Адолатни қарор топтиришга парламент ҳам масъул

 

Очиғини тан олиш керак, кейинги вақтларда инсон ҳуқуқлари бузилиши, одамларнинг норозилиги кўпроқ ҳуқуқ-тартибот органлари фаолияти билан боғлиқ бўлмоқда. Соҳа ходимлари фуқароларга ҳурмат билан муомала қилмаслиги, шаънини қадрламаслиги, қадр-қимматини камситишига оид ҳолатларга тез-тез дуч келиняпти.

Ҳар қандай ҳолатда фуқароларнинг ҳуқуқлари шаъни, қадр-қимматини ҳурмат қилиш зарур. Ҳеч қандай сабаб инсоннинг ҳаётига дахл қилишга асос бўлолмайди.

Давлатимиз раҳбари одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида бу масалага алоҳида эътибор қаратди. Президентимиз белгилаб берган вазифалар фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, шунингдек, одил судловга эришиш даражасини оширишга хизмат қилади.

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш учун тизимда фаолият олиб бораётган ҳар бир ходим масъулиятли, маданиятли, ҳам ўз вазифасига садоқатли бўлиши керак. Бусиз яна жиддий муаммолар келиб чиқаверади.

Йиғилишда қайд этилганидек, жойларда депутатларнинг сайловчилар билан учрашувларида ички ишлар, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг фуқароларга нисбатан адолатсизлик қилаётгани баён этилган мурожаатлар кўпайган.

Эндиликда бу йўналишда кўп нарсалар ўзгаради. Депутат ва сенаторлар ўзлари сайланган ҳудудларда судьялар корпуси, сектор раҳбарлари ва жамоатчиликни жалб қилган ҳолда, одил судловга кўмаклашиш ва коррупцияга қарши курашиш бўйича мунтазам равишда мулоқотлар ўтказиб боради.

Аҳоли томонидан кўтарилган адолатсизлик ҳолатлари ва муаммолар ҳар чоракда маҳаллий Кенгашларда танқидий муҳокама қилиниб, мутасаддилар олдига аниқ саволлар қўйилади ва масъулиятига баҳо бериб борилади.

Олий Мажлисдаги махсус қўмиталар ҳар бир ҳудуднинг одил судлов ва коррупция масалаларига оид рейтинги юритилишига бош-қош бўлиб, ҳар ярим йилда натижалари бўйича парламент эшитувлари ва текширувларини ўтказиб боради.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари ўзларини номуносиб тутса, қонунларни писанд қилмаса, эътирозлар кўпаяди, адолатга, давлатга ишонч пасаяди. Бунга йўл қўймаслик учун ҳуқуқ-тартибот идоралари адолатли фаолият юритиши билан боғлиқ масалаларда парламент назорати кучаяди.

Маъсулиятни оширишда энг муҳим масалалардан бири айбдорларнинг қилмишлари, ноқонуний хатти-ҳаракатлари жамоатчилик, уларнинг вакиллари олдида очиқ муҳокама этилиши билан боғлиқ, деб ўйлайман. Яъни, адолатсизлик, фуқарога нисбатан ноҳақлик ёки зўравонлик қилган ходим жамоатчиликка кўрсатилса, унинг қилмиши муҳокама қилинса, бошқалар бундан сабоқ олади. Чунки инсон учун эл назаридан қолишдан таъсирчанроқ жазо бўлмаса керак.

Эл назари қудратли куч, бу кучнинг таъсир доирасини кенгайтиришиз лозим. Ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолияти маҳаллий Кенгашларда парламент аъзолари иштирокида ошкора муҳокама этилиши бу жараёнда муҳим аҳамият касб этади. Бу борада Президентимиз белгилаган вазифалар замирида чуқур мазмун мужассам.

Мамлакатда адолат таъминланиши, фуқароларнинг ҳуқуқлари, шаъни, қадр-қиммати ҳимояланиши биз, парламент аъзоларининг қатъиятимизга ҳам чамбарчас боғлиқ эканини унутмаслигимиз, буни амалда исботлай олишимиз лозим.

 

Анвархон ТЕМИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

www.parliament.gov.uz

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш