Депутат: оилавий поликлиникалар негизида тезкор реанимацион гуруҳлар тузиш керак

Сўнгги кунларда айрим ҳудудларда коронавирус билан касалланиш ҳолатининг аҳоли орасида кескин ўсиб бораётганининг гувоҳи бўляпмиз. Бу бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари тизимини касалликларнинг олдини олиш, аҳоли ўртасида профилактика ва патронаж ишларига етарли даражада улгурмаяпти, деб баҳолашга асос бўлади.

Чунки, айрим оилавий поликлиникалар ва қишлоқ оилавий поликлиникалари аҳоли яшаш пунктларидан олис манзилда жойлашган. Натижада аҳолига тиббий хизмат кўрсатишда, касалликларнинг олдини олишда, минг афсуски,  кечикиш ҳолатларини юзага келмоқда.

Фикримча, ҳозирги кундаги вазиятдан келиб чиқиб, 2017 йил 29 мартдаги ПҚ-2857-сонли қарорга асосан фаолияти тугатилган 658 та ҚВПлар ҳамда ҳозирги кунда фаолият олиб бораётган барча ҚВПлар ва оилавий поликлиникалар негизида тезкор реанимацион гуруҳлар тузиш зарур. Улар ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинидагиҳ ҳолат билан ҳар куни танишиб чиқиши, керак бўлса, тест олиш учун мутахассисларни тайёрлаш тизимларини йўлга қўйиш керак, деб ўйлайман.

Айниқса, фертил ёшидаги ва ҳомиладор аёллар, болалар, шунингдек, ўзгалар ёрдами ва ижтимоий ҳимояга муҳтож ёлғиз кексалар, ногиронлар, сурункали касалликка чалинган ва бошқа шахслар ўртасида патронаж ишларини мунтазам олиб боришни ташкил этиш зарур. Бу – бугуннинг талаби.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда ҳудудлардаги бошқармалар вазият бунданда мураккаблашмасдан туриб, барча зарурий чораларни кўришига умид қиламиз.

Дилбар Мамажонова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси

 

← Рўйхатга қайтиш