Бугун Ўзбекистон Республикасининг Халқаро меҳнат ташкилотига аъзо бўлган кун

 

Халқаро меҳнат ташкилоти фаолиятининг асосий йўналиши дунё аҳолисининг доимий бандлигини таъминлаш, ишчи гуруҳ қатлами манфаатларини ҳимоя қилиш ва дунёда ижтимоий тенгликни барқарор жорий этиш орқали тинчликни сақлашга ҳисса қўшишга қаратилган.

Ташкилот 1919 йилда Версаль тинчлик шартномаси имзоланиши доирасида тузилган. Бош қароргоҳи Швейцариянинг Женева шаҳрида жойлашган ташкилотга аъзо давлатлар сони ҳозирги кунда 187 тага етган.

Ўзбекистон Республикаси 1992 йилда ушбу ташкилотга аъзо давлатлар қаторига қўшилиб, бугунги кунга қадар ташкилотнинг 14 конвенцияси, жумладан, 8 асосий конвенцияси ратификация қилинган. Хусусан, Мажбурий меҳнат тўғрисида, Қирқ соатлик иш ҳафтаси ҳақида, Байрам кунларига ҳақ тўлаш ҳақида, Бирлашмалар эркинлиги ва касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисида, Бирлашиш эркинлиги ҳақидаги, Бажарилган меҳнат учун бир хил маош тўлови ҳақидаги, Оналикни ҳимоя қилиш ҳақидаги, Мажбурий меҳнатни йўқотиш тўғрисидаги, Дискриминация ҳақидаги, Бандлик сиёсати ҳақидаги, Меҳнаткашларнинг вакиллари ҳақидаги, Коллектив шартномалар ҳақидаги, Ишга олишда минимал ёш ҳақидаги, Болалар меҳнатини энг ёмон формаларини таъқиқлаш ва зудлик билан чоралар кўриш ҳақидаги конвенциялар шулар жумласидандир.

Бугунги кунда Халқаро меҳнат ташкилотининг меҳнат қилувчиларга ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларда зарарни қоплаш тўғрисидаги 17-сон Конвенциясини (Женева, 1927 йил 1 апрель) ратификация қилиш ҳақидаги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилди. Яқин орада Ўзбекистон ташкилотнинг 15-конвенциясини ҳам ратификация қилиш арафасида.

2017 йилдан бошлаб 2020 йилгача бўлган даврга мўлжалланган «Муносиб меҳнат бўйича мамлакат дастури» амалга оширилмоқда. Ушбу дастур доирасида Ўзбекистон меҳнат қонунчилигини такомиллаштириш, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларидан хабардорлигини, ҳуқуқий маданиятини ошириш бўйича тадбирлар олиб борилмоқда, меҳнат қонунчилигини бузиш ҳолатлари юзасидан тезкор чора кўришга қаратилган мулоқот механизми йўлга қўйилмоқда.

Юртимизда, ижтимоий-меҳнат муносабатлари йўналишида амалга оширилаётган чора-тадбирлар халқаро стандартларга тўла мос келадиган меҳнат соҳасидаги қонунчилик шаклланган. Хусусан, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва меҳнатга муносиб ҳақ тўлаш ҳуқуқлари тўла таъминланган бўлиб, аҳоли, айниқса ёшлар бандлигини таъминлаш, хотинқизлар учун муносиб меҳнат шароитлари яратиш ва уларга бола парвариши билан боғлиқ қўшимча таътиллар бериш ва бошқа имтиёз ва кафолатлар таъминланган.

 

← Рўйхатга қайтиш