Қоидаларга қатъий амал қилайлик!

 

Бугун бутун дунёда инсоният мураккаб даврни бошидан кечирмоқда. COVID 19 инфекциясига қарши ер юзидаги барча мутахассислар чоралар изламоқда. Лекин шунга қарамай, коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари кескин ошиб бормоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунё бўйича коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари 9 миллион кишидан ошиб кетди.

Ўз вақтида кўрилаётган чора-тадбирлар туфайли шифохоналаримизда коронавирусдан даволанаётганлар сони май ойида 400-450 нафарга тушиб қолган эди. Лекин бугунги кунга бу кўрсаткич 5 бараварга ошди, вирус билан касалланган сони тобора кўпайиб бормоқда. Вирусга қарши курашиш бўйича масъул тиббиёт ходимлари ва бунга жалб қилинган барча давлат ташкилоти ходимлари 24 соат давомида фидоийлик билан хизмат қилмоқда. Фуқаролардан эса сабр-тоқатли бўлиш, бирдамлик ва огоҳлик талаб этилмоқда.

Коронавирус инфекцияси бутун дунё олимлари эътиборида бўлиб, унга қарши вакцина уйлаб топиш учун илмий тадқиқот олиб бормоқда. Ҳар бир давлат инфекцияга қарши миллиардлаб маблағ сарфлаб курашмоқда.

Лекин шунга қарамай аҳоли орасида ушбу кўринмас балога қарши курашишда эътиборсизлик билан қараш ҳоллари кўп учраб турибди. Карантин қоидаларини бузиб, кўчаларда ниқобсиз юриш ҳолатлари кўп кузатиляпти. Уйда ёки кафе ресторанларда туғилган кунини нишонлаётган, тўй ва тадбир маросимларда белгиланган меъёр қоидаларига амал қилмаётган бепарво ҳамюртларимиз учраётганлиги ачинарли ҳол. Душмандан ҳам хавфлироқ бўлган ана шундай айрим бепарво ва беэътибор инсонлар сабаб юртимизда коронавирус инфекциясидан зарарланиш ҳолатлари кўпайиб кетмоқда.

Наҳотки бундай инсонлар ўз фарзандини, ота-онаси, ака-укаси, бобоси ва бувисини, яқин қариндошлари соғлигини ўйламайди. Бепарволик ортидан ўзига ҳам, яқинларига ҳам жабр қилиши мумкин ахир. Карантин юмшатилди дегани қоидаларга амал қилмай қўйсангиз ҳам бўлади, дегани эмаску.

Давлатимиз коронавирус тарқаб кетмаслиги учун барча чораларни кўрмоқда. Аммо шу синовли дамларда ҳар бир юртдошимиз бир мушт бўлиб ҳаракат қилиши лозим. Касалликни маҳалламизга, уйимизга, оиламизга олиб кирмаслик учун энг аввало ўзимиз масъул эканлигимизни унутмаслигимиз керак. Тиббий қоида ва йўриқларга қатъий амал қилиб, гигиена талабларига риоя қилсак, вирус устидан албатта, ғалаба қозонамиз. Бу билан биз давлатимизга, хукуматимизга пандемияни енгишга ёрдам берган бўламиз.

Бугунги пандемия шароитида ўз-ўзимизни назорат қилмасак, яқинларимизни асрамасак, бепарволикка йўл қўйсак, кейин афсус қилишга кеч қолган бўламиз.

 

Дилором Имомова,

Халқ демократик партиясининг

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш