Давлат ва халқ бирдамликда ҳар қандай синовдан ўтишга қодир

 

Давлатимиз раҳбари томонидан 8 июл куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида коронавирус инфекциясига қарши курашиш доирасида мамлакатда амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтилди.

Бугун нафақат Ўзбекистонда, жаҳондаги мана-ман деган давлатларда ҳам коронавирус пандемияси кўплаб ижтимоий-иқтисодий муаммоларни юзага келтирмоқда. Ҳамма бирдамлкда бир мушт бўлиб ҳаракат қилмас экан, вазият жиддийлашиб бораверади.

Мамлакатимизда ҳам карантин чоралари яна кучайтирилди. Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ вазиятнинг кескинлашаётгани сабабли 10 июлдан 1 августгача мамлакатда қатъий карантин чоралари жорий қилинади. 10 июлдан тўйлар, оилавий ва оммавий тадбирлар тақиқланади, автотранспорт ҳаракати чекланади, буюм бозорлари ва болалар боғчалари ёпилади, халқаро авиақатновлар икки бараварга қисқартирилади, коронавирусдан уй шароитида даволанаётганларга тиббий ёрдам бериш учун мобил гуруҳлар ташкил этилади, Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари эпидемиологик тоифаси «қизил» бўлади. Аҳолидан огоҳ ва сергак бўлиши, тартиб-қоидаларга қатъий риоя қилиш сўраляпти. Бу бежизга эмас, албатта.

Қайд этилишича, бугунги кунга Республикамизда касалликка чалинганлар сони 11 минг нафардан ошди. Афсуски, беморлар орасида ўлим сони ҳам ортиб бормоқда. Бу барчамизни жиддий ташвишга солиши шарт деди, давлатимиз раҳбари.

Ҳукуматимиз томонидан жорий этилган чораларга қатъий амал қилиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Ўзимиз, оиламиз, яқинларимизни асрша ўз қўлимизда эканини унутмайлик.

Вирус билан касалланганларнинг аксарияти аҳоли орасидан аниқланаётгани, касалланганларнинг орасида юқиш манбаи номаълум бўлиб қолаётганлиги ҳаммамизни ташвишли ҳолатдир. Вирус ўчоғи айнан қаерда эканлигини билмасликдан ёмони йўқ. Сиз қўлингиз билан ушлаган айнан қайси нарсада, қаерда вирус борлигни билмайсиз. У эшик тутқичидами, пулдами ёки нимададир. Ёки кечагина зериккандан кўчага чиқиб, соатлаб гаплашиб ўтирганингиз қўшнингиздадир. Бежизга ҳушёр бўлиш, уйда қолиш кераклиги уқтирилмаяпти.

Мутахасисларнинг таъкидлашича, ниқоблар 40 фоиз ҳолатларда вирус юқишининг олдини оларкан. Лекин кўчада аксарият одамларнинг номига ниқоб таққани, уни шунчаки илиб қўйганига гувоҳ бўляпмиз. Ниқоб тақишнинг ҳам ўз қоидаси бор. Бугун куни билан битта ниқобда юриб, эртаси куни уни ювилмаган ҳолатда ишлатиш мумкин эмас. Бизга арзимасдек туюлган ана шу оддий қоидалар аслида вирусдан ҳимояланишнинг асосий талабларидан бири. Шуни унутмайлик ва қатъий амал қилайлик.

Давлатимиз раҳбари айтганидек, бундай салбий ҳолатлар касалликни аниқлаш, олдини олиш ва даволаш учун қилинаётган барча ҳаракатлар, бюджетдан олинаётган триллионлаб харажатлар натижадорлигини йўққа чиқариши мумкин.

Ҳурматли ҳамюртдошлар, шифокор ва мутахассисларимиз томонидан тавсия этилаётган санитария ва гигиена қоидаларига тўлиқ риоя этишимиз, имконият даражасида оммавий тадбирларда иштирок этмаслик, кўпчилик тўпланадиган жойларга бормаслик, аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлардан сақланишимиз зарурдир.

Энг асосийси, вазият тўлиқ давлатимиз раҳбарининг шахсан назоратида эканлигидан хурсандмиз.

Ишончимиз комилки, ушбу мураккаб вазиятлардан, сиз ва биз, халқимиз билан биргаликда соғ-саломат, эсон омонликда албатта чиқиб кетамиз.

 

Ўрол Ўразбоев

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш