Ногиронлиги бўлган болаларнинг таълим олишида қандай муаммолар бор?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда депутатлар томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўрилаётган янги таҳрирдаги “Таълим тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси муҳокама этилди.

Депутатлар томонидан таъкидланганидек сўнгги йилларда мамлакатимизда малакали кадрларга бўлган эҳтиёжнинг кескин ортиши, барча соҳаларда халқаро ҳамкорликнинг кенгайши, таълим тизимини тубдан такомиллаштириш ва таълимни халқаро ҳамжамият билан уйғунлашган ҳолда олиб боришга зарурият туғдирмоқда.

 

Шуҳрат Турсунбоев, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Қонун лойиҳасига бир қатор янги моддалар киритилмоқда. Булар катта ёшдагилар таълими, махсус таълим, инклюзив таълим, якка тарибда педагогик фаолият билан шуғулланиш, давлат – хусусий шериклик, таълим соҳасига инвестицияларни киритиш, таълим соҳасидаги давлат назорати, таълим муассасаларининг ўзини ўзи баҳолаши, таълим иштирокчиларининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарликлари, таълим соҳасида экспериментал ва инновацион фаолият билан боғлиқ йўналишларни қамраб олган.

Шунингдек, янги таҳрирдаги ушбу қонун лойиҳасида таълим олувчиларни таълим олиш ёки педагог кадрларни таълим фаолияти билан боғлиқ бўлмаган бошқа ишларга жалб этишнинг тақиқланиши ва бунда раҳбарларнинг жавобгарлиги белгиланмоқда. Таълим соҳасидаги давлат бошқарув органларининг ваколатлари ва таълим муассасаларининг фаолияти эркинлиги кенгайтирилди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сайловолди дастурида жисмоний имконияти чекланган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.

Шундан келиб чиқиб ЎзХДП фракцияси аъзолари қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳасига бир қатор таклифлар беришди. Муҳокамаларда ногиронлиги бўлган болаларнинг таълим олиши учун шароитларни кенгайтириш, уларни таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш квоталарини кўпайтириш кераклиги алоҳида таъкидланди.

Фракция аъзоларининг қайд этишича, Ўзбекистонда ногирон болалар таълим ва тарбиядан тенг шароитда баҳраманд бўлиши учун шароитлар яратиш мақсадида инклюзив таълимни ривожлантириш кўзда тутилаяпти. Бу бевосита ушбу қонун лойиҳасига ҳам алоқадор масала. Демак, ногиронлиги бўлган болалар учун инклюзив таълимни янада ривожлантириш бўйича тартиб-қоидалар белгиланиши керак.

Яна бир муҳим масала, ногиронлиги бор болаларни ривожланишнинг дастлабки босқичларида таълим олишга тенг имкониятлар яратиш бўйича қонунчиликдаги нормаларни мустаҳкамлаш кераклиги таъкидланди. Масалан, уларнинг аксариятида ногиронликнинг енгил шакллари намоён бўлсада, улар махсус таълим муассасалари ва коллежларда ўқишга мажбур бўлишмоқда. Махсус таълим муассасаларда эса таълим сифати кутилгандек юқори бўлмаяпти. Жисмоний тўсиқлар ва мактабларда ногиронлиги бор болалар учун оқилона қулайликлар мавжуд бўлмаганлиги туфайли улар одатда уйда таълим олишга мажбур бўлишади. Бундай таълим эса олий таълим муассасалари умумий талабларига жавоб бермайди ва у кейинчалик уларнинг олий маълумот эгаси бўлиши учун бир қатор тўсиқларни келтириб чиқаради. Ўзбекистонда ногиронлиги бор болаларнинг умумий таълим тизимида таҳсил олиш учун тенг имкониятларини таъминловчи инклюзив таълим ривожини таъминлаш кераклигини фракция аъзолари алоҳида эътироф этишди. Бу партия электорати манфаатларига хизмат қилади.

Йиғилиш якунида, Ўзбекистон ХДП фракцияси азолари ушбу қонун мукамал, халқчил ва тўғридан-тўғри ишлайдиган қонун бўлиши бўйича бир қатор таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар.

Бундан ташқари йиғилишда “Бола ҳуқуқлари кафолатларининг янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва кўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси атрофлича кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрдаги Қонуни билан тасдиқланган Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

 

Аксавли Тумишова, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Қонун лойиҳасига кўра, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи иш юритилаётган даврда исталган вақтда ҳимоячидан воз кечишга ҳақлидир. Бундай воз кечишга фақат гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг ташаббуси билан ва ҳимоячининг ишда иштирок этишига суриштирувчи, терговчи ёки суд томонидан адвокат таклиф этиш орқали таъминланадиган реал имкониятлар мавжуд бўлгандагина йўл қўйилади. Бунда адвокат ўз ҳимояси остидаги шахс билан холи учрашганидан кейин ҳимоядан воз кечилганлигини тасдиқлайди. Бу ҳақда гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, шунингдек адвокат, суриштирувчи ёки терговчи имзолайдиган баённома тузилади ёхуд суд мажлиси баённомасига ёзиб қўйилади.

Вояга етмаган гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ёки жабрланувчининг илтимосига кўра, ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган шахслар билан бир қаторда унинг яқин қариндошларидан бири ёки ўзи ишонадиган бошқа шахс ишда қонуний вакил сифатида иштирок этишига йўл қўйилиши мумкин. Вояга етмаганнинг қонуний вакили ўзи вакиллик қилаётган шахсга нисбатан ўтказиладиган барча процессуал ҳаракатларда иштирок этади.

Қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 7 январдаги “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунининг бир қатор моддалари тўлдирилмоқда. Унга кўра, Давлат болага нисбатан эксплуатация ва зўравонликнинг барча шаклларини, шунингдек, улар содир этилишига сабаб бўлувчи омиллар ҳамда шарт-шароитларни аниқлаш ва бартараф этиш чораларини кўради. Давлат эксплуатация ва зўравонликка учраган болаларга зарур педагогик, психологик, тиббий, юридик ёрдам кўрсатиш чораларини кўради.

Шунингдек, Жиноят процессининг иштирокчиси ҳисобланган бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатлари ҳам мустаҳкамланмоқда. Ушбу моддага асосан, давлат судга қадар иш юритиш ва суд муҳокамасининг ҳамма босқичларида болаларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган барча процессуал ҳуқуқларига риоя этиш ҳамда улар кафолатларини таъминлаш чораларини кўради. Болага ҳар қандай руҳий ёки жисмоний таъсир ўтказиш, уни кўрсатмалар бериш ёки айбини тан олишга мажбурлаш тақиқланади.

Судга қадар иш юритиш ва суд муҳокамаси жараёнида болаларга нисбатан улар қонуний вакиллари иштирокисиз процессуал ҳаракатлар ўтказиш тақиқланади. Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда вояга етмаганга нисбатан процессуал ҳаракатлар унинг катта ёшдаги яқин қариндоши, педагог ёки бошқа вакили иштирокида ўтказилиши мумкин.

Болалар жиноятчилиги тўғрисидаги ишлар бўйича судга қадар иш юритиш ва суд муҳокамасининг барча босқичларида ҳимоячи иштироки мажбурий ҳисобланади. Бола ва уни қонуний вакилларининг ҳимоячидан воз кечиши ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Қонун ҳужжатларида жиноят процессининг иштирокчилари ҳисобланган болалар учун бошқа кафолатлар ҳам назарда тутилиши мумкин.

Депутатлар бола ҳуқуқлари кафолатларининг мустаҳкамланиши уларнинг ҳимоясини таъминлашга хизмат қилишини алоҳида таъкидлашди. Бу эса ЎзХДП дастурий мақсадларига ҳамоҳангдир.

Депутатлар кун тартибидаги қонун лойиҳаларини қизғин муҳокама этишди. Партия электорати манфаатидан келиб чиқиб, ўз таклифларини баён этишди.

Йиғилишда кўриб чиқилган барча қонун лойиҳалари бўйича фракция ўз позициясини белгилаб олди.

 

ЎзХДП Марказий Кенгаши

Матбуот хизмати.

← Рўйхатга қайтиш