Бир-биримиздан ўрганиб ишласак, натижалар яхшиланади

 

Бугун Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши ижроқўм йиғилиши ўтказилгани ҳақида хабар берган эдик. Видеомулоқот шаклида бўлиб ўтган йиғилишда партия ташкилотлари фаолиятини самарали ташкил қилиш ҳамда ижобий иш тажрибаларини оммалаштириш билан боғлиқ муҳим масалалар муҳокама этилди.

Ижроия қўмита йиғилишини Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов очиб берди.

– Коронавирус пандемияси бутун дунё учун катта синов бўлмоқда. Вужудга келган глобал инқироз барча мамлакатлар иқтисодиётига жиддий таъсир кўрсатяпти. Жаҳон банкининг прогнози бўйича 2020 йилда ялпи глобал маҳсулот Ўзбекистонда эса 1,5 фоиз иқтисодий ўсиш бўлиши тахмин қилинмоқда. Бугунги қийин шароитда иқтисодий барқарорликка эришиш учун барча куч ва имкониятларни сафарбар қилиш талаб этилмоқда.

Шу масалага бағишлаб 9 июнь куни ўтказилган йиғилишда Президентимиз жорий йил иқтисодиётда ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича 8 та асосий йўналишни белгилаб берди. Хусусан, камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини ошириш иккинчи йўналиш сифатида кўрсатилди. Бу йўналиш бўйича бу йил 810 мингта доимий иш ўрнини қайта тиклаш, 310 минг доимий ва 633 мингта мавсумий иш ўрни яратиш зарурлиги таъкидланди.

Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини ошириш пандемия шароитида аҳоли даромадлари кескин камайиб кетмаслигининг муҳим омилидир. Бу йўналиш партиямиз дастурий мақсадларига ҳамоҳанг бўлгани учун аниқ ва амалий самарага эришиш учун қатъий ҳаракат қилишимиз керак. Партия ишини янада кучайтириш, депутатлар фаоллигини ошириш, иш жараёнида яхши натижа кўрсатаётган партия ташкилотлари тажрибасини оммалаштириш орқали олдимизда турган вазифаларни ҳал этилишимиз мумкин. Бир нарсани унутмайлик, жойларда аҳоли турмуш даражасини ошириш, бандлигини таъминлашда муаммолар бор экан, хотиржам туришга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ, деди партия етакчиси.

Йиғилишда иштирокчилар партия ташкилотлари фаолиятининг ҳозирги ҳолати ва улар олдида турган устувор вазифалар бўйича ўз таклифларини, фикр-мулоҳазаларини баён этишди.

– Партия ташкилотларимиз орасида намунали, бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатса арзийдиганлари кўп, албатта. Бироқ, фаолиятида ҳеч қандай самара кўзга ташланмаётган, аниқ натижага эриша олмаётган кенгашларимиз ҳам бор. Демак, ўзаро тажриба алмашиш, ёш кадрларнинг малакасини ошириш, услубий ва амалий ёрдам кўрсатиш масалаларини тезкорлик билан ҳал қилиш вазифаси олдимизда турибди, – деди ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи Бахтиёр Абдуллаев. – Шу мақсадда 2020 йил 1 июнь куни партия Марказий Кенгаши Ижроия Қўмитаси Ҳайъатининг “Партия ташкилотлари фаолиятини самарали ташкил қилиш ҳамда уларнинг ижобий иш тажрибаларини оммалаштириш бўйича бирламчи вазифалар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Шунга асосан, намунали партия ташкилоти мақомини олишга тавсия этилаётган 29 та туман ва шаҳар партия ташкилотларининг рўйхати тасдиқланди. Яъни, шу асосида фаол ташкилотларимиз орасидан бошқаларига ўрнак - амалиёт мактаби бўладиган ташкилотлар яратилади. Унда партия ишини такомиллаштиришга хизмат қиладиган барча йўналишлар юқори даражага олиб чиқилади ва бу тажриба ҳудудларга кенг оммалаштирилади.

Йиғилишда намунали партия ташкилотида партиянинг дастурий мақсад-вазифаларини аҳолига етказиш, партия гуруҳи ва депутатлар фаолияти ташкил этиш, шунингдек, мустаҳкам моддий-техник базани яратиш масалалари ҳақида тавсиявий тақдимотлар ўтказилди.

Ушбу масалалар бўйича Тошкент вилоят партия кенгаши раиси Сайёра Файзиева, Наманган вилоят кенгаши раиси в.в.б Илҳом Атабаев, Сурхондарё вилоят кенгаши раиси в.в.б Икромжон Бўронов, Хоразм вилоят кенгаши раиси Рахимберган Юсупов фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Йиғилишда ўртага ташланган таклиф-мулоҳазалар асосида партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари олдида турган муҳим вазифалар белгилаб олинди. Унга кўра, “Маҳаллада камбағал оилалар сонини камайтириш” лойиҳаси доирасида очиқ мулоқотлар ўтказилади. Партия мутасадди вазирилик ва идоралар томонидан ҳудудлардаги касб-ҳунар коллежлари базасида турмуш шароити ва ижтимоий аҳволи оғир бўлган аҳоли қатламини бевосита касбга ўқитиш ва тадбиркорликка ўргатиш курсларини ташкил этиш масаласида ташаббус билан чиқади. Жамоатчилик қабулхоналари фаолиятини янада ривожлантириш орқали аҳоли муаммолари изчил ўрганилади ва депутатларни кенг жалб этиш орқали масалалар ҳал этилади.

Ижроия қўмита йиғилишида, шунингдек, мафкура йўналишидаги ишларни самарали ташкил этиш, минтақавий партия ташкилотларининг моддий-техник ва мулкий масалалари билан боғлиқ камчиликлар кўриб чиқилди.

Ижроия қўмита кўриб чиққан барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати.

← Рўйхатга қайтиш