Инсон қадрини кўтаришга хизмат қиладиган стратегия

 

Фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли тарзда ҳимоя қила олган жамиятдагина адолат қарор топади, инсонга муносиб яшаши учун тўлақонли шароит яратиб берилади. Шунинг учун ҳам инсон ҳуқуқи олий қадрият экани белгиланган.

Давлатимиз раҳбари Конституциямиз қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишда инсон ҳуқуқларини таъминлаш самарадорлигини янада оширишда тегишли Миллий стратегия зарурлигини қайд этиб ўтган эди.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда жаҳоннинг 40 дан ортиқ давлати ўзининг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегиясини қабул қилган. Тўғри, мамлакатимиз мустақиликка эришгандан сўнг инсон ҳуқуқ-эркинликлари ва манфаатлари олий қадрият сифатида белгиланиб, амалда унга риоя этила бошланди. Хусусан, миллий қонунчилигимиз халқаро стандартларга имплементация қилинмоқда, Ўзбекистон жаҳон ҳамжамияти аъзоси сифатида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ўзининг халқаро мажбуриятларини бажармоқда. Лекин шу пайтга қадар инсон ҳуқуқлари соҳасида узоқ муддатли стратегия қабул қилинмаган эди.

Ҳаёт, шунингдек, тараққиёт бир жойда тўхтаб қолмайди. Шубҳасиз, жамиятда барча муносабатлар муайян даражада ўзгариб, ўзида замонавий талабларни акс эттириб боради. Натижада демократияни ривожлантириш, фуқаролар хоҳиш-иродасини янада кенгроқ рўёбга чиқариш бўйича янги имкониятлар, янги механизмларга йўл очилади.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 22 июндаги Фармони билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегияси тасдиқланди. Ушбу ҳужжат юртимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат муносабати шаклланишига, мамлакатнинг халқаро майдондаги обрўси янада мустаҳкамланиши хизмат қилади. Унинг инсон ҳуқуқини таъминлаш орқали халқимизнинг турмуш даражаси ва фаровонлигини оширишга қаратилган қатор чора-тадбирлар мажмуидан иборат эканлиги мамлакатимиз инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қадриятларга қанчалик даражада содиқ эканлигини яна бир бора намоён этди.

“Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Президент Фармонига кўра, миллий қонунчиликни инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро-ҳуқуқий стандартлар билан уйғунлаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар кўрилмоқда. Шунингдек, Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномалари нормаларини бажариш юзасидан масъул давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг асосий йўналишлари белгиланди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегиянинг тасдиқланиши республикамизнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятлари тўлиқ бажарилишини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини мониторинг қилиш механизмларини такомиллаштиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Шунингдек, Фармон билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси ва уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази Миллий стратегия ва “Йўл харитаси”нинг амалга оширилиши юзасидан мунтазам мониторинг олиб бориб, чора-тадбирлар сифатли ва ўз вақтида ижро этилиши бўйича таклиф ва тавсияларни тегишли вазирлик ва идораларга киритиб бориши белгиланди.

Албатта, мазкур тартиб-қоидалар юртимизда инсон ва унинг манфаатлари устуворлигини амалда таъминлашга хизмат қилади.

 

Ойбарчин Абдуллаева,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш