Қуйи палата ишчи гуруҳи Самарқанд вилоятида реал ҳолатни ўрганишни бошлади

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий масалалар қай даражада самарали ҳал этилаётганини таҳлил этиш, тадбиркорлик субъектлари, аҳоли вакиллари билан бевосита мулоқот қилиб, уларни ўйлантираётган муаммоларни жойига чиқиб ўрганиш, амалий кўмак бериш, қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклиф-мулоҳазалар олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқда.

Шу мақсадда парламент қуйи палатасида ишчи гуруҳлар тузилган. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Улуғбек Иноятов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Самарқанд вилоятида аҳоли турмуш даражаси ва сифатини яхшилаш, камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этиш борасида секторлар томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўрганишни бошлади.

Ўрганиш жараёнида асосан учта йўналишда иш олиб борилмоқда. Биринчи навбатда, коронавирус пандемияси даврида тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш юзасидан берилаётган имтиёзлар ва енгилликлардан қай даражада фойдаланилаётгани ҳар бир туманда манзилли мониторинг қилинади.

Иккинчи йўналишда ҳудудларда камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлиги таъминланиши ҳолати хонадонларга бориб, аҳоли вакиллари билан бевосита мулоқот асосида ўрганилади.

Учинчи йўналишда коронавирус пандемияси даврида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш ишлари қандай йўлга қўйилгани таҳлил этилади.

Бугун ишчи гуруҳ аъзолари Иштихон туманида юқорида қайд этилган йўналишларда амалга оширилаётган ишларни ўрганди.

Қуйи палата ишчи гуруҳида Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Эркин Салихов, депутатлар – ЎзХДП фракцияси аъзолари Ўрол Ўразбоев, Фирдавс Шарипов, Дилбархон Мамаджанова ҳамда Мавжуда Ҳасанова фаолият юритмоқда.

 

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш