Хизматлар соҳасини ривожлантирмасдан туриб иқтисодий тараққиётни тасаввур қилиб бўлмайди

 

Ҳар биримиз кундалик ҳаётда хизмат кўрсатиш соҳасига эҳтиёж сезамиз. Айниқса, тараққиёт тезлашгани сари янги хизмат турлари кўпайиб бораётгани соҳани янада ривожлантириш талабини кун тартибига қўймоқда. Бу ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий инфратузилмаси яхшиланишига, янги ва барқарор иш ўринлари очилишига, аҳолига ҳар томонлама қулай шароит яратилишида муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун ҳам дунёнинг ривожланган мамлакатлари иқтисодий ўсишни таъминлаш учун хизматлар соҳасини жадал ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқда. Таҳлиллар кўрсатишича, тараққий топган давлатларда хизмат кўрсатиш ва сервис улуши ялпи ички маҳсулотнинг 70-80 фоизини ташкил этади.

Коронавируснинг жаҳон иқтисодиётига таъсири ва унинг молиявий оқибатлари ҳақида экспертлар турли фикрларни билдиришмоқда. Тўғри, пандемия шароитида дунёнинг кўплаб давлатлари молиявий муаммоларга дуч келди, минглаб аҳоли ишсиз қолди. Бироқ, аксарият экспертлар фаол жорий қилинаётган чора-тадбирлар ва молиявий стимуллар глобал инқирознинг олдини олишини таъкидлашмоқда.

Давлатимизда камбағалликни қисқартириш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар, ўзини ўзи банд қилган фуқароларга берилаётган имтиёзлар, хизматлар соҳасини қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор иқтисодиётни юксалтириш муаммоларини ҳал этишда катта аҳамиятга эга, албатта.

Шу йилнинг 16 июнь куни давлатимиз раҳбарининг “Хизматлар соҳасини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, хизматлар соҳаси кредитлар бериш орқали қўллаб-қувватланади.

Қарорга мувофиқ, хизматлар соҳасини ривожлантириш учун тижорат банкларига Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 100 миллион АҚШ доллари эквивалентида кредит ажратилади.Ушбу кредит тижорат банкларига 7 йил муддатга, шу жумладан 3 йиллик имтиёзли давр билан фоиз ставкаси Марказий банкнинг асосий ставкасидан 4 фоиз паст қилиб берилади.

Кредитлар хизмат кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорларга, айниқса маиший, таълим, тиббий, ахборот-коммуникация ва бошқа талаб юқори бўлган соҳаларда фаолият кўрсатадиган корхоналарни ташкил этиш (молия ва савдо соҳаларидаги тадбиркорлик субъектлари бундан мустасно) ва жиҳозлаш учун Марказий банкнинг асосий ставкаси бўйича 1 миллиард сўмгача миқдорда ажратилади. Кредит маблағларининг камида 20 фоизи аёллар ва ёш тадбиркорларга ажратилиши белгиланган.

Шунингдек, ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган 67 та фаолият (ишлар ва хизматлар) турлари бўйича “Ҳар бир оила – тадбиркор” Дастури доирасида кредитлар ажратилади.

Кўриниб турибдики, ишбилармонлик муҳитини қарор топтириш учун барча имкониятлар ишга солинади, иш бошлашга истаги ва иштиёқи бор фуқаролар қўллаб-қувватланади. Ўз мустақил ишини йўлга қўймоқчи бўлган, аммо қўлида маблағи йўқ кишилар учун муаммо бўлмайди.

Албатта, мамлакатимизда бу тармоқни ривожлантириш имкони катта. Чунки бу соҳа кўп маблағ этмайди. Унга сарфланган маблағ ёки олинган кредит қисқа муддатда қайтади. Хизмат кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорларга, айниқса маиший, таълим, тиббий, ахборот-коммуникация ва бошқа талаб юқори бўлган соҳаларда фаолият кўрсатадиган корхоналарни ташкил этиш учун ажратилаётган кредит маблағлари орқали жойларда янгидан-янги хизматлар кўрсатиш объектлари фаолиятини бошлайди, иш ўринлари очилади. Энг муҳими, шу тариқа ҳудудларнинг молиявий салоҳияти ошади, ирфратузилма ривожланади, ҳаёт янада замонавийлашади, аҳоли турмуш даражаси юксалади. Фақат имкониятдан тўғри фойдаланиш зарур.

 

Лазиза Шерова,

Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати ходими.

 

 
← Рўйхатга қайтиш