Таълим тизими янги қонунга муҳтож

Шуҳрат ТУРСУНБАЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида янги, яхлит, одамлар ҳаётига тўғридан тўғри таъсир кўрсатадиган қонун лойиҳалари кенг муҳокама қилинмоқда. Бир томондан иқтисодий ислоҳотларни мустаҳкамлайдиган қонун лойиҳалари ишлаб чиқилаётган бўлса, иккинчи томондан иқтисодий ислоҳотларнинг самарали амалга оширилишига қаратилган қонун лойиҳалари қизғин муҳокама этиляпти. Хусусан, таълим тизимини тубдан ислоҳ қилишга, орттирилган миллий тажрибани мустаҳкамлашга қаратилган «Таълим тўғрисида»ги қонунни янги таҳрирда қабул қилиш юзасидан иш олиб борилмоқда.

Сўнгги йилларда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан кўп йиллардан буён муаммо бўлиб келаётган таълимнинг нодавлат шаклига асос солинди. Янги мактабгача таълим ташкил этилди, алоҳида бошқарув шаклига ўтилди, давлат хусусий-шерикчилик асосида мактабгача таълим муассасаларини ташкил этишга, нодавлат мактабгача таълим ташкилотларининг барпо этилишига кенг имкониятлар яратилди.

Айтиш керакки, тизимдаги янгиланиш ва ўзгаришлар “Таълим тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳасини қабул қилш заруриятини келтириб чиқарди. Қонун лойиҳаси бугунги кунда сиёсий партиялар, маҳаллий кенгашлар депутатлари, қолаверса кенг жамоатчилик билан бирга муҳокама қилиниб, депутатлар ҳукмига киритилди

Ҳўш, янги қонуннинг қандай афзалликлари бор?

Қонуннинг амалдаги таҳрири 5 та боб, 34 та моддадан иборат бўлса, янгиси 12 та боб 70 дан ортиқ моддани қамраб олаяпти. Қонун лойиҳасига бир қатор янги моддалар киритилмоқда. Улар катта ёшдагилар таълими, махсус таълим, инклюзив таълим, якка тарибда педагогик фаолият билан шуғулланиш, давлат – хусусий шериклик, таълим соҳасига инвестицияларни киритиш, таълим соҳасидаги давлат назорати, таълим муассасаларининг ўзини ўзи баҳолаши, таълим иштирокчиларининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарликлари, таълим соҳасида экспериментал ва инновацион фаолият масалалари билан боғлиқдир.

Янги таҳрирдаги қонун лойиҳасида таълим олувчиларни таълим олиш ёки педагог кадрларни таълим фаолияти билан боғлиқ бўлмаган бошқа ишларга жалб этишнинг тақиқланиши ва бунда раҳбарларнинг жавобгарлиги белгиланмоқда. Таълим соҳасидаги давлат бошқарув органларининг ваколатлари ва таълим муассасаларининг фаолияти эркинлиги кенгайтирилиши таклиф этилмоқда.

Яна бир муҳим масала, биз йиллар давомида мактабдан ташқари таълим турига турли ташкилотларни қўшиб келдик. Ҳаттоки, турли тўгараклар, секцияларни ўз ичига жамлаган ташкилотларнинг ичида мусиқа мактаби, санъат мактаблари, спорт мактабларини ҳам мактабдан ташқари таълимга киритдик. Лекин улар мактабку, қўшимча таълим бераяпти. Шунинг учун лойиҳага бир қатор янги нормалар киритилиши мумкин. Масалан қўшимча таълим тури.

Шунингдек, партиямиз сайловолди дастурида инклюзив таълимни ривожлантириш масалалари киритилган эди. Айрим учрашувларда ЎзХДП бу масалани кирита олмайди, нега сайловолди дастурига киритилган, деган саволлар бизни қийнаб келаётган эди. Янги лойиҳада инклюзив таълим тушунчаси киритилиб, у ҳар бир боланинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлашга, ҳар қандай дискриминация ва камчитишларни олдини олишга хизмат қилади. Бу эса сайловолди дастуримиздаги яна бир мухим масаланинг ижобий хал этилишига туртки бўлади.

Янги лойиҳада амалдаги қонунда, умуман қонунчиликда кўзда тутилмаган янги қоидаларни киритиш таклиф этилмоқда. Масалан, “катта ёшдагилар таълими”, бунда ёшидан қатъий назар катта ёшдагилар умри давомида билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаб бориш имкониятлари яратилиши кўзда тутилган, “Махсус таълим” бу ҳозирги махсус ихтисослаштирилган таълим эмас, балки мудофаа, хавфсизлик ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш йўналишида махсус мутахассисларни тайёрлаш таълими деб белгиланмоқда. Давлат-хусусий шерикчиликнинг янги механизмлари киритилмоқда. Яна бир қанча моддалари амалиёт ва бугунги давр талабидан келиб чиқиб киритилганлиги фракцияда эътироф этилди.

Тўғри, нима бўлганда ҳам яхши қонун бўлсин, дейишимиз мумкин. Лекин ундай дейишга ҳаққимиз йўқ. Президентимиз, “жамиятимизда ўқитувчиларни шаъни ва хурматини бошимизга кўтарадиган, уларни том маънода келажак бунёдкорлари, деб улуғлайдиган муҳитни яратишимиз зарур” деди. Ана шу муҳитнинг яратилишини қонунда белгилаб беришимиз бизнинг вазифамиздир.

Ушбу Қонуннинг қабул қилиниши билан таълим тизимидаги мавжуд муаммолар бартараф этилади, бунга фракция тўлиқ ишонч билдирди. Таълим тизимини тубдан такомиллаштириш ва таълимни халқаро ҳамжамият билан уйғунлашган ҳолда олиб бориш учун кенг имкониятлар яратилади, асосийси, таълим сифати яхшиланади, ўқитувчи ва муаллим меҳнати улуғланади.

← Рўйхатга қайтиш