Одамлар ўзлари учун қулай бўлган формат ва шароитда ишлайди

 

Фрилансинг йўналишда иш билан таъминлаш, маблағ топиш ва талабга доир ишни бажариш шартлари кўпгина қулайликлар келтириши билан аҳамиятли ҳисобланади. Одамлар ўзлари учун қулай бўлган формат ва шароитда ишлайди. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда ушбу йўналишдаги меҳнатни рағбатлантириш бўйича имкониятлар яратилмоқда.

Аҳолини тадбиркорлик фаолиятига янада кенг жалб қилиш ва қонуний меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун қўшимча шарт-шароитларни яратиш мақсадида давлатимиз раҳбарининг “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Доимий иши, даромади бор одамнинг рўзғори бут, бугуни ва эртасидан кўнгли тўқ бўлади.

Солиқ кодексига мувофиқ, ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг меҳнат фаолияти натижасида олинган даромадлари жисмоний шахслар жами даромадлари таркибига киритилмаслиги белгиланган.

Шу йил 1 июлдан ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхати кенгайтирилди. Бу иш бошлашга иштиёқи бор фуқароларни қўллаб-қувватлаш ва уларни янада рағбатлантириш, меҳнат қилиши учун шароит яратишда катта аҳамиятга эга, албатта.

Эндиликда  ўзини ўзи банд қилган шахсларни масофадан туриб рўйхатга олиш учун бир қатор имкониятларни назарда тутувчи мобил илова ишлаб чиқилади. Буюртмаларни қабул қилиш ва кўрсатилган хизматлар (товарлар) учун тўловларни амалга ошириш, юридик шахсларга хизматлар кўрсатишда (товарларни сотишда) электрон ҳисоб-китоб фактураларни тақдим қилиш, мобил илова ёрдамида ихтиёрий асосда даромадлар ва харажатлар ҳисобини юритиш имкони юзага келади. Ушбу маълумотлардан кейинчалик, шу жумладан, кредит олиш ва (ёки) солиқларни ҳисобдан чиқариш мақсадида фойдаланиш, ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг товарларини (ишларини, хизматларини) реклама қилиш, кўрсатилаётган хизматлар (товарлар) сифатини баҳолаш ва истеъмолчилар томонидан фикр-мулоҳазалар қолдириш учун қулайликлар яратилади.

Яна бир аҳамиятли томони, тадбиркорлар учун “Бизнес навигатор” ахборот тизими ишга тушириладиган бўлди. Бу орқали ишбилармонлар учун кўплаб имкониятлар яратилади:

  •  тадбиркорлик фаолиятининг тегишли ҳудуддаги рақобатбардош турини танлаш;
  •  кредит олиш учун зарур бўлган бизнес-режа лойиҳаси ва ҳужжатлар тўпламини шакллантириш;
  •  тегишли тадбиркорлик фаолияти учун тақдим этилган имтиёз ва преференциялар тўғрисида маълумот олиш;
  •  тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун кўчмас мулк объектларини танлаш.

Умуман олганда, ушбу қарор партиямиз электоратининг иш бошлаши учун қатор имтиёзларни тақдим этади. Негаки, аҳоли, хусусан, кам таъминланган оила вакиллари ўз мустақил ишини йўлга қўйиши, даромадини кўпайтириши учун кўплаб қулайликлар яратилмоқда, имтиёзлар белгиланмоқда.

Албатта, яратилаётган бу имкониятларнинг барчаси албатта халқимиз турмуш даражасини яхшилашга хизмат қилади. Лойиҳалар, режалар ўз-ўзидан амалга ошмайди. Бунга масъул бўлган ташкилотлар, шу билан бирга, депутатлар зиммасига жуда катта масъулият юкланади. Яратилган имкониятлар ва берилаётган имтиёзлардан аҳолининг хабардорлик даражасини ошириш талаб этилади.

 

Шоҳиста Турғунова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш