Яқинларимизнинг соғлиғини асраш фақат ўзимизга боғлиқ бўлиб қолди

 

2020 йилнинг 16 мартидан босқичма-босқич жорий этилган қатъий карантин тартиблари туфайли апрель ойининг охирларида кучайиб бораётган пандемиянинг жилови қўлга олинган эди. Касалликка чалинаётганлар сонидан тузалиб бораётганлар сони оша бошлади. Бу эса карантинни бир мунча юмшатиш имконини берди.

Афсуски, бу юмшатишларни кўпчилигимиз, “бизда энди коронавирус йўқ, уни енгдик!”, деган лоқайд тушунча билан қабул қилдик. Белгиланган тартибларни писанд қилмай қўйдик. Кўчага чиққанимизда эҳтиёткор бўлишни, ҳатто оддийгина ниқоб тақишни унутган ҳоллар бўлди.

Ўз ўрнида лоқайдлигимиз, бепарволигимиз ўзининг аччиқ натижасини беришни узоқ куттириб ўтирмади. Коронавирусга чалиниш, бу касалликдан ўлим кўрсаткичлари ўсиб кетди. Касаллик тарқалиши бўйича кескин шароит карантин тартиб-қоидаларини қайта тиклашга мажбур қилди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, карантин чекловлари жорий этилиши муносабати билан моддий даромад манбаини йўқотган, ишсиз ва эҳтиёжманд аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш бўйича бир қатор чора-тадбирлар белгиланди.

Хусусан, давлат томонидан, бугунги кунда жорий қилинган 20 кунлик карантин даврида моддий жиҳатдан оғир аҳволга тушиб қолаётган энг муҳтож 120 мингга яқин оилалар давлат томонидан озиқ-овқат, дори-дармон воситалари ва биринчи эҳтиёж маҳсулотларни етказиб бериш орқали қўллаб-қувватланмоқда.

Шунингдек, волонтёрларга ёрдам кўрсатиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга ошириш, шу жумладан, моддий жиҳатдан оғир аҳволга тушиб қолаётган энг муҳтож оилаларга озиқ-овқат, дори-дармон воситалари ва биринчи эҳтиёж маҳсулотларини сотиб олиш ҳомийлик, хайрияларни мувофиқлаштириш ва волонтёрлик марказлари орқали етказиб бериш учун давлат томонидан 20 миллиард сўм миқдорда маблағ ажратилди.

Пандемия туфайли шундай вазият вужудга келдики, оиламизнинг, яқинларимизнинг соғлигини, омонлигини асраш фақат ва фақат ўзимизга боғлиқ бўлиб қолди. Бунинг учун бебаҳо бойлик — соғлигимизга ўзимиздан оддийгина эътибор, эҳтиёткорлик, ўзимизда бирон безовталик сезсак, ўзбилармонлик қилиб уйда даволанмасдан, ўз вақтида шифокорга мурожаат қилишимиз талаб қилинади, холос. Шугина ишга ҳафсала топишимиз биздан маблағ талаб қилмайди. Аксинча, коронавирусга қарши кучли қурол бўлиб хизмат қилади. Олтинларга топилмас ҳаётимизни, соғлигимизни асраб қолган бўламиз.


Мавжуда ҲАСАНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш