишчи гуруҳи “истеъмол саватчаси” ва “яшаш минимуми”ни белгилаш бўйича хорижий тажрибани ўрганиш ва таҳлил қилиш ишларини кенг кўламда олиб боряпти. Яшаш минимуми ва “истеъмол саватчаси” бўйича қонун лойиҳаси концепциясини тайёрлаш устида қизғин фаолият олиб бормоқда.

Жамиятда ижтимоий тараққиёт ва барқарорлик бўлса, аҳолининг турмуш даражаси юксалади, фаровонлик ошади. Одамлар ҳаётдан рози бўлиб яшайди. Бунга ижтимоий муҳофаза тизими билан боғлиқ муаммоларни ҳал этмасдан эришиб бўлмайди, албатта. Мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш, тирикчилик учун зарур энг кам миқдор ҳамда минимал “истеъмол саватчаси”нинг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ана шу мақсадга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

 

Малика Рашидова,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши сектор мудири

Теглар

Тошкент Лойиҳаларимиз Фахрий Депутат
← Рўйхатга қайтиш