Жиноятчиликни очишда самарали восита

 

Йилдан йилга жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чоралари мунтазам такомиллаштирилмоқда, бу жиноятчиликнинг камайишида ўз самарасини бериши керак. Ушбу соҳага замонавий усул ва технологияларни жорий этиш алоҳида аҳамият касб этади. Чет эл тажрибаси жиноятчиликка қарши курашишда геном ахбороти, яъни инсонларнинг гени, ирсияти ҳақидаги маълумотлар базаси ёрдамида жиноятларни фош этиш муҳим аҳамият касб этиб, юқори самара бераётганини кўрсатмоқда.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда геном ахборотини олиш, тўплаш, ундан фойдаланиш учун қонунчилик базаси ва механизм мавжуд эмас.

Ҳозирги замонда жиноят содир этиш усуллари ҳам такомиллашиб бормоқда, уларнинг асосий мақсади жиноят содир этилган жойида қолдириладиган изларни минималлаштиришдан иборат бўлиб, бу эса содир этилган жиноятларни очиш жараёнини қийинлаштирмоқда. Геном ахбороти маълумотлар базаси ёрдамида жиноятларни очиш механизмининг жорий этилиши нисбатан мураккаб, ўта оғир ва очилмаган жиноятларни очишга имконият яратади.

Парламент қуйи палатасида кўриб чиқилаётган тегишли қонун лойиҳасида Ўзбекис­тон Республикасида фуқароларнинг айрим тоифалари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг геном бўйича давлат рўйхатига олиниши ва шахсни идентификация қилиш мақсадида биологик материални олиш, сақлаш ва ундан фойдаланишнинг ҳуқуқий асослари, принциплари ва турлари белгиланмоқда. Геном бўйича давлат рўйхатига олувчи ва ундан фойдаланувчи объектлар ҳамда субъектлар аниқ белгилаб берилмоқда.

Геном бўйича давлат рўйхатига олиш доирасида барча шахси аниқланмаган мурдалар, жиноят содир этилган жойда топилган биологик излар, бедарак йўқолган шахслар, шунингдек, оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этганликлари учун ҳукм қилинган шахсларнинг геном бўйича миллий маълумотлар базасини ташкил этиши кўзда тутилган.

Бу, биринчи навбатда, қотиллик, номусга тегиш, террористик актлар каби жиноятларни очишга, шунингдек, шахси аниқланмаган мурдаларнинг шахсини аниқлаш бўйича ишлар самарадорлигининг сезиларли ошишига имкон беради. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ДНК-таҳлили имкониятларидан фойдаланиш мамлакатимизда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, турмуши, соғлиғи ва мулкий даражасини янада оширишга хизмат қилади.

Геном бўйича рўйхатга олиш инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этган ҳолда, қонунийлик, инсонпарварлик, махфийлик принциплари билан амалга оширилади. У инсон ҳаёти, саломатлиги учун хавф туғдирмаслиги, унинг шаъни ва қадр-қимматини поймол этмаслиги, қонун лойиҳасида бу жиддий масалага алоҳида эътибор берилиши керак.

Геном бўйича давлат рўйхатига олишнинг амалга оширилиши жиноятларни содир этишга мойиллиги бўлган шахсларни тийиб турувчи омил бўлиб, шу маънода профилактик аҳамият ҳам касб этади, мамлакатимиздаги криминоген вазиятга ижобий таъсир кўрсатиб, халқимиз манфаатлари учун хизмат қилади.

 

Дилбар Мамаджанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш