Ҳеч кимга осон эмас, лекин бошқа йўл йўқ...

Мамлакатимизда карантин чоралари яна кучайтирилди. Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ вазиятнинг кескинлашаётгани сабабли 10 июлдан 1 августгача мамлакатда қатъий карантин чоралари жорий қилинди.

Минг афсуски, кўзга кўринмас бу балонинг қурбонлари кундан-кун ортиб бормоқда. Айрим юртдошларимизнинг бефарқлиги, карантин  қоидаларига тўлиқ риоя қилмаслиги сабабли ҳам касаллик хавфи охирги пайтларда сезиларли даражада ортди.

Кеча давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида коронавирусга қарши курашиш борасидаги ишларни танқид қилди ҳамда масъулларни огоҳлантирди. Бундан барчамиз хулоса чиқаришимиз керак. Вирус билан касалланганлар сонининг ортиб кетишига қайсидир маънода аҳолининг бефарқлиги ҳам сабаб бўляпти.

Тўғри, ҳеч ким касал бўлишни хоҳламайди, ҳамма ҳам оиласи, бола-чақаси соғ-саломат ўйнаб-кулиб юришини истайди. Лекин кўп ҳолларда бепарволик ва лоқайдлигимиз сабаб касаллик хонадонимизга кириб келяпти.

Бугун сизу-биздан карантин талабларига катьий риоя килиш, тиббий ниқоб тақиш, санитария-гигиена қоидаларини бузмаслик, ижтимоий масофани сақлаш талаб қилиняпти. Лекин бозорда ёки дорихонага чиққанда бунга кўп ҳам амал қилинмаётганининг гувоҳи бўляпмиз. Шунча уқтирилса ҳам, гапирилса ҳам, одамларимизда жамоат жолйларида масофа сақлаш кўникмаси шакллангани йўқ. Кўча-куйда, айниқса, кўп қаватли уйларда яшовчилар қўни-қўшнилари билан ниқобсиз ҳолда, ҳеч қандай масофа сақламай соатлаб гаплашиб туришганини кўп кузатяпман. Қоида ва талабларга риоя қилмас эканмиз, ҳамма ерда изғиб юрган вирусни ўз қўлимиз билан уйимизга етаклаб олиб кирамиз. Шуни унутмайлик.

Азиз юртдошлар! Вирус занжирини узиш фақат сиз ва бизнинг қўлимизда. Ҳар қандай синовли кунни сабр билан енгган халқмиз. Сабр қилайлик, уйда қолиб, оиламизни, яқинларимизни асрайлик.

Мухтор Илхомов,

Тошкент шаҳри Учтепа туманидаги «Учтепа» МФЙ раиси,

халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати

← Рўйхатга қайтиш