Улар қонун олдида жавоб бериши шарт

 

Айрим раҳбарларнинг илмсизлиги, манманлиги, кибру-ҳавога берилиб кетиши, қолганларни эса назарга олмаслик жойларда тушунмовчиликларни келтириб чиқармоқда. Жамоатчиликнинг нафратини қўзғамоқда. Шу кунларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган Жарқўрғондаги ҳолат ҳам ўзини кўрсатиш, ғўддайишдан бошқа нарса эмас.

Кимдир кимнидир обрўсини тўкса, кимнидир ҳақорат қилса... Қаерга қараб кетяпмиз? Демократия тамойиллари билан чиқиша олмаётган, қулдорлик жамиятини қўмсаб қолганлар учраб қолмоқдами?..

Ўз устида ишлаш, илм билан иш кўриш айрим раҳбарларга малол келмоқда, назаримда. Шу сабабли ҳам қабул қилинаётган ҳужжатларни нотўғри талқин қилинаётганига гувоҳи бўляпмиз.

Вазирлар Маҳкамасининг Махсус комиссияси қарорини нотўғри қўлланилиши оқибатида туман ҳокими бошчилигида судья ва суд ходимларини “мана, кўриб қўй, бу ернинг бошлиғи менман, айтганим – айтган, деганим – деган” қабилида иш кўрилган, уларнинг шахсий, касбий дахлсизлигига қарамасдан, ҳеч қандай рухсатсиз уяли алоқа телефони билан тасвирга туширилиб, обрўсизлантирилган.

Хўп, туман ҳокими ўзини ҳукмдор даражасига кўтариб олган экан, ички ишлар бошқармаси ходимларининг суд хайдовчисига куч ишлатиб, ҳақоратлаб, сўнгра вақтинча ушлаб туриш ҳибсхонасига қамаб қўйиши, ҳайдовчига куч ишлатилишини қандай тушуниш мумкин?.. Соғлом ақл бундай ҳаракатларни тушунмайди, албатта.

Мамлакатимизда давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниш тамойили Конституциямизнинг 11-моддасида мустаҳкамлаб қўйилган.

Шундай экан, бу зўравонларнинг судья ва суд ходимларига нисбатан қилган ишлари қонунларимизга зиддир.

Катта йиғилишларда блокнотни кўтариб олиб, гўёки шошилиб ёзиб ўтирадиган бу мансабдорлар, демакки ёзиш ўрнига, расм чизиб ўтиришган. Акс ҳолда, суд органлари мустақиллигини мустаҳкамлаш борасидаги топшириқларни билган, суд органлари мустақил орган эканини англаб етган бўлар эди.

Жарқўрғон туман ҳокими ва ИИБ бошлиғи бошчилигидаги ходимлар Конституциямизнинг 13-моддаси, Фуқаролик, Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекслари, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги қонуни 68 ва 70-моддаларидаги дахлсизлик, шахсга жароҳат етказиш, инсон қадр-қиматини топташ каби ҳолатларни юзага келтирган. Бу ҳолатга кўз юмиб бўлмайди, улар қонун олдида жавоб бериши шарт.

Демократик давлатларда Конституцияга хилоф иш қилган мансабдорлар халқ орасида сазойи қилинади. Шу боисдан бу давлатларда барча бирдек қонунларга амал қилади.

Афсуски, қонун устувор юртимизда қонунларни назарга олмайдиган амалдорлар ҳам учраб туради. Бундай амалдорларнинг боридан йўғи яхши. Барибир улар халқни дардига дармон бўла олмайди. Уларни нафақат ишдан олиш, балки қилмишларини халқ орасида муҳокама этиш зарур. Токи, бу бошқаларга ҳам ўрнак бўлсин.

 

Аброр Қурбонов,

ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи

 
← Рўйхатга қайтиш