Ишлар тизимли рўёбга чиқарилаётган ҳудудларда натижалар ҳам ижобийдир

 

Дунёда коронавирус пандемиясининг салбий оқибатлари билан курашиш, унинг тадбиркорлик фаоллигига ҳам салбий таъсирини камайтиришда ҳар бир мамлакат ўзида мавжуд имконият, салоҳият ва орттирилган тажрибадан келиб чиқиб, чора ва тадбирлар кўрмоқда.

Бундан бирмунча вақт муқаддам давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида парламент палаталарига жойларга чиқиб, пандемия муносабати билан ҳудудларда секторлар раҳбарлари, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари, ижтимоий муассасалар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳамда фуқаролар билан мулоқот килиб, олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишиш вазифаси қўйилган эди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан шу йилнинг 15-25 июнь кунлари республикамизнинг 7 та ҳудудида, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Бухоро ва Навоий вилоятларида ўрганишлар ўтказилди.

Ўрганишлар жараёнида ишчи гуруҳ аъзолари — депутатлар давлатимиз раҳбарининг коронавирус пандемияси муносабати билан қабул қилинган Фармон ва қарорларида кўзда тутилган имтиёзлар ва енгилликлар жойларда қандай татбиқ этилаётганлиги, ҳудудларда камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги аҳвол, пандемия даврида фуқароларнинг соғлиғини муҳофаза қилишда тиббий хизматлардан аҳолининг фойдаланиш имкониятларини ўрганишди.

Ушбу ўрганиш жараёни жойларда секторлар раҳбарлари томонидан олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишиш имконини берди.

Хўш, секторлар тизими бизга нима берди?

Маҳаллий ҳокимият вакилларининг фикрича, секторлар тизими бундан уч йил олдин йўлга қўйилмаганида ҳозирги  синовли дамларда маҳаллий ҳокимият пандемия оқибатларини бартараф этиш билан бир пайтда иқтисодиётни тиклаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш борасида самарали фаолият юрита олмаган бўлар эди.

Янги тизим ташкил этилганига уч йилча вақт ўтди. Мана шу даврда аҳоли билан ишлашнинг бутунлай янги тартиби жорий этилди. Ушбу тизимнинг ички механизми ва имкониятлари пандемия шароитида синовдан ўтди ва ўзининг ҳаётийлиги ва самаралилигини яққол исботлади. Бундан иккинчи хулоса шуки, секторлар тизими маҳаллий бошқарув органлари, прокуратура, ички ишлар ва солиқ органлари раҳбар ва ходимларининг ҳудудда кечаётган жараёнларга бўлган муносабати ва дунёқарашини кескин ўзгартирди, десак муболаға бўлмайди. Ушбу органлар ўртасидаги муносабатларни бундан тўрт-беш йил олдинги даврга қиёслаб бўлмайди. Авваллари туман ёки шаҳар ҳокими бирор бир тадбиркорга кўмак беришга чўчир эди. Тадбиркор икки уч маротаба ҳоким билан мулоқотда бўлса, ҳоким – бунга прокурор ёки бошқа ҳуқуқ тартибот органлари қандай қараётган экан, деб ҳушёр тортар эди. Солиқчи эса нима бўлса ҳам тушумни бажарсам, “юқори”дан гап эшитмасам бўлди, деб тадбиркорни “охирги тишини” ҳам суғуриб олишга тайёр турарди. Энди вазият мутлақо ўзгача. Тўртала орган раҳбар ва ходимлари туман ёки шаҳарда юзага келган ижтимоий-иқтисодий ҳолатга, унинг ўнгланишига ва пировард натижаларига бир хил кўз билан қарашга мажбур. Амалдаги тизим буни тақозо қилади.

Депутатлар томонидан ўрганиш натижалари шуни кўрсатмоқдаки, қайси ҳудудда секторлар иши тўғри йўлга қўйилган бўлса, ўша жойда тўртала орган ўзларининг бевосита вазифаларини ҳам самарали ва адолатли бажаришда давом этмоқда, давлат органлари ва аҳоли ўртасида ҳам ўзаро яқинлик ва ишончли ҳамкорлик ўрнатилмоқда.

Лекин ҳамма жойда ҳам натижа бир хил, деб бўлмайди. Ўрганишлар давомида аҳоли ва тадбиркорлар томонидан кўтарилган кўплаб муаммолар депутатлар томонидан жойида ҳал қилинди. Хусусан, ҳудудларда секторлар томонидан “темир дафтар”’га киритилган мингдан зиёд хонадоннинг ижтимоий ҳолати, 500 га яқин тадбиркорлик субъекти, 155 та ижтимоий соҳа объекти, 140 та бозор ва савдо мажмуасининг фаолияти ўрганилди. Уларда аҳоли ва тадбиркорлар томонидан 296 та масала кўтарилиб, шундан депутатлар томонидан амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида 220 таси (74 фоиз) жойида ҳал этилди.

Қолган масалалалар ва аниқланган муаммолар жорий йилнинг 26-30 июнь кунлари Олий Мажлис Конунчилик палатаси Кенгаши йиғилишларида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ҳокимлари, секторлар раҳбарлари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари иштирокида видеоконференцалоқа тарзида атрофлича муҳокама қилинди.

Депутатларнинг жойларда секторлар фаолиятини ўрганишдан асосий хулоса шу бўлдики, амалдаги аҳоли ва тадбиркорларнинг муаммоларини тезкор ва самарали ҳал этиш мақсадида ташкил этилган тизим самарали эканлигини пандемия шароитида тўлиқ исботлади.

Пандемия шароитида иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва даромадлар кескин пасайиб кетишининг олдини олиш борасида жойларда ташкил қилинган ишлар тизимли равишда рўёбга чиқарилаётган бўлса, ўша жойда натижа ҳам ижобий бўлмоқда. Кенг жамоатчилик Президентимизнинг бу бўйича Фармон ва қарорларини нафақат якдиллик билан қўллаб-қувватламоқда, балки ушбу сиёсатнинг фаол ижросига айланмоқда.

 

Шарофиддин НАЗАРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш