Электр энергия ишлаб чиқариш манбаалари диверсификацияланади

 

Ишлаб чиқариш жараёни бор экан, энергия ресурслари унинг асосий омилларидан ҳисобланади. Ресурслар нархларининг ошиши ёки пасайиши ишлаб чиқарилаётган маҳсулот таннархига бевосита таъсир кўрсатади. Иқтисодий назарияга асосан, энергия ресурслари нархларининг ошиши, қисқа муддатда, маҳсулот ва хизматлар нархининг ошишига, аҳоли томонидан талабнинг пасайишига ва оқибатда иқтисодий фаоллик пасайиб, ишсизликнинг ошишига олиб келади.

Бошқа томондан эса, нархларнинг ўсиши доимо у ёки бу ресурслардан фойдаланиш самарасини оширади. Юқори нархли ресурсларни бу ресурслардан максимал наф оладиган истеъмолчиларгина сотиб олади. Энергия ресурслари нархларининг ошиши камроқ ресурс сарфлаб кўпроқ маҳсулот ишлаб чиқаришга мажбурлайди ва узоқ муддатда ишлаб чиқаришда самарали усулларнинг жорий этилишига ва иқтисодий самарадорликнинг ошишига олиб келади.  Бундан ташқари, ер қаъридан олинадиган углеводородлар (газ, кўмир, нефть маҳсулотлари) эвазига ишлаб чиқариладиган энергия нархларининг ошиши муқобил энергия манбаларининг фойдалилик даражасини оширади ва истеъмолда рақобатбардош манбаага айланишига хизмат қилади. Бунинг устига, иқтисодиётнинг ҳар қандай тармоғи сингари, энергия ишлаб чиқариш ва етказиб бериш соҳаси ҳам ўзини ўзи иқтисодий жиҳатдан оқламаса, энергия ишлаб чиқариш имкониятлари аҳоли ва саноат эҳтиёжларидан ортда қолаверади.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 10 июлдаги “Иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини ошириш ва мавжуд ресурсларни жалб этиш орқали иқтисодиёт тармоқларининг ёқилғи-энергетика маҳсулотларига  қарамлигини камайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори энергия самарадорлигини янги босқичга олиб чиқиши билан аҳмиятлидир.

Ушбу қарор билан жорий йилнинг 1 августидан электр энергиясини янги ишга тушириладиган қуёш, шамол, биогаз электр станциялари, микро ва кичик гидроэлектрстанциялардан, шу жумладан, ўз эҳтиёжлари учун ишлаб чиқарилган ортиқча электр энергиясини кафолатланган тарзда сотиб олиш бўйича тариф белгиланиб, саноат кўламидаги қайта тикланувчи энергия манбалари (гидроэлектрстанциялардан ташқари) соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун потенциал инвесторларни аниқлаш шаффоф аукцион (танлов) савдолари орқали амалга оширилиши мустаҳкамланмоқда.

Шунингдек, “Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни билан бюджетдан ташқари Тармоқлараро энергияни тежаш жамғармаси ташкил этилиши белгиланди. Жамғармага қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмалари, иссиқлик насослари, рекуператорлар, реактив қувватни тикловчи қурилмалар (конденсатор батареялари), реле ҳимояси учун микропроцессор блоклари, частотали ўзгартиргичлар ва бир текис ишга тушириш қурилмаларини ишлаб чиқариш бўйича стартап-лойиҳаларни молиялаштириш, ишлаб чиқариш корхоналарининг устав жамғармалари (капиталлари) ҳамда корхоналарнинг лойиҳаларини шакллантиришда иштирок этиш ваколати берилди. Бу эса ушбу сохага хусусий секторларнинг ҳам кириб келишига имкон беради.

Соҳага хусусий сектор учун йўл очиш ва шу орқали рақобат муҳитини шакллантириш, ёқилғи-энергетика ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланишни рағбатлантириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини мамлакат иқтисодиётига кенг жорий этиш, иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолига электр энергияси ва нефть-газ маҳсулотларининг узлуксиз етказиб берилишини таъминлаш билан бирга, ўз навбатида мамлакат учун атроф-муҳит ифлосланишининг камайиши, электр энергия ишлаб чиқариш манбааларининг диверсификацияланиши, янги тармоқ ва янги иш ўринларининг яратилишига  хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур қарорнинг ҳаётимизга кенг татбиқ этилиши энергия самарадорлигини ошириш, аҳолига электр энергияси ва нефть-газ маҳсулотларининг узлуксиз етказиб берилишини таъминлашда муҳим омил бўлади.

 

Аваз ЎРИНБОЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш