Ёшлар кун ўтиши учун яшаши керак эмас

 

Ёшларга шароит яратиш, уларни қўллаб-қувватлаш кераклиги ҳақида кўп гапирилади. Очиғини айтиш керак, бундай гапларнинг кўпи умумий, баландпарвоз. Ёшларга жони ачийдиган одам умумий гаплардан қочиб, уларни бугун ўйлантириб, қийнаб турган муаммоларни ҳал этиш ҳақида гапириши керак, деб ўйлайман. Шунда ҳолат яхшиланади.

Президентимиз раҳбарлигида 14 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини ошириш, уларни даромад манбаи билан таъминлаш билан аниқ масалалар муҳокама этилди, аниқ вазифалар қўйилди. Энди ижро ҳокимияти, мутасадди ташкилотлар бу масалага муносабатни тубдан ўзгартириши керак.

Ярим йилдан буён дунёнинг аксарият мамлакатларида пандемия сабабли қатор иқтисодий муаммолар юзага келди.  Карантин шароитида юзага келган ҳозирги мураккаб даврда ишсизлар сони сезиларли даражада ошди. Шунинг учун бугун мамлакатимизда ҳам аҳолининг даромад манбаини яратиш масаласи ниҳоятда долзарб масала сифатида кун тартибига чиқди. Биз депутатлар ҳам бу борадаги ишларни амалга оширишга масъулмиз.

Йиғилишда Ўзбекистонда ишсизларнинг 732 минг нафари ёшлар, 834 минг нафари хотин-қизлар эканлиги таъкидлаб ўтилди. Албатта, бунга шунчаки рақам сифатида қарамаслигимиз керак, балки шунча ёшнинг, шунча хотин-қизларнинг ҳаётини ўзгартириш, уларнинг орзу-мақсадларига эришиши учун йўл очиш, кўмак бериш вазифаси олдимизда турганини ўйлашимиз керак. Хоҳ тадбиркор бўлайлик, хоҳ ҳукумат вакили, хоҳ депутат, бу масалани ҳал этишга жавобгармиз.

Ҳудудларда ўрганишлар, аҳоли билан олиб борилган мулоқотлар жараёнида гувоҳи бўлдикки, ишсизларнинг кўпчилигини ёшлар, турмушда қийинчиликларга дуч келган хотин-қизлар, ногиронлиги бўлган шахслар ташкил қилмоқда. Ҳар бир инсонга нимагадир қизиқиш бўлади, у шунга қараб касб-корга эга бўлади. Бу қизиқиш вақтида аниқланиб, тўғри йўналтирилса, бу фуқарога ҳам, жамиятга ҳам фойда келтиради.

Эндиликда мактабданоқ касбга ўқитиш тизими жорий этилиши белгиланди. Ушбу тизим аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқади, деб ўйлайман.

Навбатдаги ўқув йилидан бошлаб мактаб директори ва ўқитувчиларга ўқувчиларнинг олий таълимга кириши, касб эгаллаб, ўз ишини топиши даражасига қараб оширилган иш ҳақи тўланади. Бунинг учун 7-синфдан бошлаб ўқувчиларнинг касблар кесимида қизиқиши аниқланади. 8-9-синф ўқувчилари дастурчи, дизайнер, таржимон каби истиқболли касблар учун пойдевор бўладиган билим ва кўникмаларни эгаллайди. 10-синфдан робототехника, дастурлаш каби талаб юқори касбларга ўргатиш йўлга қўйилади. Жорий йил охиригача маҳаллаларда 136 та касб-ҳунар ўқитиш маскани, қисқа муддатли касб-ҳунарга ўқитиш курслари ташкил этилади.

Буларнинг барчаси партиямизнинг дастурий мақсадларига мос ва ҳамоҳангдир. Демак, сиёсий партияларга, парламент ва депутатларга берилган қонуний ҳуқуқ ва имкониятлардан фойдаланган ҳолда, бу жараёнда фаол иштирок этишимиз, бу бўйича доимий мониторинг ўрнатишимиз талаб этилади. Меҳнат бозоридаги ҳақиқий аҳволни мунтазам равишда ўрганиб, буни парламент даражасида муҳокама қилишимиз, энг асосийси, бундай муҳокамалардан натижа бўлиши учун курашишимиз зарур.

 

Шербек Бўронов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш