Ажойиб инсон ёди

 

"Маҳалла" хайрия жамоат фонди Сурхондарё вилоят бошқармаси раиси,  халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Рўзимурот Авазовни Сурхондарё жамоатчилиги яхши биларди, у киши фидойилиги, тўғрилиги билан бутун республикада ҳам ҳурмат қозонган эди. Бу инсонни вилоятимиздаги зиёлилар, катта кичик раҳбарлар устоз, деб ардоқларди.

Партиямизнинг ҳақиқий фахри, энг намунали депутатларимиздан эди. Кўплаб тадбирларда фаол иштирок этиб, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бўлган оилалар ҳолидан хабар олиш, уларга ҳар томонлама кўмаклашиш асосий кундалик иши ва мақсадига айланган эди.

Рўзимурот Авазов намунали иш фаолияти давомида юзлаб, эҳтимол минглаб шогирдлар тарбиялади, улар ҳаётда ўз ўринларини топиб олишига кўмак берди. Устоз қайси бир соҳада ишламасин, элим, юртим, деб ёниб яшади.

Шеробод тумани ҳокими бўлган вақтида янги-янги таълим, соғлиқни сақлаш муассасалари ва бошқа кўплаб янги бино ҳамда иншоотларнинг қурилишига бош-қош бўлди. Ўша бино ва иншоотлар ҳозирги кунда элга, фарзандларимизга хизмат қилмоқда.

Рўзимурот Авазовнинг халқимизга, юртимизга хизмати, фидокорлиги муносиб қадрланиб, у киши ватанимизнинг нуфузли мукофотлари – “Дўстлик”, “Эл-юрт ҳурмати” орденлари билан тақдирланган.

Устоз ўз ҳаёт йўлида катта из қолдирди, мактаб яратди. Бу мерос ҳали узоқ йиллар ёшларга ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади, мева беради.

Устознинг жойлари жаннатда, охиратлари обод бўлсин!

 

Мавжуда Ҳасанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

***

Партиямиз Марказий Кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси, Сурхондарё вилояти кенгаши жамоаси Рўзимурот Авазовнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.

Рўзимурот Авазов фидойи раҳбар, жонкуяр депутат, энг муҳими, ажойиб инсон эди.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш