Ўзини ўзи банд қилган фуқароларга қатор енгилликлар яратилмоқда

 

8 июнь куни давлатимиз раҳбари «Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги қарорни қабул қилди. Унга кўра, қўлида касб-ҳунари бор одамларга муносиб шароит яратиш белгилангди.

Пандемия туфайли юртимизда камбағал аҳоли ва ишсизлар сони ошди, оилалар даромади камайди. Шунинг учун қисқа фурсатда янги иш ўринлари яратиш, кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни фаол қўллаб-қувватлаш ниҳоятда долзарб масалага айланди. Шу маънода давлатимиз раҳбарининг ушбу қарори аҳолининг самарали меҳнат қилиши, моддий манфаатдорлигини ошириш, ижтимоий фаоллигини кучайтиришда муҳим аҳамиятга эга бўлди. 

Қарорга мувофиқ, шу йил 1 июлдан бошлаб ўзини ўзи банд қилган шахсларни рўйхатга олиш хабар бериш тартибида ўзини ўзи банд қилган сифатида рўйхатдан ўтганликни тасдиқловчи матрицали штрих код (QR-код) берган ҳолда махсус мобил илова ёхуд солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали амалга оширилади ҳамда вақтинчалик меҳнат гувоҳномаларини бериш тартиби бекор қилинади. Оддий тилда айтганда, фуқаролар ўзини ўзи банд қилганлардан сўнг ҳудудий солиқ органларини хабардор қилганининг ўзи кифоя бўлади.

Амалда ўзини ўзи банд қилганларнинг 24 та фаолият турига рухсат берилган эди, эндиликда эса бундай фаолият турлари 67 тага кўпайтирилди. Яна бир аҳамиятли томони, ўзини ўзи банд қилган шахслар 2020 йил учун ижтимоий солиқни ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ҳақиқатда ишлаган вақтидан қатъи назар, базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 50 фоизи ҳажмида тўлайди ҳамда ушбу сумма тўлиқлигича бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига йўналтирилади. Шулардан  келиб чиққан ҳолда, якка тартибдаги тадбиркорлар учун ўрнатилган тартибда пенсия ҳисоблаш учун даромад ҳажми аниқланади.

Амалдаги тартибга асосан ҳудудий меҳнат бўлимлари орқали вақтинчалик гувоҳномалар берилар эди, эндиликда эса бу тартиб ҳам бекор қилинади. Шу пайтга қадар ўзини ўзи банд қилган фуқаролар яшаш жойидан рўйхатдан ўтган бўлса, эндиликда эса тадбиркорликни амалга ошираётган жойидан рўйхатдан ўтиш имконияти берилди.

Умуман олганда, қарор билан тадбиркорларимиз учун кўплаб қулайликлар яратилди. Эндиликда тадбиркорларимиз жойидан чиқмаган ҳолда, уйда ўтириб, мобиль иловадан фойдаланган ҳолда буюртма бериши, якка тартибдаги тадбиркорларимиз ҳам буюртмаларни қабул қилиш, кўрсатилган хизматлар (товарлар) учун тўловларни амалга ошириши мумкин.  

Мобиль илова ёрдамида ихтиёрий асосда даромадлар ва харажатлар ҳисобини юритиш ҳамда ушбу маълумотлардан кейинчалик, шу жумладан, кредит олиш ва (ёки) солиқларни ҳисобдан чиқариш мақсадида фойдаланиш  имконияти ҳам яратилди.

Аҳамиятли яна бир томони, ўзини ўзи банд қилган якка тартибдаги тадбиркорларимиз мобиль иловалари орқали ўзларини реклама қилишлари ҳам мумкин.

Доимий иши, даромади бор одамнинг рўзғори бут, бугуни ва эртасидан кўнгли тўқ бўлади. Ушбу қарор мустақил иш бошлаш ниятида юрган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

 

Ўрол Ўразбоев,

Халқ демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш