Сенатор мурожаатларни қандай ҳал қилади?

 

Учрашувларда аҳоли билан дилдан мулоқот қилиш, мурожаатларини қаноатлантириш, муаммоларига ечим топиш уларнинг давлатимизга ва амалга оширилаётган ислоҳотларга ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Бинобарин, Президентимизнинг “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган сўзлари замирида ана шу эзгу мақсад мужассамдир.

Турфа мавзудаги йиғилишлардаги, жойларда бўладиган турли хил учрашувлардаги мурожаатларга улкан масъулият билан ёндошиш зарур. Зеро, инсон мурожаат қилар экан, ўз муаммосига сендан ечим, кўмак, таъбир жоиз бўлса, нажот кутади.

Шу ўринда Президентимизнинг «демократик ислоҳотлар йўли – биз учун яккаю ягона ва энг тўғри йўлдир. Бу борада биз ҳар куни изланишдамиз, хориждаги илғор тажрибаларни чуқур ўрганиб, ҳаётимизни, иш услубимизни янгилашга ҳаракат қилмоқдамиз», деб билдирган ишончи халқ ҳурмати ва эътирофига сазовор бўлган ҳар бир депутатдан иш услубини янгилашни талаб қилди.

Албатта, бугун иш услубимиз ўзгарди. Шу кеча-кундузда коронавирус оқибатларини тугатиш мақсадида олиб борилаётган қоидалар доирасида аҳоли билан карантин қоидаларига амал қилган ҳолда иш олиб бормоқдамиз.

Яқинда Нукусда менга ишонч билдириб, депутат қилиб сайлаган «Амударё» маҳалла фуқаролар йиғини фуқаролари билан учрашдим. «Тахтакўпир»  кўчасида яшовчи фуқаро Ж.Медетова, «Айтекебий» кўчасида яшовчи Д.Аметов, Т.Исмоиловлар кўчаларга ёритгичлар қўйилмагани, неча йиллардан бери асфальт янгиланганмагани сингари муаммоларни ўртага қўйдилар.

«Композитор» кўчасида яшовчи Ж.Пирниязова маҳаллага нуроний отахонлар учун дам олиш маскани, ёшлар учун спорт майдончаси, кутубхона қуриш бугунги кун талаби, деб ҳақли эътироз билдирди. 20 дан зиёд фуқаро уй-жой, бандлик, болалар боғчасига фарзандларни жойлаштириш сингари муаммоларни ўртага ташлади.

Бу муаммолар, албатта, Нукус шаҳар бош архитектори Ж.Жексинбоев, кадастр бўлими раҳбари А.Худойбергенов, «Нуроний» жамғармаси бошлиғи К.Қаландаров, Мактабгача таълим бўлими раҳбари К.Сейдуллаев, «Давлат хизматлари» бўлими мутасаддиси А.Жўлдосбоевлар томонидан ҳал этилиши йиғилиш қарорида қайд қилиниб, масъул ташкилотлар томонидан назоратга олинди.

Қувонарлиси шундаки, фуқароларимизнинг сўзи, таклиф ва талаблари Презентимиз Мурожаатномасида «ислоҳотларнинг амалий натижадорлигини оширишда, жойларда янги ташаббусларни илгари суришда аҳолимизнинг янада фаолроқ, янада ташаббускор бўлишига эришмоғимиз лозим», деган таъкидларига жавоб беради. Бунинг учун эса биз янгича иш фаолиятимизни маҳаллаларга кўчиришимиз айни муддаодир.  

Учрашувдан кейин мурожаатларга масъул корхона ва муассаса мутасаддилари билан учрашиб, уларни қандай ҳал этиш бўйича маслаҳатлашдик. Эътиборлиси, муаммоларнинг аксарияти ижобий ҳал этилди.

Мазкур маҳаллада йигирмата кўча бўлиб, уларнинг айримларидаги аҳоли ичимлик суви таъминотида, қолаверса, томорқаларини суғоришда қийналиб келар экан. Одамларнинг ушбу масала бўйича мурожаатидан сўнг, тегишли соҳа ходимлари билан гаплашилгач, муаммонинг ижобий ҳал этилишига эришилди.

Шунингдек, Нукус шаҳри “Саманбой” маҳалласида яшовчи Жадра Есенбаева арзонлаштирилган уй олишда қийналаётгани, ушбу муаммосига ечим топишда кўмак зарурлиги тўғрисида ариза билан мурожаат қилди. Мазкур масалани ҳам тегишли мутасаддилар билан қонун доирасида ҳал этиш борасида зарур чоралар кўрилди.

Гулистон Аннақиличева,

Олий Мажлис Сенати аъзоси

← Рўйхатга қайтиш