“Кучимизга куч, ғайратимизга ғайрат қўшилди”

 

Президентимиз жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, йирик лойиҳалар билан танишиш, аҳоли билан мулоқот қилиш мақсадида 26-27 июнь кунлари Наманган вилоятига ташриф буюрди. Ташриф давомида вилоятимизни ҳар томонлама ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини ошириш бўйича кўплаб таклиф ва тавсияларни билдириб ўтди.

Ташрифнинг иккинчи куни давлатимиз раҳбари иштирокида Наманган шаҳрида вилоят ва туман ҳокимлари, соҳа ва тармоқлар раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари билан йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Президентимиз жойларда ютуқлар борлигини, ўзгаришлар бўлаётганини, лекин булар ҳали кўзлаган марраларимизга мос эмаслигини таъкидлади. Бу бўйича вилоят фаолларига аниқ кўрсатма ва вазифалар белгилаб берди.

Давлатимиз раҳбари маърузалари аввалида вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари ва депутатлар фаолиятига алоҳида тўхталиб ўтди. Олиб борилаётган ислоҳотларнинг жойларда самарали ва тўғри ижро этилишини назорат қилиш, унга халқ номидан холис баҳо бериш ҳамда ҳал вакилллари сифатида кўмаклашиш бўйича депутатлар фаолиятига танқидий баҳо берди.

Депутатларимизни фаол бўлишга чақириб, масъулиятни янада оширишга даъват этар экан: “Депутат халқ дардини биладиган киши бўлиши керак”, бир сўз билан айтганда “Депутат халқ овози бўлиши лозим” дея таъкидлади. Бу эса, биз депутатлардан янада кўпроқ ишлашни, халқнинг ишончини оқлаш, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси ва тарғиботчиси бўлишни талаб этади.

Шунингдек, маърузада вилоятни ривожланлантириш бўйича энг мақбул йўлни топиб, иқтисодиётни юргизиш, янги иш ўринлари яратиб, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартиришга энг катта масала сифатида қараш кераклигига алоҳида урғу берилди. Шунингдек, вилоятда ўсиш нуқталарини аниқлаш ва ишга солиш, шу орқали аҳоли фаровонлигини ошириш иқтисодий ислоҳотларнинг энг муҳим томони эканлиги таъкидланди.

Ушбу масала, партиямиз электорати ҳисобланмиш кам таъминланган оилаларни боқимандалик кайфиятидан чиқаришда муҳим аҳамият касб этади. Шундан келиб чиқиб, партиямиз фаоллари томонидан камбағалликни қисқартириш, ўзини-ўзи банд қилган фуқароларга берилаётган имтиёз ва имкониятлар, шунингдек, эҳтиёжманд оила вакиллари иштирокида томорқадан унумли фойдаланиш ва даромад олиш борасида мунтазам равишда тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.

Вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг турмуш даражасини ошириш жараёнида биз депутатлар, партия ташкилотлари бу жараёнда томошабин бўлиб қолмасдан таклиф ва ташаббусларимизни янада кўпайтиришимиз керак, деб ўйлайман. Камбағалликни қисқартириш бўйича жойларда олиб борилаётган кенг кўлали ишлардан фаол иштирок этишимиз, бу масалага дахлдор таклифларни доимий комиссия ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларига киритишимиз лозим бўлади. Шундан келиб чиқиб, вилоят партия кенгаши, депутатлар биргаликда давлатимиз раҳбарининг таклиф ва тавсияларини ўрганиб, янги режалар белгиладик.

Бир сўз билан айтганда, ташрифдан сўнг наманганликларнинг руҳи шу қадар тетиклашганки, кекса-ю ёш бирдек ғайрат қилиб, янги марраларга интилмоқда.

 

Илҳом Атабаев,

Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят кенгаши раиси,

Халқ депутатлари шаҳар кенгаши депутати.

 

Теглар

Депутат
← Рўйхатга қайтиш