ЎЗИНИ АСРАГАН МИЛЛАТНИ АСРАЙДИ

 

Абу Али Ибн Сино ўзининг “Тиб қонунлари” асарида “Руҳ – шамчироққа, билим ана шу шамчироқдан таралаётган ёғдуга ўхшайди. Шамчироқ ёнишдан тўхтамас экан – сен тириксан. Агар у ўчса – сен ҳалок бўласан”, деган фикрни илгари сурганлар. Бугунги мураккаб вазиятда ҳаёт, деб аталмиш буюк саодатни асрашимиз, саломатлигимиз тўғрисидаги билим ва кўникмаларимизга амал қилишимиз ана шу шамчироқдан таралаётган ёғду мисолидир.

Ўзбек халқи азал-азалдан ўзининг тартиблилиги, темир интизомлилиги, метин иродалилиги ва шу билан бирга, меҳр-оқибатлилиги билан ажралиб келган. Коронавирус сабаб юртимизда карантин чоралари кўрилганига ҳам 5 ой бўляпти. Тарих учун бу муддат қисқа бўлиши мумукин, аммо башарият сабру тоқатини синовдан ўтказа оладиган мураккаб кунлар барчамизга ибрат мактабини ҳам ўтади, десак янглишмаган бўламиз. Айни кунларда бутун ер шари аҳолиси синовли кунларни бошдан ўтказмоқда. Коронавирус пандемияси глобал фожиага айланиб улгурди. Мана шу вазиятда маърифатли, илғор миллатларнинг умумий фазилатлари бағрикенглик, ижтимоий бирдамлик, ўзаро ҳурмат сифатлари намоён бўлмоқда.

Вирус тарқалганидан кейин ҳар куни ойнаи жаҳон орқали карантин пайтида нималарга риоя қилиш зарурлиги ҳақида ижтимоий роликлар эфирга узатиляпти. Бундан ташқари, ижтимоий тармоқлар, интернет сайтлари орқали ҳам турли хабарлар тарқатиляпти. Бироқ, тан олиш керак-ки, сўнгги кунларда аҳоли орасида карантин қоидалари юмшатилгандан сўнг, бироз бепарволик сабаб касаллик янада авж олди.

Яна бир жиҳатга эътиборингизни қаратмоқчиман. Пандемия вақтида жуда кўплаб тадбирлар ва маросимларга чек қўйилди, оилавий маросимлар, тўй ҳашамлар ҳам 30 кишилик этиб белгиланди. Бироқ карантин қоидаларига амал қилмасдан, ўзбошимчалик билан оилавий тантаналарда карантин қоидаларини қўпол равишда бузган юртдошларимиз ҳам учраб турибди. Бундай ҳолатлар нафақат ўзимиз учун, балки  ўзгалар учун ҳам хавф хатар туғдиради.

Ҳозирги вақтга келиб, мамлакатимизда коронавирус инфекциясига қарши курашиш, тарқалишининг олдини олиш ва аҳолини қўллаб-қувватлаш ва турмуш фаровонлигини ошириш, яшаш шароитини яхшилаш ҳамда бу касаллик билан боғлиқ бўлган нохуш ҳолатлардан ҳимояланиш давлатимиз сиёсатининг устувор вазифаларидан ҳисобланади.

Президентимиз раҳбарлигида ўтказилаётган ҳар бир видеоселектор йиғилишлар аввалида коронавирус инфекциясига қарши кураш доирасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталиб ўтиб, халқимизни бирдамликка, янада зийрак бўлишга, огоҳликка чақиряпти. УларнингБугунги мураккаб вазиятда барчамиз “Ўз соғлиғингни, ўз болангни, ўз оилангни ўзинг асра!” деган шиорга амал қилиб яшашимиз шарт. Айни вақтда ҳаётимизни нормал изга солиш, иқтисодиётимизни тиклаш учун пандемия шароитида яшаш ва меҳнат қилишга ўрганишимиз, барча эҳтиёт чораларини кўрган ҳолда, бу борада бошлаган ишларимизни темир интизом билан давом эттиришимиз керак”, деган сўзлари ҳар биримиз учун дастури амал бўлиши лозим.

Карантин қоидаларига тўлиқ амал қилиш, ўзимиз, оиламиз ва атрофдагилар соғлиғи муҳофазаси гаровидир. Бу эса биздан янада хушёрлик ва яқинларимизга эьтиборли бўлишни талаб қилади.

Ҳар бир инсоннинг саломатлиги ўз қўлида. Бутун дунёда минг-минглаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлаётган бундай хатарли офатга асло бепарво ва енгил қараб бўлмайди. Шифокорларимиз томонидан берилаётган тавсиялар, маслаҳатлар, олтинга тенг панду ўгитларни бугун фарзандларимизнинг, набираю абираларимизнинг қулоғига қуйишимиз керак.  Бугун ҳар биримиз кўнглимиздан сўрайлик, бундай балони тезроқ бартараф этиш учун нима қилмоқдамиз? Аслида вазифамиз оддий. Бир-биримизга меҳрли, оқибатли бўлайлик, бировларнинг кўнглини оғритмайлик,  шифокорлар тавсиясига қатъий амал қилайлик!

Зеро, билим ва илм билан йўғрилган умр шамчироғимиз ёнишдан асло тўхтамасин.  

Сайёра Файзиева,

Республика Маънавият ва маърифат маркази

Тошкент вилояти бўлими раҳбари,

халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси

← Рўйхатга қайтиш