Хотин-қизлар ишли бўлса, оилалар барқарор даромад манбаига эга бўлади

Бугун юртимизда хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқларини, қонуний манфаатларини таъминлаш, қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариш, бир сўз билан айтганда, опа-сингилларимизни жамиятнинг тенг ҳуқуқли, фаол ва бунёдкор аъзосига айлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Биргина хотин-қизларни  иш билан таъминлаш ва улар учун муносиб меҳнат шароитларини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунга қабул қилинаётган ҳужжатлар, белгиланаётган чора-тадбирларни мисол тариқасида келтириб ўтишимиз мумкин.

Жумладан, "Республика ҳудудларида тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги (2018 йил), “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора -тадбирлар тўғрисида”ги (2019 йил) Президент қарорлари шулар жумласидандир.

Куни кеча давлат раҳбари раислигида ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини ошириш, уларни даромад манбаи билан таъминлаш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида Ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича белгиланган қўшимча чора-тадбирлар ҳам катта аҳамиятга эга.

Давлатимиз раҳбари йиғилишда Ўзбекистонда ишсизларнинг 834 минг нафарини хотин-қизлар ташкил этишини алоҳида таъкидлаб, хотин-қизларни иш билан таъминлаш, ижтимоий шароитларини яхшилаш мақсадида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига 33 минг 380 нафар аёлни ҳаётга мотивациялаш ва касбга ўргатиш бўйича қисқа ўқув курсларини ташкил қилиш вазифаси қўйилди.

Ҳар бир туман ва шаҳар кесимида аёллар бизнес лойиҳалари рўйхатини шакллантириб, ойма-ой молиялаштириш, хотин-қизлар тадбиркорлиги дастури доирасида соддалаштирилган кредитлар ва грантлар ажратиш бўйича топшириқлар ҳам берилди.

Яна бир муҳим жиҳати, микроқарз олиш ниятидаги ёшлар ва аёллар тадбиркорликка бепул ўқитилиб, йилига 5 минг нафар ёшлар ва аёлларнинг бандлиги таъминлаш мақсадида Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 2 миллион доллар кредит ажратилиши белгиланди. Бу маблағ ёшлар ва аёллар ишсизлиги юқори бўлган қишлоқ жойларда имтиёзли микроқарз ажратиш учун микромолия ва нодавлат ташкилотларга берилади. Чунки бундай нодавлат ташкилотлар банкларга қараганда кам ресурслар билан ҳам ўқитиб, 2-3 баравар кўп иш ўрни яратаяпти. Кредит қайтими ҳам банкларга қараганда анча юқори.

Шу боис нодавлат ташкилотлар ўртасида танлов ўтказиб, энг яхши ўқув марказига грант ажратиш тизими жорий этилиши белгиланди.

Жаҳон банкининг 2 миллион доллар маблағи доирасида 15 минг нафар аёлнинг бандлигини таъминлаш лойиҳаларини жадаллаштириш муҳимлиги таъкидланди.

Давлат раҳбари томонидан кўрилаётган бу чора-тадбирлар замирида иккита энг асосий мақсад – ёшлар ва хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, натижада оилаларга барқарор даромад манбаи яратиш мақсад қилинган.

Яратилаётган бундай имконият албатта ҳар бир аёлда мехнатга, ўз тадбиркорлик қобилиятини рўёбга чиқаришга, янги ғоялар устида ишлашга, ташаббускорлик кўрсатишга иштиёқ ўйғотади. Янги-янги ютуқ ва марралар сари етаклайди. Бу ўз навбатида барча вазирлик, идора ва ташкилотлар қатори сиёсий партиялар зиммасига ҳам алоҳида масъулият юклайди.

Ўзбекистон ХДП нинг барча даражадаги ташкилот ва депупутатлари ушбу чора-тадбирлар мақсад ва моҳиятини аҳоли орасида кенг тарғиб қилиши, партия гуруҳи аъзоларининг қонунчилигимизда белгиланган ваколатлари ва  имкониятларидан фойдаланган ҳолда, хотин-қизлар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш ва мутасадди органларнинг бу борадаги фаолияти  юзасидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиши, аёлларга ўз бизнесини ташкил этиш, бизнес ғояларини тайёрлашда ёрдам бериш, узоқ вақт давомида бола тарбияси билан банд бўлган, оғир иқтисодий аҳволга тушиб қолган аёлларни талаб катта бўлган касбга тайёрлаш ва ишга жойлашиш учун уларга кўмаклашиш ишларида фаол иштирок этишимиз лозим.

Қабул қилинган чора-тадбирларнинг аҳамияти, натижаси сиз ва бизга боғлиқ. Шундай экан, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида юртимизда амалга оширилаётган ишларда ҳар биримиз масъулиятни, шахсий жавобгарликни ҳис қилган ҳолда ёндашувимиз ва ҳамкорликни янада кучайтириб, реал ва амалий натижа учун ҳаракат қилишимиз лозим, шундагина аёлларнинг оила ва жамиятдаги нуфузи, фаоллиги янада ошади, оилаларимиз фаровон бўлади.

Ҳар қандай қонун, қарор, фармон ижроси назорат қилинсагина у ишлайди, ҳалққа фойдаси тегади. Акс ҳолда, барча нарса қоғозда қолиб кетади.

Сўз хотин-қизларни иш билан таъминлаш ҳақида кетар экан, оғриқли бўлса ҳам мисол келтириб ўтмоқчиман. 2019 йил 7 март куни “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилиниб, мазкур қарор билан жойларда Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари ташкил этилди. Уларга мушкул иқтисодий аҳволга тушган аёлларни меҳнат бозорида талаб этилаётган касблар бўйича қайта тайёрлашдан бошлаб, уларнинг ишга жойлашишига, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган аёлларга бизнес режалар тузишда, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишга, маҳаллалардаги бўш турган бинолардан жой ажратилишига  кўмаклашиш ва ҳаттоки, ишончли ҳамкорларни топиб, ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг реализация қилинишигача ёрдам бериш вазифалари юклатилган.

Хўш, бугунги кунда ушбу марказлар фаолияти қай аҳволда ва улар натижа бераяпти?  Қайси депутат ушбу марказ фаолияти билан қизиқди ва Президент қарори ижроси устидан депутатлик назорати ўрнатилди? “Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари фаолиятини ўрганиб, таҳлил қилсак, унинг самарали фаолият юритишига кўмак берсак, шунингдек, йиғилишда белгилаб берилган вазифалар ижроси назоратга олинса, қабул қилинаётган қонун ва қарорлар ишлайди, биз минглаб хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашга эришамиз.

Бундан ташқари, партиямиз Сайловолди дастуридан ўрин олган ҳамда кўпчилик ёш оналар муаммоси ҳисобланган – болаларни 2 ёшдан бошлаб давлат МТМларга қабул қилишни жорий этиш бўйича ҳукуматга таклиф киритиш вақти ҳам келди, деб ўйлайман. Чунки бу муаммо ечими ҳам оилалар учун барқарор даромад манбаи яратишга хизмат қилади.

Шунингдек, йиғилишда давлат раҳбари 20 мингга яқин аёл оғир турмуш шароитида яшаши, шундан кўплари профилактик ҳисобда туришини ҳам афсус билан тилга олди.

Аслида хотин-қизларни иш билан таъминлаш, нафақат хотин-қизлар ўртасида хуқуқбузарлик ва жиноятчиликни, балки жуда кўпгина муаммоларнинг олдини олишга хизмат қилади, жумладан, оилавий келишмовчилик, оилавий ажримлар ҳамда бошқа шу каби иллатларнинг камайишига хизмат қилади.

Гулшан Асатова,

ЎзХДП Марказий Кенгаши сектор мудири

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти
← Рўйхатга қайтиш