Депутатларнинг жойлардаги ўрганиши беиз кетмади

 

Ўтган ҳафта парламент қуйи палатаси ишчи гуруҳи камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммоларни яқиндан ўрганиш мақсадида Самарқанд вилоятида бўлди. Хусусан, Нуробод туманидаги ҳақиқий ҳолат ўрганилди.

Нуробод тумани вилоятнинг ҳудуди бўйича энг катта туманларидан бири экан. Биз борган 16 июнь куни туман  ғалла ҳосилини вилоятда биринчилардан бўлиб бажарди. Халқимизда “пои қадам”, деган ҳикмат юради. Фермер ва раҳбарлар ҳам бизларни борганимизни шу ҳикматга йўйди.

“Хумоюн боғи” кўп тармоқли фермер хўжалигига қарашли хусусий тадбиркор Нормуродов Суҳробнинг 35 млн. сўм миқдорида Хитойдан келтирилган блок ғишт ишлаб чиқарувчи цех фаолияти билан танишилди. Цех ижарада фаолият олиб бораётган бўлиб, тадбиркор ер майдони ажратилишида амалий ёрдам сўради. Муаммо аукцион тизими орқали қонунчилик доирасида ҳал этиладиган бўлди.

Яна бир тадбиркорлик субъекти “Жуттой уй-жой қурилиш” МЧЖ фаолияти ҳам ўрганилди. 25 нафар ишчи ходимлари асосан ёшлар бўлиб, 6 та блокда (блок ғишт, мебел, бурвчатка, тунукасозлик, бетон тайёрлаш) ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. Қўшимча иш ўрни яратиш бўйича корхона раҳбарининг 300 млн. сўм кредит ажратилиши бўйича мурожаати Миллий банкнинг туман бўлими томонидан пайсалга солиб келинган. Мурожаат мутасаддилар томонидан тез кунларда ҳал этилишига ёрдам берилди.

Нуробод тумани бўйича Коронавирус пандемияси даврида ўз фаолиятини тўхтатган ёки товарлар (хизматлар) реализациясидан тушуми 50 фоиздан кўпроққа камайган микрофирма, кичик корхоналарга Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармон ва Қарорлари асосида 76 та корхонага мол-мулк солиғига ҳамда 88 та корхонага ер солиғига ҳисобланган пенялар ҳисобдан чиқарилган.

Бундан ташқари, 2020 йил 1 апрелдан 1 октябргача бўлган даврда 655 нафар якка тартибдаги тадбиркорга, 111 нафар “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоларига солиқ тўловлари бўйича имтиёз берилган, шунингдек, 164 та хўжалик юритувчи субъектлар 503,4 млн. сўмлик мол-мулк солиқлари тўлашдан озод этилиб, мажбурий тартибда ундириш учун қўйилган барча инкассо топшириқномалари чақириб олинганидан тадбиркорлар мамнун эканликларини билдиришди.

Туман марказий деҳқон бозорида айрим муаммолар борлиги кузатилди. Яъни, бозорда қўриқлов хизмати мавжуд эмаслиги сотувчиларга қийинчилик туғдираётганини билдиришди. Туман ҳокимлиги ёрдамида бу масала ҳам ўз ечимини топадиган бўлди.

Шунингдек, туманда раданли шифобахш суви билан даволайдиган 22 та тадбиркорлик субъекти бўлиб, бевосита тиббиёт туризми билан боғлиқ ҳисобланади. Сабаби, ушбу масканларга нафақат вилоятнинг бошқа туманларидан, балки, республиканинг барча ҳудудларидан даволаниш учун фуқаролар келиши маълум. Улар ҳам босқичма-босқич карантин қоидаларига амал қилган ҳолда, фаолиятини тикламоқда экан.

Туманнинг “Улус” МФЙда яшовчи камбағаллик рўйхатида турган Пўлатова Саодатнинг хонадонига борилди. Боқувчиси йўқ, қарамоғида икки нафар вояга етмаган фарзанди бор. Ушбу хонадонга субсидия ажратилиб, иссиқхона қуриб берилган ҳамда уй шароитида кўпайтириш учун қуён берилган. “Гирдиқўрғон” МФЙда яшовчи Очилов Аслиддин ишчи гуруҳ ёрдами билан ўзини ўзи банд қилишга расмийлаштирилди.

Нуробод туманида бугунги кунда томорқа ер эгаларига Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан 86 нафар ишсиз фуқарога 126 млн. сўмлик субсидия ажратилган. Субсидиялар ҳисобидан 11 нафар фуқарога енгил конструкцияли иссиқхона, 75 нафарига суғориш воситалари таъминотчи корхоналар томонидан олиб берилган. Субсидия ажратилган фуқаролардан 63 нафари камбағал оилалар аъзолари, 12 нафар меҳнат мигрантлари, 11 нафари ишсиз фуқаролар ҳисобланади.

Субсидиялардан мақсадли фойдаланиш ҳолати мониторинг қилинганида ишсиз фуқаролар томорқаларида озиқ-овқат маҳсулотларини етиштираётганлиги аниқланди. Ва улар бу ёрдамдан миннатдор эканликларини билдиришди. Яна бир жиҳати, дастлабки ўрганишда ушбу субсидияларга эҳтиёжи бўлган 240 нафар ишсиз фуқаролар рўйхати шакллантирилган бўлиб, уларга босқичма-босқич субсидия ажратилиши белгиланган.

Маҳаллий Кенгаш депутатлари билан уларнинг фаолият самарадорлиги, ҳужжатларнинг юритилиши ва халқ вакили сифатида эътибор қаратиладиган жиҳатлар хусусида суҳбат олиб борилди.

Депутатларнинг жойлардаги ўрганиши беиз кетмади, ижро ҳокимияти ва мутасаддиларнинг масъулияти оширилди. Йўл қўйилган хато-камчиликлар бартараф этилди. Айрим муаммолар ҳал этилди. Тизимли масалаларни қонунчилик йўли билан ҳал этиш белгилаб олинди.

 

Фирдавс ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш