Аёллар ҳуқуқлари қонун ҳимоясида

Гулшан АСАТОВА, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш сектори мудири:

— Бугун юртимизда хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқларини, қонуний манфаатларини таъминлаш, қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариш, бир сўз билан айтганда, опа-сингилларимизни жамиятнинг тенг ҳуқуқли, фаол ва бунёдкор аъзосига айлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Аёллар муаммоларини бартараф этишга, уларнинг ҳақ- ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, оила ва жамиятдаги нуфузини оширишда республикамиздаги мавжуд барча вазирлик ва идоралар кенг жалб қилинаяпти, бугун аёллар масалаларига барча ташкилотлар ва уларнинг раҳбарлари бошқача кўз билан, яъни ижобий ва жиддий қарашмоқда. Бундай ёндашув амалий ва самарали натижаларни бермоқда, хотин-қизларнинг яхши яшаши, меҳнат қилиши учун барча шароит ва имкониятлар яратилмоқда. Куни кеча Президентимиз томонидан тасдиқланган “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида"ги қонун фикримга яққол мисол бўла олади.Бу эса бугунги кунда юртимизда аёлларга эътибор ҳар қачонгидан ҳам юксакларга кўтарилганлигидан далолат беради.

Мазкур қонунда жамият ва давлат ишларини бошқариш, сайлов жараёни, соғлиқни сақлаш, таълим, илм-фан, маданият, меҳнат ва ижтимоий ҳимоя, шунингдек, давлат ва жамият ҳаётининг бошқа соҳаларида аёллар ва эркакларнинг тенг иштироки кафолатланган.

Бундай имконият, бундай эътибор албатта ҳар бир аёлда мехнатга, ўз иқтидор ва қобилиятини рўёбга чиқаришга, янги ғоялар устида ишлашга, ташаббускорлик кўрсатишга иштиёқ ҳамда келажакка ишонч уйғотади. Янги-янги ютуқ ва марралар сари етаклайди. Хотин-қизларни янгича ёндашув, янгича ғоя ва янгича ташаббуслар билан чиқишларига ундайди.

Қонунда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг гендер-ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши белгиланган. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлари ҳамда имкониятларини таъминлаш принципига мос келмаслиги аниқланган тақдирда, гендер-ҳуқуқий экспертиза хулосаси ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилган органга кўриб чиқиш учун юборилади.

Мазкур ҳужжат билан хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш соҳасидаги давлат бошқаруви органларининг ваколатлари алоҳида-алоҳида белгилаб берилган. Бундан ташқари давлатнинг раҳбарлик лавозимларига илгари суриш чоғида жинс бўйича камситишга йўл қўйилмаслик принципи таъминланиши кафолатланган. Кўриниб турибдики, аёлларни раҳбар лавозимларга тайёрлаш олдимизда турган муҳим вазифалардан бири ҳисобланади, бу эса сиёсий партиялар зиммасига ҳам алоҳида масъулият юклайди.

Қонунда сиёсий партиялар томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлигига номзодлар кўрсатишда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминланиши белгилаб қўйилди. Бу йилги сайловларда депутатликка кўрсатиладиган номзодларнинг 50 фоизини хотин-қизлар ташкил этишини таъминлашимиз лозим.

Шунингдек, оилавий муносабатлар ва болаларни тарбиялашда аёллар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқ ва имкониятларга эга эканлиги белгиланди.

Меҳнат муносабатларида ҳам эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлари ҳамда имкониятлари таъминланади.

Иш берувчиларга бўш иш ўринлари тўғрисидаги эълонларда (рекламада) фақат бир жинс вакилларига иш таклиф қилиш, жинслардан бирига устунлик бериб, турлича талаблар қўйиш, ишга жойлашаётган шахслардан ўз шахсий ҳаёти, фарзандли бўлиш борасидаги режалари ҳақида маълумотларни талаб қилиш таъқиқланади.

7 боб, 32 моддадан иборат бўлган мазкур қонун билан хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш соҳасидаги муносабатлар тартибга солинган. Бу ҳужжатни ҳар бир аёл ўқиб ўрганиши, ўзига берилаётган ҳуқуқ ва имкониятларни тўлиқ билиб олиши муҳим ҳисобланади.

Берилаётган бундай имкониятларга шукрона айтиб, масъулиятни ҳис этган ҳолда, мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳар бир жараёнда фаол иштирок этмоғимиз лозим. Аёл фаол бўлса, миллат баркамол бўлади, миллат келажаги ҳам аёллар қўлида. Шундай экан биз аёллар миллатимиз, жамиятимиз келажаги учун бор куч, билим ва имкониятимизни сафарбар қилишимиз лозим.

Зеро, оиладаги тотувликни, жамиятдаги барқарорликни, юртдаги осойишталикни, бир сўз билан айтганда, дунёдаги мувозанатни ҳам сақлаб турадиган аёлдир.

← Рўйхатга қайтиш