“Мен коррупцияга қарши тура оламанми?”

 

Бу бало исталган мамлакатни ич-ичидан емириб, пароканда қилади. Бугун каттами-кичикми, бойми-камбағалми, қудратлими-кучсизми, биронта давлатни коррупциядан ҳоли ҳудуд, деб айтолмаймиз.

Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу балодан қутулишимизда муҳим қадам бўлади.

Мазкур ҳужжат билан коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантирадиган ва амалга оширадиган, давлат органлари, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа нодавлат сектор вакилларининг биргаликдаги самарали фаолиятини таъминлайдиган, шунингдек, мазкур соҳадаги халқаро ҳамкорликни амалга оширадиган махсус ваколатли давлат орган — Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди.

Агентлик Президентга бўйсунади ва Олий Мажлис палаталари олдида ҳисобдор. Фармон билан агентликнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари белгиланди. Жумладан, агентлик мамлакатда коррупция ҳолатини тизимли таҳлил қилишни таъминлайди. Агентлик коррупцияга оид биринчи навбатда, Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига ва халқаро имиджига зарар етказувчи жиноятларни тергов қилиш натижаларини комплекс таҳлил қилади.

Бугун халқаро ўзаро манфаатли иқтисодий-ижтимоий алоқаларимиз кучайиб, шаффофлашиб бораётган бир шароитда коррупция иллатига барҳам бериш ўта муҳим аҳамият касб этади. Бу мақсад йўлида барчамиз бирлашишимиз, бир ёқадан бош чиқариб, ҳамжиҳат ва ҳамфикр бўлишимиз, коррупцияга қарши муросасиз курашда шунчаки қўллаб-қувватловчи эмас, аксинча, “мен коррупцияга қарши тура оламанми?”, деган аччиқ савол курашнинг олдинги сафларида туришимиз зарур.

 

Мавжуда Ҳасанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш