Монополия ва рақобат масалаларини энди парламент ҳам назорат қилади

 

Тадбиркорликни ривожлантириш ва истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилишда хўжалик юритувчи субъектларнинг бозорларда эркин рақобатига йўл бермайдиган салбий омиллар, қўшимча фойда олиш мақсадида монопол корхоналар ўзининг монопол мавқейидан фойдаланишга ҳаракат қилиш ҳолатлари Ўзбекистонда рақобат муҳитини яхшилаб боришга тўсқинлик қилаётганлиги кейинги 2-3 йил ичида яққол кўзга ташлана бошлади. Шу боис, мамлакатимизда рақобат муҳитини замон талаблари даражасида шакллантириш ва рақобатни ривожлантиришга қаратилган бир қанча ишлар амалга ошрилди. Натижада сўнгги йилларда монопол корхоналар сони икки баравардан ортиқ камайди.

Шунга қармасдан, икдисодиётда рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатаётган бир қанча тизимли муаммолар сақланиб қолаётганлиги мазкур йўналишдаги кенг қамровли ислоҳотларга тўсқинлик қилмоқда. Энг аввало, шуни айтиш жоизки, миллий иқтисодиётимизда давлатнинг иштироки хаддан зиёд даражада эканлиги, шунингдек нархларнинг ҳали ҳануз бозордаги талаб ва таклифдан эмас, айрим тармоқлар ва соҳаларнинг манфаатларидан келиб чиқиб тартибга солинаётганлиги замонавий бозор механизмлари ва дастакларининг ишлаб кетишига жиддий тўсқинлик қилмоқда.

Энг ачинарлиси шундаки, ўзининг эркин бозор шароитида “эрта”сини кўра олмайдиган корхоналарни имтиёз ва преференциялар тақдим қилишнинг самарасиз тизими орқали “юзада” сунъий сақлаб туриш жараёнларининг йиллаб давом этиб келаётганлиги чет эл инвесторларига мамлакатимиз бозорларига оид салбий сигналларни тарқатиш омилига айланиб қолди. Бундан ташқари табиий монопол ҳолатдаги корхоналарнинг ўз мавқеларини суиистеъмол қилиш ҳолатлари, уларнинг рақобатни ривожлантиришдан манфаатдор эмаслиги мамлакат иқтисодиётининг глобаллашув шароитидаги рақобатбардошлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Шу билан бирга, мамлакатимизда бизнес субъектлари фаолиятини эркин бозор муносабатларидан келиб чиқиб тартибга солиш, рақобатга зид келувчи ҳолатларни бартараф этишга қаратилган хуқуқий механизмлар такомиллашмаганлигини ҳам айтиб ўтиш лозим.

Шундан келиб чиқиб, монопол корхоналарга берилаётган имтиёзларни камайтириш ва мувофиқлаштириш орқали мамлакатда қисқа, ўрта ва узоқ муддатли истиқболли кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб олиш бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан ҳисобланади.

Мазкур ишларни иқтисодиётнинг ҳар бир тармоғида тизимли равишда таҳлил қилиб бориш, рақобат муҳитига ижобий ёки салбий таъсир этувчи омилларни аниқлаш ҳамда хорижий мамлакатларнинг бу борададаги илғор тажрибаларини ҳисобга олган ҳолда мамлакат иқтисодиётининг рақобатбардошлигини таъминлашга қаратилган қонунчилик асосларини такомиллаштиришга оид таклифлар ва тавсиялар ишлаб чиқиш муҳим аҳамият касб этмоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан 2020 йил 6 июль куни имзолаган “Рақобат муҳитини янада ривожлантириш ва иқтисодиётдаги давлат иштирокини қисқартириш бўйича қўшимча
чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони мамлакатимиз иқтисодиётида эркин рақобат муҳитини ижобий томонга кескин ўзгартиришга қартилган хужжат бўлди.

Фармонга мувофиқ Монополияга қарши курашиш қўмитаси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳисобдорлиги белгиланган. Шунингдек, ушбу ҳужжат билан “2020-2024 йилларда товар ва молия бозорларида рақобатни ривожлантириш стратегияси” ва ушбу Стратегияни амалга ошириш буйича "Йул харитаси" қабул қилинди. Бу ўз навбатида товар ва молия бозорларида монополияни камайтириш борасида самарали рақобат муҳитини яратиш механизмининг амалиётга тадбиқ этилишига имкон беради.

Формонга мувофиқ халқаро тажрибани ўрганиш асосида рақобат муҳитини шакллантириш механизмини тубдан такомиллаштиришни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасининг "Рақобат тўғрисида"ги ва "Табиий монополиялар туғрисида"ги қонунларини бирлаштирган ҳолда ягона қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Бундан ташқари эркин рақобат муҳитини олиб кириш мумкин бўлган монополия соҳаларига хусусий сектор учун йўл очиш ва уни ривожлантиришни назарда тутган ҳолда амалдаги қонун хужжатларига ўрнатилган тартибда ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш вазифаси ҳам қўйилган. Айтиш жоизки, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси масъул қўмиталари, сиёсий партиялар фракциялари ва депутатлар ушбу қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнида фаол иштирок этадилар.

Хулоса қилиб айтганда, фармонда кўзда тутилган тизимли чоралар давлат иштирокидаги хўжалик юритувчи субъектларнинг бозорлардаги монопол мавқейини қисқартириш, имтиёз ва преференциялар бериш тизими самарадорлигини ошириш, нархларнинг бозордаги талаб ва таклифнинг ўзгаришига қараб шаклланиши каби омиллар эвазига миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.

 

Шарофиддин НАЗАРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш