Суд фаолиятини такомиллаштириш юзасидан муаммолар ўрганилди

 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2020 йил 24 январь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, яъни суд мустақиллигини тўлиқ таъминлаш энг муҳим вазифалардан бири бўлиши зарурлигини, суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганлигига тўла ишонч ҳосил қилиши кераклигини таъкидлаб ўтган эди.

2020 йил 11 июнь куни Олий Мажлис ҳузуридаги Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга кўмаклашувчи комиссия, Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси, Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда суд соҳасидаги ислоҳотларни янада кучайтириш масалалари муҳокама этилди.

Суд ҳокимияти ва судьяларнинг мустақиллигини таъминлашда халқ билан очиқ мулоқот ўтказиш, жойлардаги муаммоларни ҳамда амалдаги ҳолатни ўрганиш, суд ҳокимияти ва судьяларнинг мустақиллигига салбий таъсир кўрсатаётган омилларни аниқлаш мақсадида ҳудудларда депутатлар ва сенаторлар томонидан таҳлиллар ўтказилиши мақсадга мувофиқ, деб топилди.

Шу муносабат билан, жорий йилнинг 12-13 июнь кунлари сенатор ва депутатлар суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлаш, одил судловни амалга ошириш ва очиқлигини таъминлаш, одил судловни амалга оширишга оид қонунларнинг самарадорлигини ҳамда уларни такомиллаштириш масалаларини ўрганиш юзасидан Тошкент шаҳар Олий суди ва Судьялар олий мактаби фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Суд фаолиятини такомиллаштириш юзасидан муаммолар ўрганилди. Улар қаторида cудлар фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, одил судловга эришиш ва судлар фаолиятининг очиқлиги, судларнинг оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлиги ва судлар фаолиятида ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилиши ва таъминланиши, сайёр суд мажлислари ва сайёр қабулларнинг ташкил этилганлиги, суд раисларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида ахборот бериши, судларда иш юритишни ташкил этишнинг, суд соҳасида олий малакали кадрларини тайёрлаш масалалари ҳолатлари юзасидан амалга оширилган ишлар бўйича таҳлиллар ўтказилди, судьяларнинг фикрлари ўрганилди ва таклифлар олинди.

Мана шундай таклифлардан бири — судлар фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларини такомиллаштириш мақсадида “Судьялар мақоми тўғрисида”ги Қонунни қабул қилишдир. Ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши судьялар фаолияти билан боғлиқ барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улардаги кафолатларни ягона қонунда бирлаштиради.

Бу каби ўрганишлар ҳудудларда ҳам давом этяпти.

 

Зуҳра ШОДИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

www.parliament.gov.uz

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш